Эронда блогерга ўлим жазоси берилди: иши жамоатчиликни ҳайратга солди

Эронда блогерга ўлим жазоси берилди: иши жамоатчиликни ҳайратга солди
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Эронлик блогер Марзиеҳ “Севда”
  • Эброҳими Шамсободий мамлакат Олий раҳбарини ҳақорат қилиш ва миллий хавфсизликка қарши медиа фаолияти олиб бориш каби айбловлар билан ўлим жазосига ҳукм қилинди.
  • У ҳарбий обект яқинидаги ҳудуднинг суратини олиб, уни Эрондан ташқаридаги медиа ташкилотига юборганликда ҳам айбланган.
  • Шамсободий ҳозирда Бандар-Аббос қамоқхонасида сақланмоқда ва кўп склероз каби бир нечта касалликлардан азият чекмоқда.

Эронда блогер Марзиеҳ “Севда” Эброҳими Шамсободийга ўлим жазоси берилгани хабар қилинди. У мамлакат Олий раҳбарини ҳақорат қилиш, миллий хавфсизликка қарши медиа ва тарғибот фаолияти олиб бориш ҳамда бошқа қатор айбловлар бўйича судланган. Бу ҳақда “Iran International” ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари маълумот берди.

Маълум қилинишича, Шамсободий ҳозирда Бандар-Аббос қамоқхонасида сақланмоқда. У Бандар-Аббос Инқилобий судининг 3-суди томонидан “ер юзида бузғунчилик” (“corruption on earth”) айби билан ўлим жазосига ҳукм қилинган.

Унинг ишида Олий раҳбарни ҳақорат қилиш, миллий хавфсизликка зид медиа ва тарғибот фаолияти билан шуғулланиш, “душман ҳукуматлар” манфаати учун разведка ва хавфсизлик фаолиятини амалга ошириш каби даъволар илгари сурилган.

Бундан ташқари, блогер ҳарбий объектга яқин ҳудудда ракета зарбаси теккан жойни узоқдан суратга олгани ва ушбу тасвирни Эрондан ташқарида фаолият юритувчи форс тилидаги медиа ташкилотига юборганликда ҳам айбланган. Ҳуқуқ ҳимоя ташкилотлари унинг ишида мазкур ҳолат ҳам далил сифатида келтирилганини билдирган.

Қизиғи, блогер қамоққа олинишидан аввал ижтимоий тармоқдаги саҳифасида тахминан 10 минг нафар обуначисига сўнгги мурожаатларидан бирини қолдирган. 23 февраль куни жойланган мазкур пост унинг ҳибсга олинишидан олдинги охирги публикацияси бўлган.

Ушбу ёзув қора фон устида оқ кабутар ва қизил атиргул тасвирлари билан берилган. Постда блогер ўз ишонган йўлини танлаганини билдирган. Мазкур ёзув ҳозир унинг судлангани ҳақидаги хабарлар фонида янада кўпроқ эътиборни тортмоқда.

Маълумотларга кўра, суд ўлим жазосидан ташқари унга 2 йилдан 5 йилгача бўлган қамоқ жазолари ҳам тайинлаган. Шунингдек, унинг мол-мулкини мусодара қилиш ва айрим давлат ҳамда жамоат хизматларидан фойдаланишини чеклаш ҳақида қарор қабул қилинган.

Шамсободийнинг адвокати ўлим жазоси ҳақидаги қарордан 23 август куни хабардор қилингани айтилмоқда. Айрим хабарларда ҳукмни Бандар-Аббос Инқилобий суди судьяси Ҳожаҳасанӣ чиқаргани қайд этилган.

Блогер ҳибсга олинганидан кейин 20 кун давомида якка тартибдаги камерада сақлангани ва сўроқ жараёнида қаттиқ босимга дучор бўлгани ҳақида ҳам маълумотлар тарқалган.

Шамсободий Арок шаҳрида туғилган, Теҳронда улғайган ва кейинчалик Бандар-Аббосда яшаган. Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари маълумотларига кўра, у бир неча йилдан буён кўп склероз билан ҳам яшаб келган. Унда псориаз, нарколепсия ва ошқозон санчиғи каби бошқа касалликлар ҳам борлиги хабар қилинган.

HRANA маълумотларига кўра, унинг соғлиғи қамоқда ёмонлашган. Манбада бир нечта касалликнинг бир вақтнинг ўзида мавжудлиги унинг қамоқдаги аҳволи юзасидан хавотирларни кучайтиргани айтилган.

Шамсободийга чиқарилган ҳукм Эронда сиёсий ва хавфсизлик билан боғлиқ ишлар бўйича ўлим жазолари қўлланиши ҳақидаги халқаро хавотирлар кучайган бир пайтга тўғри келмоқда.

Инсон ҳуқуқлари ташкилоти Iran Human Rights маълум қилишича, январь ойидаги намойишлар билан боғлиқ ҳолда ҳибсга олинган камида 29 нафар шахс март ойидан бери қатл этилган. АҚШда жойлашган Abdorrahman Boroumand Center эса 2026 йилнинг август ойи охирига қадар Эронда 950 та қатл ҳолатини ҳужжатлаштирганини билдирган. Ташкилот маълумотига кўра, қатл этилганлар орасида камида 20 нафар аёл ва 30 нафар намойиш иштирокчиси бўлган.

Айни пайтда HRANA Эрон қамоқхоналарида турли сиёсий, хавфсизлик ва намойишлар билан боғлиқ ишлар доирасида камида саккиз нафар аёл ўлим жазосини кутаётганини маълум қилган. Шамсободий ҳам ушбу рўйхатдаги шахслардан бири сифатида қайд этилган.

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар