265 метрлик туннелдан 45 миллион долларлик юк топилди

265 метрлик туннелдан 45 миллион долларлик юк топилди

Мексика хавфсизлик идоралари АҚШ билан чегара ҳудудида жойлашган йирик ерости туннелини фош қилди. Терговчиларнинг фикрича, ушбу махфий йўлак орқали гиёҳванд моддалар, қурол-яроғ ва бошқа тақиқланган юклар ноқонуний равишда ташиб келинган бўлиши мумкин.

Мексика Бош прокуратураси маълум қилишича, туннель 31 май куни Тихуана шаҳри яқинида аниқланган. Унинг АҚШ ҳудудигача етиб бориши эҳтимоли юқори баҳоланмоқда.

Дастлабки маълумотларга кўра, ерости йўлагининг узунлиги қарийб 265 метр, чуқурлиги эса 6 метрдан ортиқни ташкил этади. Эътиборлиси, туннель замонавий технологиялар билан жиҳозланган бўлиб, унда ёритиш тизими, ҳаво алмаштириш ускуналари ҳамда юкларни ташиш учун махсус электрон механизмлар мавжуд бўлган.

Тезкор тадбирлар давомида қиймати тахминан 45 миллион долларга баҳоланган 1029 килограмм кокаин, шунингдек, метамфетамин, марихуана, ўқ-дорилар ва турли ҳужжатлар мусодара қилинди.

АҚШ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ушбу операцияни мамлакатдаги энг хавфли жиноий гуруҳлардан бири саналган “Халиско – Янги авлод картели” фаолиятига берилган жиддий зарба сифатида баҳоламоқда.

Мазкур иш доирасида тўрт нафар гумонланувчи қўлга олинган. Уларга гиёҳванд моддалар савдоси ва ноқонуний туннеллардан фойдаланиш билан боғлиқ айбловлар қўйилган. Агар суд уларнинг айбини исботласа, гумонланувчилар умрбод озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Мексика прокуратураси маълумотларига кўра, туннель АҚШнинг Сан-Диего шаҳридаги кўчалардан бирига туташиши мумкин. Бироқ унинг Америка томонидаги аниқ чиқиш нуқтаси ҳозирча расман тасдиқлангани йўқ.

Расмийлар икки давлат чегарасидаги ерости контрабанда тармоқларига қарши кураш янада кучайтирилишини билдирмоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Kamola Shuhratova
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар

265 метрлик туннелдан 45 миллион долларлик юк топилди – Zamin.uz, 03.06.2026