15:13 / 05.02.2025
98

АҚШ депортация қилинган мигрантларни Сальвадордаги қамоқхонага жўнатмоқчи

АҚШ депортация қилинган мигрантларни Сальвадордаги қамоқхонага жўнатмоқчи
Фото: Bloomberg
Сальвадор ҳукумати Қўшма Штатлар томонидан депортация қилинган муҳожирларни, шунингдек, зўравонлик жиноятлари учун ҳукм қилинган одамларни қабул қилишга ва уларни маҳаллий қамоқхонага жойлаштиришга рози бўлди. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берди.

АҚШ давлат котиби Марко Рубио ва Сальвадор президенти Найиб Букеле 3 февраль куни бўлиб ўтган учрашувда шундай келишувга эришди.

“Ҳозирда бутун минтақадаги вазиятни беқарорлаштираётган оммавий ноқонуний миграция тўлқинларига қарши курашишга қаратилган кўплаб келишувлар тузилди”, дейилади Вашингтондаги ташқи сиёсат идораси баёнотида.

Ушбу маълумотларга кўра, Букеле Сальвадорнинг МС-13 жиноий гуруҳи ва Венесуэланинг Трен де Арагуа гуруҳининг барча аъзоларини қабул қилишга рози бўлган.

“Ҳеч бир мамлакат ҳеч қачон қилмаган фавқулодда ишора сифатида президент Букеле ўз қамоқхоналарига хавфли америкалик жиноятчиларни, жумладан, АҚШ фуқаролари ва қонуний резидентларини жойлаштиришни таклиф қилди”, дея таъкидлади Давлат департаменти.

Салвадор АҚШдан келган жиноятчиларни мега қамоқхонага жойлаштиради

Ўз навбатида, Сальвадор президенти маълум бир тўлов эвазига АҚШдан келган жиноятчилар Salvador Cecot қамоқхонасига жойлаштирилишини айтди.

“Нархлар АҚШ учун нисбатан паст, аммо биз учун сезиларли бўлади”, деди Букеле.

40 минггача маҳбус сақланиши мумкин бўлган гигант Cеcоt қамоқхонаси икки йил олдин Сальвадорда уюшган жиноятчиликка қарши кураш доирасида очилганди. Шундан сўнг мамлакатда қотилликлар сони сезиларли даражада камайган.

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио лавозимга киришганидан кейин биринчи ишчи сафарини амалга оширмоқда. Сафар доирасида у Панама ва Сальвадорга ташриф буюрган. Шундан сўнг уни Гватемала, Коста-Рика ва Доминикан Республикасига бориши кутилмоқда. Ушбу мамлакатлар раҳбарияти билан музокараларда АҚШ президенти Дональд Трамп эълон қилган ноқонуний муҳожирларни оммавий депортация қилиш масаласи марказий ўрин тутади.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг