Томск, Киров ва Саратов областлари губернаторлари ҳамда Марий Эл раҳбари истеъфога чиқишини эълон қилди. Бу 2022 йил баҳоридаги дастлабки истеъфолар ҳисобланади. Яна бир губернатор эса сентябрдаги сайловларда янги муддатга ўз номзодини қўймаслигини айтди. Бу йил Россия президентининг Украинага қарши бошлаган уруши ички сиёсатга соя солмоқда. ОАВ губернаторлик сайловлари уруш ва санкциялар сабабли бекор қилиниши ёки қолдирилиши мумкинлиги ҳақида ёзганди. Аммо ҳозирча бундай бўлмади. Сайловларга тўрт ой қолди.
Томск области
«20 январ куни 65 ёшга тўлдим. Барча эркаклар қалбан бола бўлсалар-да, барибир мен мамлакатдаги энг ёши улуғ губернаторларданман. Ва албатта, ёшларга йўл бўшатиш керак», дейилади Томск области губернатори Сергей Жвачкиннинг баёнотида.
Сергей Жвачкин
Жвачкин 2012 йил 17 мартдан буён губернаторлик қилиб келаётганди. Ундан олдинроқ у «Газпром» тузилмаларида ишлаган.
Губернатор президент Владимир Путин «унинг позициясини қўллаб-қувватлагани»ни айтди. Путин 69 ёшда.
Путин аввалги йилларда мунтазам тарзда губернаторларнинг истеъфоларини қабул қилиб келган, улар доим ўз ихтиёрлари билан ариза ёзишарди. Одатда кузги ва баҳорги губернаторлар истеъфоси тўлқини юз берарди. Жорий баҳор бошида истеъфолар бўлмади - 24 феврал куни Россия Украинага бостириб кирганди.
Киров области
Жвачкин ортидан Киров области раҳбари Игорь Васильев истеъфо ҳақида эълон қилди. У 60 ёшда.
Игорь Васильев
Путин 2016 йил июлда уни губернатор вазифасини бажарувчи этиб тайинлаганди. У кейинги йилги сайловларда ушбу лавозимга сайланди. Васильев коррупция иши бўйича ҳибсга олинган Никита Белих ўрнини эгаллади.
У ўз телеграм-каналида «ваколат муддати якунланиши яқинлашаётгани сабабли» бўшаётгани ва «ишини федерал миқёсда давом эттирмоқчи»лигини маълум қилди. Илгари Васильев Росреестрни бошқарган. У ҳам Жвачкин сингари Путин унинг қарорини қўллаб-қувватлаганини билдирди.
Саратов области ва Марий Эл
Истеъфога чиқиши ҳақида учинчи бўлиб Саратов области раҳбари Валерий Радаев эълон қилди. У Киров губернаторидан бир ёшга катта ва регионни 10 йил давомида бошқарди.
Валерий Радаев
Радаев қарори сабабини айтмади, фақат матбуот хизмати орқали яқинлашиб келаётган сайловларда ўз номзодини қўймаслиги ва «эътиборини бошқа йўналишга қаратиши»ни билдирди.
Тўртинчи бўлиб Марий Элнинг 63 ёшли раҳбари Александр Евстифеев истеъфога чиқишини маълум қилди. У 2017 йилдан буён эгаллаб турган лавозимини тарк этишини айтди. Муддатидан олдин истеъфога чиқиши сабаби ҳақида эса бошқалардан кўра камроқ маълумот берди: ваколат муддати тугагани сабабли (ваҳоланки муддат сентябрда тугайди).
Александр Евстифеев
Ҳозирча «ноллаштириш» йўқ
Шунингдек, сешанба куни Рязан областининг 50 ёшли губернатори Николай Любимов ҳам баёнот берди. У истеъфога чиқмайди, аммо янги муддатга номзодини қўймаслигини билдирди (у ҳам Евстифеев сингари 2017 йилдан буён губернаторлик қилаётганди).
Николай Любимов
Уч губернаторнинг ваколати губернаторлик сайловлари ўтказиладиган сентябрда тугаши керак эди. Ўтган йил сентябрида давлат думасига губернаторларга кетма-кет икки мартадан ортиқ сайланиш имконини бериш кўзда тутилган қонун лойиҳаси киритилганди. Лойиҳа ҳозирча биринчи ўқишда қабул қилинган.
Экспертлар бу ташаббус конституцияга киритилган ўзгаришлар туфайли 2024 йилдан кейин ҳам президентлик курсисида қолиш имкониятини қўлга киритган Путиндан кейин губернаторларга ҳам ўз муддатларини «ноллаштириш»га имкон беришига эътибор қаратишди.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши, хусусан, 2023 йилда ваколат муддатлари тугайдиган Москва мэри Сергей Собянин ва Москва области губернатори Андрей Воробьевга учинчи муддатга ўз номзодларини қўйиш имкониятини тақдим этади. Экспертлар Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ва Татаристон президенти Рустам Миннихановни ҳам ўз лавозимларини сақлаб қолиши мумкин бўлганлар қаторига киритишди.
Нега?
Жвачкин тузатишлардан фойдаланишга улгурмади. «Губернаторларнинг икки муддат ишлашини чеклайдиган қонун бор. Мен қонунларга риоя қилишга ўрганганман. Ҳеч қачон айланма йўлларни қидирмаганман ва бундай қилмоқчи эмасман», деди Жвачкин. Васильев фақат бир муддат губернаторлик қилган ва иккинчи марта сайланиш ҳуқуқига эга эди.
Сентябрда тўғридан тўғри губернаторлик сайловлари ўтказилиш-ўтказилмаслиги ҳалигача номаълум. Апрел охирида бирданига уч нашр - «Коммерсант», РБК ва «Ведомости» ўз манбаларига таяниб сайловлар кечиктирилиши ёки ҳатто бекор қилиниши мумкинлигини ёзганди. «Интерфакс» агентлиги манбаси Украинага бостириб кирилгани ва унинг ортидан «кескин санкциялар» киритилгани учун «мамлакатдаги вазият ностандартлиги»ни айтди. Унинг сўзларига кўра, «куч ва воситаларни сайлов кампаниясига сарфлаш мақсадга мувофиқ эмас».
Путин 27 апрел куни губернаторлик сайловлари музлатилиши тўғрисида эълон қилиши кутилганди, бироқ у бу мавзуда сўз очмади. Аммо эртаси куни Кремлнинг ички сиёсат бўйича бошқармаси раҳбари ўринбосари Владимир Мазур губернаторликка сайловлар процедурасини ўзгартириш бўйича маслаҳатлашувлар кетаётгани ва бу борадаги қарор «яқин кунларда» қабул қилиниши мумкинлигини айтди.
Шу билан бирга, ОАВ Мазурни Томск области губернатори лавозимига асосий номзод деб атаганди. РБК 55 ёшли бу амалдор регионга раҳбар бўлиши мумкинлиги ҳақида феврал бошидаёқ ёзганди.
РБК Жвачкиннинг истеъфосига унинг ёши ва 2020 йилдаги Томск шаҳар думасига сайловлардаги муваффақиятсиз натижасини сабаб қилиб кўрсатган. Ўшанда 27 округдан 19тасида Алексей Навалний қўллаб-қувватлаган номзодлар ғолиб бўлганди.
Васильев борасида эса Кремл Киров губернаторини регионни яхши бошқара олмаганликда айблаган ва унинг «жуда паст рейтинги» сабаб, деганди РБК суҳбатдошлари ўтган йил октябрда.
Сиёсий технологлар Радаевнинг ҳам истеъфога чиқишини тахмин қилган. Саратов губернатори янги муддатга номзодини қўймаслигини айтган. Ўн йил аввал давлат думаси спикери Вячеслав Володин Радаевнинг номзодини қўллаб-қувватлаганди, деб ёзган «Ведомости».
Марий Эл раҳбари тўғрисида РБК манбалари Евстифеев губернаторлик лавозимида ишлашни «мутлақо хоҳламаётгани»ни айтган, шу боис унинг истеъфоси эҳтимоли «100 фоизга яқин».
«Булар режали истеъфолар, куздан бери маълум эди»
«Илгари эҳтимолий ўзгаришларга шама сифатида қабул қилинган ва аҳоли томонидан маъқулланган истеъфолар тўлқини ҳозирги вазиятда бошланаётган кема ҳалокати исботи сифатида қабул қилиниши мумкин», - дея изоҳ берди сиёсатшунос Аббас Галлямов ўз телеграм-каналида.
«Булар режали истеъфолар, куздан бери столда турганди. Бешаласининг ҳам ваколати сентябрда тугайди. Алмаштирувлар феврал-апрелда бўлгани маъқул эди. Аммо маълум сабаблар туфайли чўзилди. Дарҳақиқат, уларнинг ҳеч бири ишни давом эттиришни истамади, ҳозир эса янада кўпроқ истамайди. Шундай экан, марказ ички сиёсатни эслай бошлади дейиш мумкин», деб ёзди сиёсатшунос Александр Кинев телеграм-каналида.
«Ҳамманинг ўз сабаби бор, умумий сабаб эса ротация чўзилиб кетди. Истеъфоларга махсус операциянинг алоқаси йўқ ва бу демарш эмас», дея қўшимча қилди у. “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда