16:38 / 13.02.2025
130

Европа сиёсатчилари Трампнинг Путин билан музокаралари ҳақида нималар демоқда?

Европа сиёсатчилари Трампнинг Путин билан музокаралари ҳақида нималар демоқда?
Европадаги кўплаб сиёсатчилар чоршанба оқшомидаёқ АҚШ президенти Доналд Трампнинг Путин билан бўлажак учрашуви ҳақидаги сўзларига ҳамда Трамп ва унинг мудофаа вазири Пит Ҳегсетнинг Украина бой берган ерларни қайтариш нореаллиги ҳақидаги фикрларига муносабат билдиришди. Улардан бир қисми Украина ва Европасиз тинчлик музокаралари ўтказиб бўлмаслигини, бошқалари — музокаралар бошланмасидан бундай оғзаки ён бериш Украина ва Ғарб манфаатларига хиёнат қилиш эканини айтишмоқда.

Трамп Вашингтонда Путин билан суҳбати ҳақида гапираётган бир пайтда Париждаги учрашувда Европанинг етакчи давлатлари ташқи ишлар вазирлари урушни муҳокама қилишди. Якуний баёнотда улар ўз мамлакатлари Украинага ёрдамни кўпайтиришга тайёрлиги ва унинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

«Биз Украинага ёрдамимизни оширишга тайёрмиз. Биз Россиянинг ҳарбий тажовузи олдида унинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашимизни билдирамиз. Бизнинг умумий мақсадимиз — Украинани адолатли, кенг қамровли ва мустаҳкам тинчликка эришгунга қадар қўллаб-қувватлашда давом этишдир», — дейилади Франция, Германия, Полша, Италия, Испания ва Буюк Британия ташқи ишлар вазирлари, шунингдек, Европа Иттифоқи ташқи сиёсат ва мудофаа идоралари раҳбарлари баёнотида.

Йиғилиш иштирокчилари ўз нуқтайи назарларига кўра, Европа тинчлик музокараларида албатта иштирок этиши кераклиги ва буни америкалик иттифоқчилар билан муҳокама қилиш ниятида эканликларини таъкидлади.

«Украина мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги муҳокама қилинмайди. Бизнинг ҳозирги устувор вазифамиз Украинани кучайтириш ва таъсирчан хавфсизлик кафолатларини таъминлаш бўлиши керак. Европа ҳар қандай музокараларда марказий рол ўйнаши керак», — дея Европа Иттифоқи ташқи сиёсат идораси раҳбари, Эстониянинг собиқ бош вазири Кая Каллас Париж учрашуви якунларини сарҳисоб қилди.

Эстониянинг собиқ бош вазири, ҳозирда Евроиттифоқ ташқи дипломатияси раҳбари ҳисобланган Кая Каллас – европалик сиёсатчилар орасида Украинанинг энг фаол тарафдорларидан бири. Фото: EPA
Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Трампнинг баёнотларига изоҳ бераркан, алоҳида музокаралар олиб бориш мумкин эмаслигини алоҳида таъкидлади.

«Тинчликка фақат биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан эришиш мумкин. Яъни Украина ва европаликлар билан. Европага тинчлик қайтиши учун биз бу йўлдан биргаликда боришимиз керак», — деди Бербок Politico нашрига.

Полша бош вазири Доналд Туск ҳам худди шу руҳда фикр билдирди.

«Биз барчамиз фақат тинчликни истаймиз. АДОЛАТЛИ ДУНЁ. Украина, Европа ва АҚШ бу борада биргаликда ишлаши керак. БИРГАЛИКДА», — деб ёзди Туск Х ижтимоий тармоғида.

Швециянинг собиқ бош вазири, Халқаро муносабатлар бўйича Европа кенгаши ҳамраиси Карл Билдт Трамп ва Ҳегсетнинг баёнотларини 1938 йилда Мюнхенда Ҳитлер билан ўтказилган музокараларда Европа етакчилари амалга оширган ҳаракатлар билан таққослади — Трамп фойдасига эмас.

«Бу, албатта, музокараларга инновацион ёндашув — музокаралар бошланишидан олдин жуда катта ён беришлар қилиш. Ҳатто Чемберлен ҳам 1938 йилда бунчалик паст кетмаган эди. Ва ўша Мюнхен ёмон якунга эга бўлди», —деб ёзди Билдт Х ижтимоий тармоғида.

Трампнинг ички сиёсий мухолифи, демократ сенатор Адам Шифф президент ва мудофаа вазирини Украина ва АҚШ манфаатларига хиёнатда айблади.

«Келинг, ҳамма нарсани ўз номи билан атайлик: бу музокаралар бошланишидан олдин Украина манфаатлари ва бизнинг манфаатларимизни таслим қилишдир. Трамп, албатта, битимлар — Кремл фойдасига битимлар тузиш бўйича катта мутахассис», — деди Шифф твитида.

Анналена Бербок яқин вақтлар ичида Германия ТИВ раҳбарлигидан кетади: 23 феврал куни бундестаг учун сайловлар ўтказилади ва янги ҳукумат шакллантирилади. Фото: EPA
Латвия ташқи ишлар вазири Байба Браже Poitico нашрига берган интервюсида ҳар қандай тинчлик музокараларида Украина албатта иштирок этиши кераклиги, музокаралар муваффақиятли ўтиши учун Россияни уруш билан ҳолдан тойдириш зарурлигини таъкидлади.

«Тинчлик тўғрисида келишувга эришиш учун Россияни жанг майдонида заифлаштириш керак. Россия сиёсати, иқтисодиёти, дини, медиаси, хусусий сектор — буларнинг барчаси ҳозир урушга йўналтирилган. Шунинг учун Россияни тинчликка мажбурлаш керак», — деган Браже.

«Тинчликка йўл — бу Россия ҳарбий қудратининг пасайиши. Украина қудратига сармоя киритиш — бу дунёга сармоя киритишдир. Ва Россиянинг заифлашиши — бу дунёга инвестиция. Ва бу ерда санкциялар ва уларнинг муваффақиятли қўлланиши муҳим таркибий қисм ҳисобланади», — дея давом этган Латвия вазири.

Трампнинг партиядоши, республикачи конгрессмен Жо Уилсон ўз президентини қўллаб-қувватлаган, аммо шу билан бирга, АҚШ Россияга қарши санкцияларни ҳам, Украинага ҳарбий ёрдамни ҳам ошириши зарурлигини таъкидлаган.

«Президент Трамп — Келишув санъатига эга бўлган тажрибали музокарачи, — деб ёзди Уилсон, унинг твитига Интерфакс-Украина агентлиги эътибор қаратган. — Биз Россияга қарши кенг қамровли санкцияларни тайёрлаш ва Украинани тезда қуроллантириш учун ваколат бериш орқали унга максимум ричагларни тақдим этишимиз керак».

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг