Хитой сувларида жосус тошбақалар ва балиқлар шов-шувга сабаб бўлди

Хитой сувларида жосус тошбақалар ва балиқлар шов-шувга сабаб бўлди

Хитой Давлат хавфсизлиги вазирлиги чет эл разведка тузилмалари мамлакатнинг сув ҳудудларида янги турдаги кузатув усулларидан фойдаланаётгани ҳақида баёнот берди.

Вазирлик 12 июнь куни WeChat платформасида эълон қилган маълумотда, Хитой атрофидаги денгиз ҳудудларида “кўринмас уруш” ва махфий разведка фаолияти кучайгани таъкидланган.

Расмий баёнотга кўра, айрим хорижий идоралар сувости маълумотларини йиғиш учун турли замонавий қурилмалардан, шу жумладан сенсорлар ўрнатилган ҳайвонлардан ҳам фойдаланмоқда.

Вазирлик маълумотида “жосус тошбақалар” ва “жосус балиқлар” орқали сув муҳити ҳақидаги маълумотлар тўпланиб, улар реал вақтда сунъий йўлдош орқали узатилгани айтилган. Бу маълумотлар сув ҳарорати, шўрланиш даражаси ва океан оқимларини ўз ичига олган.

Бироқ расмийлар ушбу ҳайвонлар қаердан олингани ва уларни ким техник жиҳозлагани ҳақида аниқ маълумот бермаган.

Хитой томони, шунингдек, сувости маёқчалари ва тўлқин ҳаракати орқали ишлайдиган махсус “глайдер” қурилмалари ҳам аниқланганини билдирди. Улар ҳарбий кемалар ҳаракати ва сувости товушларини кузатиш учун ишлатилган бўлиши мумкинлиги таъкидланмоқда.

Маълумотда қайд этилишича, Жанубий Хитой денгизи, Шарқий Хитой денгизи ва Тайван бўғози атрофида разведка фаоллиги тез-тез кузатилмоқда.

Шу билан бирга, Хитой оммавий ахборот воситалари сув ҳудудларида шубҳали қурилмаларни топган балиқчиларга катта миқдорда пул мукофотлари берилаётганини ҳам маълум қилган.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Kamola Shuhratova
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар