Трамп Вашингтонда American Airlines йўловчи самолёти ва армия вертолёти тўқнашуви оқибатида ҳеч ким омон қолмаганини маълум қилди. Самолётда 60 йўловчи ва экипажнинг тўрт нафар аъзоси, вертолётда эса уч нафар ҳарбий бор эди. АҚШ президенти кун охирида Оқ уйдаги брифингда чиқиш қилиб, Вашингтонда American Airline самолёти ва Black Hawk вертолёти ҳалокатидан ҳеч ким омон қолмаганини маълум қилди.
У бутун тун давомида кенг кўламли қидирув-қутқарув амалиёти ўтказилгани, унга барча мавжуд ресурслар жалб этилганини билдирган. «Бу мамлакатимиз пойтахтида ва халқимиз тарихида даҳшатли фожиа бўлган қоронғи ва оғриқли кеча эди. Бизни бевақт тарк этган ҳар бир киши учун қайғурамиз», — деган Трамп.
Қутқарувчилар Потомак дарёсида авиаҳалокат қурбони бўлган 40 кишининг жасадини ҳамда бир неча кишининг жасад қолдиқларини аниқлади, уларнинг айримлари соҳилга чиқиб қолган, деб хабар берган CBS телеканали. Телеканал манбаси бу маълумотларни маҳаллий вақт билан 30 январ куни соат 17:30 да (Тошкент вақти билан 31 январ куни соат 03:30) тақдим этган. Қутқарувчилар кун ботгани туфайли қидирув ишларини тўхтатишган ва кейинги куни давом эттиришган. Терговчилар ҳисоблашича, самолётдан хавфсиз чиқариб олиш мумкин бўлган жасадларнинг барчаси чиқариб олинган, аммо лайнернинг ҳозирда етиб бориш қийин бўлган дум қисмида яна бир неча кишининг жасад қолдиқлари қолаётган бўлиши мумкин. Терговчилар айрим жасадларни олиб чиқишнинг имкони бўлмаслигидан хавфсирамоқда, дея қўшимча қилган манба.
Ҳалокатга учраган самолётнинг қора қутилари Потомак дарёсидаги парчалар орасидан чиққан. Самолётнинг параметрик ва овоз ёзиш мосламалари 30 январ куни кечқурун топилган, деб хабар беради ABC New манбаси. Қора қутилар ўрганиш учун АҚШдаги авиация ҳодисаларини текширувчи Миллий транспорт хавфсизлик кенгаши лабораториясига юборилган. Ташкилотнинг X ижтимоий тармоғидаги аккаунтида бортнинг қайд этиш қурилмалари суратлари жойлаштирилган.
Йўловчи самолётда Россиянинг камида уч фуқароси бўлган. Бу ҳақда РФ ТИВ расмий вакили Мария Захарова 31 январ куни журналистлар учун ўтказилган брифингда маълум қилди. «Элчихонамиз маълумотларига кўра, ушбу самолёт ҳалокати қурбонларининг уч нафарида Россия паспорти бўлган. Яна бир киши, тўртинчи шахсда ҳам Россия фуқаролиги бўлгани ҳақида тахмин бор, бу маълумот текширилмоқда», — дея Захарованинг сўзларини келтирган ТАСС агентлиги.
Аввалроқ РФ элчихонаси Давлат департаментидан Вашингтондаги авиаҳалокатда ҳалок бўлган россияликлар тўғрисидаги маълумот кутаётганини хабар қилганди. Associated Press маълумотига кўра, самолёт йўловчилари орасида америкаликлардан ташқари Хитой ва Филиппин фуқаролари ҳам бўлган.
Авиаҳалокат қурбонларининг 14 нафари фигурали учиш бўйича спортчилар бўлишган, деб хабар берган Skating Club of Boston спорт клуби директори Даг Зегиба. Унинг сўзларига кўра, йўловчиларнинг олти нафари ушбу клубга алоқадор эди — мураббийлар Вадим Наумов ва Евгения Шишкова, 16 ёшли спортчилар Спенсер Лейн ва Жинна Ҳан, шунингдек уларнинг оналари Кристин Лейн ва Жин Ҳан.
Вадим Наумов ва Евгения Шишкова
The Skating Club of Boston / AP / Scanpix / LETA
Аввалроқ Россия нашрлари ҳам самолётда россиялик фигурачилар — 1994 йил Россия терма жамоаси сафида фигурали учиш бўйича жуфтлик баҳсларида жаҳон чемпиони бўлган Вадим Наумов ва Евгения Шишкова бўлганини ёзганди. Улар 2017 йилдан Skating Club of Boston клубида мураббийлик қилишни бошлаган. Даг Зегиба уларни «энг яхши мураббийлар» деб атаган. Россиядаги Shot телеграм-канали самолёт бортида уларнинг ўғли, фигурали учиш бўйича АҚШ жамоаси сафида мусобақаларда иштирок этиб келаётган Максим ҳам бўлганини ёзганди, аммо AP маълумотига кўра, у олдинроқ бошқа самолёт билан учган.
АҚШ фигурали учиш ассоциацияси олдинроқ самолёт бортида бир неча фигурачилар, мураббийлар ва уларнинг оила аъзолари бўлганини хабар қилганди. «Ушбу спортчилар, мураббийлар ва уларнинг оила аъзолари Канзас штатининг Уичита шаҳрида фигурали учиш бўйича АҚШ чемпионати билан биргаликда ўтказилган Миллий ривожланиш лагерида қатнашиб уйга қайтаётган эди», дейилади федерация баёнотида.
Авиаҳалокат рўй берган куни Вашингтондаги аэропортда диспетчерлар етарли бўлмаган, деб хабар берди The New York Times газетаси АҚШ Фуқаро авиацияси федерал бошқармасининг (FAA) дастлабки ҳисоботига таяниб. Ҳисоботдан маълум бўлишича, навбатчи диспетчерлар сони «кун вақти ва трафик ҳажмига монанд даражада бўлмаган». Шу куни аэропортдаги навбатчи авиадиспетчер одатда икки киши шуғулланадиган ишларни ёлғиз ўзи бажарган.
Аэропорт ҳудудидаги вертолётлар ҳаракатини мувофиқлаштириш учун ҳам, учиб келаётган ва учиб кетаётган самолётлар учун ҳам бир диспетчер масъул бўлган, деб ёзади AP ҳам бошқарма ҳисоботига асосланган ҳолда. Кундузи бу иш билан икки диспетчер машғул бўлган, аммо, ҳаракат секинлашгач, бу ишларга биргина диспетчер қолган. Одатда бундай смена соат 21:30 дан бошланган, аммо шу куни диспетчерларнинг роли эртароқ бирлаштирилган (самолёт ва вертолёт тўқнашуви соат 20:47 атрофида рўй берган).
Бундан ташқари, The New York Times қайд этишича, American Airlines самолёти учувчилари авиаҳалокатдан бироз олдинроқ қўниш йўлагини ўзгартириш ва аэропортнинг асосий учиш-қўниш йўлакларидан бирига эмас, балки нисбатан қисқароқ йўлагига қўнишни сўрашган.
Армия вертолёти йўловчи самолётга урилганининг сабаби керагидан юқорироқда парвоз қилганидир, деб ёзади The New York Times. Вертолётларга Рейган аэропорти яқинида 61 метрдан юқори бўлмаган масофада учишга рухсат берилади, аммо тўқнашув пайтида у 91 метрдан баландроқда бўлган. American Airlines бош директори Роберт Исом вертолёт унга келиб урилганида самолёт одатий қўнишни амалга ошираётган бўлганини айтган.
Аввалроқ аэропорт диспетчери ва вертолёт учувчиси мулоқоти расшифровкаси эълон қилинганди, унга кўра тўқнашув арафасида диспетчер Black Hawk экипажидан шундай сўраган: «PAT 2-5, сиз CRJ [самолётини] кўряпсизми? CRJ ортидан ўтинг». Аммо бунга жавоб қайтарилмаган, Black Hawk экипажи буйруққа риоя этмаган. АҚШ армиясидагилар маълум қилишича, вертолёт учувчилари ҳар куни кечқурун амалга ошириладиган машғулот парвозида бўлган, экипаж эса тажрибали пилотлардан таркиб топганди.
Авиация соҳаси экспертлари анчадан буён Вашингтон устидаги ҳаво кенглиги тиғиз бўлгани туфайли авиаҳалокат рўй бериши мумкинлигидан огоҳлантириб келарди, деб ёзади Associated Press. Агентлик билан суҳбатда бўлган экспертларнинг сўзларига кўра, пик вақтларда аэропортдаги тирбандлик ҳатто тажрибали учувчилар учун ҳам муаммо туғдирган, улар бошқа юзлаб йўловчи самолётлар, ҳарбий авиация ҳамда муҳим объектлар атрофидаги тақиқланган зоналарни инобатга олиши керак бўлган.
АҚШ президенти Доналд Трамп авиаҳалокат учун Федерал фуқаролик авиацияси бошқармасида (FAA) йўлга қўйилган, ишга ёллашдаги хилма-хиллик сиёсатини айблади. Трамп 30 январ куни кечқурунги баёнотида шундай деган. The New York Times нашри ёзишича, президент авиаҳалокатда ўзидан олдинги президентлар — Жо Байден ва Барак Обамани ҳам айблаган, унинг фикрича, улар томонидан тарғиб қилинган турли хиллик, тенглик ва инклюзивлик сиёсати ҳаво кенглигида муаммоларга олиб келган. У ҳеч қандай далил келтирмаган ҳолда авиадиспетчерлар учун стандартлар жуда юмшоқ бўлганини айтган. Унинг сўзларига кўра, Обама даврида FAA гўёки ходимларнинг «жуда оқ танли» эканлиги ҳақида директива чиқарганди.
NYT қайд этишича, Трамп журналистлар учун брифинг чоғида қисқача қилиб ҳалокатда армия вертолёти учувчилари айбдор эканини айтган, аммо кейин ишга қабул қилишдаги хилма-хиллик дастурлар мавзусига қайтган. Журналистлардан бири ундан терговчилар авиаҳалокат сабабларини ўрганишни эндигина бошлаганига қарамай, нима учун бундай хулосага келганини сўраганида, АҚШ президенти шундай деган: «Мен соғлом фикрлаяпман, кўпчиликда эса бундай эмас. Биз истардикки, бундай ишлар билан доҳиёна одамлар шуғуллансин. Айрим иш турлари учун бизга юқори малакали мутахассислар керак». Унинг фикрича, авиадиспетчерлар «энг юқори зеҳнга эга одамлар» бўлиши лозим.
Федерал ҳукумат органларига ишга қабул қилишда «хилма-хиллик, тенглик ва инклюзивлик» (DEI, diversity, equity, inclusion) дастурлари мавжуд эди. Трамп АҚШ президенти лавозимига қайтган илк кунидаёқ барча DEI дастурларини бекор қилди. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар