14:00 / 05.03.2024
223

Германияда ЖЧ-2006 ташкилий қўмитаси аъзоларига қарши суд бошланди

Германияда ЖЧ-2006 ташкилий қўмитаси аъзоларига қарши суд бошланди
Фото: Istvan Bajzat/dpa/picture-alliance
Германиядаги жаҳон чемпионатидан деярли 18 йил ўтиб, Франкфурт-Майнда ушбу тадбирни ташкил этишдаги қоидабузарликлар бўйича суд бошланди. 4 март, душанба куни Гессен ер суди иш бўйича уч айбланувчи – Германия футбол ассоциацияси (DFB)нинг собиқ юқори мартабали амалдорларига нисбатан айблов эълон қилди.

DFB собиқ раислари Волфганг Нирсбах ва Тео Цванцигер, шунингдек, DFB собиқ бош котиби Ҳорст Шмидт ўта оғир иш бўйича солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда айбланмоқда. Прокуратура маълумотларига кўра, улар 2006 йилги жаҳон чемпионатини ташкил этиш доирасида нотўғри солиқ декларациясини топширишга буйруқ берган, бунинг натижасида умумий қиймати 13,7 миллион евродан ортиқ солиқ ва йиғимлар тўланмаган.

6,7 млн евролик баҳсли сумма

Бошқа нарсалар қаторида, гап йиллик молиявий ҳисоботда кўрсатилган 6,7 миллион евро миқдоридаги маросимни ташкил қилиш харажатлари ҳақида кетяпти. Бироқ, воқеа чемпионат давомида содир бўлмади ва бу пул ташкилий қўмитанинг ҳозирда вафот этган раиси Франц Беккенбауэрнинг 2002 йилда тадбиркор Роберт Луи-Дрейфусдан хусусий равишда олган қарзини тўлаш учун ишлатилган.

Прокурорларнинг сўзларига кўра, айбланувчилар солиқ декларацияларида нотўғри маълумотлар борлигини билган. Шунингдек, улар ташкилий қўмита маблағлари билан хусусий кредитни тўлаш DFB учун солиқ оқибатларига олиб келишидан хабардор бўлган, дейилади хулосада.

Уч нафар айбланувчининг адвокатлари маҳкамани танқид қилди. Улардан бири Швейцарияда 2021 йилда даъво муддати тугагани сабабли тўхтатилган Германия футболининг собиқ амалдорларига қарши иш олиб борилаётганига ишора қилиб, уни тўхтатишга чақирди. Унинг таъкидлашича, қонун бир айблов бўйича бир нечта ҳукм чиқаришни тақиқлайди. Барча адвокатлар оқланишга эришиш ниятида эканини айтди. Уларнинг таъкидлашича, солиқ тўлашдан бўйин товлаш бўлмаган ва тўловлар бизнес харажатлари эди.

Франкфурт суди аллақачон икки марта жараённи тўхтатган

Франкфурт-Майндаги ер суди бу иш бўйича ўтмишда икки марта, хусусан, айблов учун далиллар етарли эмаслиги сабабли суд жараёнини бекор қилган. Прокуратура талабига биноан суд жараёни давом эттирилди. Олий ер суди бошқа айбловлар илгари сурилгани туфайли ишни қайта тиклашни маъқуллади.

Иш доирасида Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) собиқ бош котиби Урс Линсига ҳам айбловлар қўйилган, бироқ жарима тўлаганидан кейин унга нисбатан суд жараёни тўхтатилган. Энди солиқ тўлашдан бўйин товлашда ёрдам берганликда айбланган Линси айблов учун гувоҳ сифатида ишлаяпти.

Швейцариядаги суриштирув

2020-2021 йилларда Швейцарияда Нирсбах, Шмидт, Цванцигер ва Линсига нисбатан худди шундай суд жараёни бўлиб ўтди. Бунга 2015 йилда Германия жаҳон чемпионатини ўтказиш ҳуқуқини ноинсоф йўллар билан қўлга киритгани ҳақида пайдо бўлган шубҳалар асос қилиб олинган. Нуфузли ҳафталик Der Spiegel нашри хабар беришича, Adidas компаниясининг ўша пайтдаги бош директори Роберт Луи-Дрейфус 2006 йилги жаҳон чемпионати ташкилий қўмитаси раҳбари Францу Беккенбауэрга 2002 йилда яширинча 6,7 миллион евро кредит берган.

Ишни ўрганган швейцариялик терговчилар Цванцигер, Шмидт ва Линси 2006 йилги жаҳон чемпионати ташкилий қўмитаси аъзоларидан 6,7 миллион евро тўлашнинг асл мақсадларини яширган, улар гуруҳ бўлиб фирибгарлик содир этишда, Нирсбах эса фирибгарликка ёрдам беришда айбланган, деган хулосага келди. 2021 йилда даъво муддати тугаганлиги сабабли жараён ёпилди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё