Юракни соғлом сақлаш учун нималарни ейиш керак?

Юракни соғлом сақлаш учун нималарни ейиш керак?

Халқаро олимлар гуруҳи юрак-қон томир касалликларидан ҳимояланишнинг оддий ва таъсирчан усулини аниқлади. Тадқиқот натижаларига кўра, таркибида флаваноллар деб аталувчи фойдали биологик моддалар кўп бўлган маҳсулотларни мунтазам истеъмол қилиш юрак хасталикларидан вафот этиш хавфини сезиларли даражада пасайтиради. Бу ҳақда “Корреспондент” нашри маълум қилди.

Рединг ва Калифорния университетлари, Гарвард тиббиёт мактаби ҳамда Mars, Inc. компанияси мутахассислари АҚШ ва Буюк Британияда истиқомат қилувчи 30 мингдан ортиқ инсоннинг овқатланиш тартибини таҳлил қилди. Ўрганишлар натижаси кўпчилик одамлар юрак ва қон томирлари фаолияти учун муҳим аҳамиятга эга бўлган флаванолларни етарли даражада қабул қилмаётганини кўрсатди.

Тадқиқотнинг етакчи муаллифи доктор Ҳавер Оттавянининг таъкидлашича, юрак саломатлигини сақлаш учун ҳар қандай мева ёки сабзавотни кўп истеъмол қилишнинг ўзи етарли эмас. Унинг фикрича, турли маҳсулотлардаги флаваноллар миқдори кескин фарқ қилади. Шу боис организм учун юқори ҳимоя таъсирига эришиш мақсадида айнан қайси маҳсулотларни танлашга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Мутахассислар флаванолларга бой маҳсулотлар қаторида олхўри, маймунжон, кўк чой, кўк нўхат, ловия, гилос, олма, қулупнай, черника ҳамда пинто ловиясини қайд этган. Уларни рационга мунтазам киритиш юрак-қон томир тизими учун сезиларли фойда келтириши мумкин.

Рединг университети профессори Гюнтер Кунленинг сўзларига кўра, ҳар куни камида беш порция мева ва сабзавот истеъмол қилиш ҳақидаги тавсия ҳануз ўз аҳамиятини йўқотмаган. Бироқ замонавий тадқиқотлар маҳсулотларнинг фақат миқдори эмас, балки таркиби ва озуқавий қиймати ҳам муҳим эканини кўрсатмоқда.

Олимлар мазкур фойдали модданинг инсон саломатлигига таъсирини янада чуқурроқ ўрганишда давом этмоқда. Мутахассислар бу каби тадқиқотлар келажакда юрак хасталикларининг олдини олиш учун янада самарали ва аниқ овқатланиш тавсияларини ишлаб чиқишга хизмат қилишини таъкидламоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Aziza Shukhratova
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар