Ўғлини сақлаб қолиш учун уйида дори тайёрлаган ота

2021 йилда Хитойда яшовчи Сюй Вейнинг ҳикояси бутун дунё эътиборини тортди. Кунмин шаҳрида истиқомат қилувчи 30 ёшли ота ўғли Хаоянга кам учрайдиган Менкес синдроми ташхиси қўйилгач, уни сақлаб қолиш учун тиббиёт ва кимёни мустақил ўрганишга киришди. Бу ҳақда Euronews хабар берди.
Мeнкес синдроми организмнинг мисни ўзлаштириши ва ундан фойдаланиш жараёнини бузадиган ирсий касаллик ҳисобланади. Хасталик, айниқса, ўғил болаларда кўпроқ учрайди ва оғир ҳолатларда беморлар одатда уч ёшгача яшамаслиги мумкин. Касалликнинг самарали давоси мавжуд эмас, бироқ мис препаратлари айрим ҳолатларда унинг ривожланишини секинлаштириши мумкин.
Шифокорлар Сюй Вейга ўғлига ёрдам бериши мумкин бўлган мис гистидини препарати Хитойда мавжуд эмаслигини айтган. COVID-19 пандемияси сабабли хорижга бориб даволаниш имконияти ҳам чекланган эди. Шундан сўнг ота интернетдаги, асосан инглиз тилидаги илмий ва тиббий материалларни таржима дастурлари ёрдамида ўрганиб, препаратни тайёрлаш йўлини излай бошлади.
Сюй Вей отасининг спорт залида кичик лаборатория ташкил қилиб, зарур ускуналарни харид қилди. Тахминан олти ҳафталик изланиш ва тажрибалардан сўнг у мис гистидинининг дастлабки намунасини тайёрлашга муваффақ бўлди. Препаратни аввал қуёнларда синаб кўрди, кейин эса ўз танасида текширди. Шундан кейингина уни ўғлига беришни бошлади.
Сюй Вейнинг айтишича, даволаш бошланганидан тахминан икки ҳафта ўтиб, ўғлининг айрим қон таҳлиллари яхшиланган. Бироқ мис гистидини касалликни тўлиқ даволайдиган восита эмас, балки унинг ривожланишини секинлаштириш ва айрим аломатларни енгиллаштиришга ёрдам берувчи препарат ҳисобланади.
Отанинг қатъияти кейинчалик биотехнология соҳасидаги мутахассислар эътиборини ҳам тортди. VectorBuilder компанияси ва Lantu тадқиқотчилари Менкес синдроми учун ген терапияси устида ҳамкорликда иш бошлади. Кейинчалик Хаоян ушбу йўналишдаги тажрибавий ген терапияси дастурида иштирок этди.
Сюй Вейнинг ҳикояси ноёб касалликларга чалинган беморлар учун даволаш усулларини излашда ота-оналарнинг қатъияти қанчалик катта аҳамиятга эга бўлиши мумкинлигини кўрсатди. Унинг мақсади нафақат ўз фарзандига ёрдам бериш, балки Менкес синдроми билан курашаётган бошқа болалар учун ҳам самарали даволаш усулларини топишга ҳисса қўшишдан иборат бўлди.






























Изоҳлар 0
…