Россия бўйлаб юқори тезликдаги интернет: яна 16 та сунъий йўлдош учирилди

Россиянинг интернет сунъий йўлдошлари гуруҳи яна 16 та янги аппарат билан тўлдирилди. Бу ҳақда мамлакат раҳбарияти маълум қилди. Гарчи лойиҳанинг аниқ номи очиқланмаган бўлса-да, гап катта эҳтимол билан “Рассвет” тизими ҳақида бормоқда. Ушбу тизимнинг дастлабки 16 та аппаратдан иборат партияси шу йилнинг март ойида орбитага чиқарилган эди. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Ҳозирги вақтда сунъий йўлдошлар гуруҳини кенгайтириш масаласи устувор вазифа бўлиб қолмоқда. Расмий маълумотларга кўра, мавжуд аппаратлар сони бутун мамлакатни сифатли алоқа билан таъминлаш учун мутлақо етарли эмас. Шу сабабли, асосий эътибор коинотдаги сунъий йўлдошлар туркумини янада кўпайтиришга қаратилади.
Режага кўра, орбитада “Рассвет” тизимининг 30 тадан ортиқ сунъий йўлдоши бўлиши керак. Ўтган ҳафтада биринчи гуруҳга тегишли аппаратлардан бири атмосферада ёниб кетгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Агар иккинчи гуруҳ аппаратлари билан боғлиқ кўнгилсизликлар юз бермаса, тизим жами 31 та сунъий йўлдошдан иборат бўлади.
Ушбу лойиҳа Россия ҳудудида юқори тезликдаги гигабит интернетни жорий этиш стратегиясининг бир қисмидир. Келажакда бундай сунъий йўлдошлар тармоғи чекка ҳудудларда ҳам барқарор алоқани таъминлаши кутилмоқда.





























Изоҳлар 0
…