13:32 / 24.09.2024
29

Запорижжяда Россия зарбаси натижасида 21 киши яраланди

Запорижжяда Россия зарбаси натижасида 21 киши яраланди
Фото: Telegram / ivan_fedorov_zp
Украина жанубидаги Запорижжя шаҳрида 23 сентябр, душанбага ўтар кечаси Россиянинг зарбаси натижасида 21 киши яраланди. 13 та турар жой биноси, иккита болалар боғчаси ва бир нечта автомобил зарар кўрган, дея хабар беради Украина полицияси.

Ўз навбатида, Запорижжя области маъмурияти раҳбари Иван Федоров Telegramʼда Россия қўшинлари минтақада тўққизта ҳаво ҳужумини амалга оширганини ёзди. Россиянинг турли модификациядаги 209 та дронлари Гуляйполе, Новоданиловка, Новоандревка, Работино, Малая Токмачка, Левадное ва Малиновкага ҳужум қилди.

Украина оммавий ахборот воситаларининг таъкидлашича, рус қўшинлари биринчи марта Запорижжяга қирувчи самолётлардан учирилган ва ўнлаб километр узоқликдаги объектларни нишонга олган бошқарилувчи бомбалар билан ҳужум қилган. Юзлаб килограмм оғирликдаги бундай бомбалар аллақачон Харкив ва Украинанинг бошқа шаҳарларида катта вайронагарчиликларга сабаб бўлган. Украина ҳаво мудофааси маълумотларига кўра, Россия Украина ҳудудига тўртта УУА ҳам учирди, улардан учтаси уриб туширилди.

Херсон области ҳарбий маъмуриятининг Telegram-каналда маълум қилишича, Россия қўшинлари сўнгги 24 соат ичида Херсон областидаги 16 та аҳоли пунктини ўққа тутган. Отишма натижасида бир киши ҳалок бўлди, етти киши яраланди.

Украина дронлари Россия узра

Айни вақтда, Россия Мудофаа вазирлиги кеча тунда Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари Украина қуролли кучларининг тўртта учувчисиз учоғини Курск областида, яна тўрттасини Белгородда зарарсизлантиргани ҳақида хабар берди. Россия идораси маълум қилишича, Курск областидан 130 мингдан ортиқ аҳоли эвакуация қилинган, 21 август ҳолатига кўра, 31 киши ҳалок бўлган ва 143 киши жароҳат олган.

Ўз навбатида, Белгород области губернатори Вячеслав Гладков Украина дронларининг Губкин шаҳрига ҳужум қилганини маълум қилди. Оқибатда, амалдорнинг сўзларига кўра, автомобиллар ва учта кўп қаватли уйдаги ойналар шикастланган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Запорижжяда Россия зарбаси натижасида 21 киши яраланди