Ернинг айланиши тезлашди: дунёда вақт тизими ўзгариши мумкин

Ернинг айланиши тезлашди: дунёда вақт тизими ўзгариши мумкин

Ернинг айланиш тезлиги ўзгариб бораётгани сабабли дунёда амалда бўлган вақт тизими келажакда ўзгариши мумкин. Олимлар жаҳон вақти Ернинг айланишига боғлиқ бўлмаган тизимга ўтказилишини таклиф қилмоқда. Бу ҳақдаги тадқиқот “Naked Science” нашрида эълон қилинди.

Қайд этилишича, ҳозирда дунёда 1972 йилдан бери мувофиқлаштирилган универсал вақт — UTC қўлланиб келинади. Мазкур вақт тизими атом соатлари асосида синхронлаштирилади. Бироқ Ернинг айланиш тезлиги доимий эмас. Шу сабабли атом вақти билан Қуёш вақти ўртасида муайян тафовут юзага келади.

Ушбу фарқни бартараф этиш мақсадида 1972 йилдан буён 27 марта “кабиса сонияси қўшилган. Яъни вақт тизимини Ернинг айланишига мослаштириш учун бир сониялик тузатишлар киритиб борилган.

Аммо сўнгги йилларда Ернинг айланиши тезлашгани сабабли вазият ўзгармоқда. Энди, аксинча, бир сонияни олиб ташлаш, яъни манфий “кабиса сонияси”ни жорий этиш зарурати пайдо бўлган.

Олимларни эса бундай ўзгаришнинг замонавий технологик тизимларга таъсири хавотирга солмоқда. Чунки ҳозиргача манфий “кабиса сонияси” амалиётда қўлланилмаган. Кўплаб компьютер дастурлари эса вақтга бир сония қўшилиши мумкинлигини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган.

Мутахассислар фикрича, бу коммуникация ва сунъий йўлдош навигацияси тизимларида кенг кўламли техник носозликлар келтириб чиқариши мумкин.

Маълумотларга кўра, муаммони ҳал қилиш учун олимлар атом вақтини Қуёш вақтидан ажратишни таклиф қилмоқда. Бундай ёндашувда икки вақт тизими аста-секин бир-биридан фарқ қилиб боради. Юзлаб йиллар ўтгач эса уларни “кабиса соати” ёрдамида яна бир-бирига мослаштириш мумкин бўлади.

Жорий йилнинг октябрь ойида Версаль шаҳрида Халқаро ўлчовлар ва тарозилар бюросининг бош конференцияси бўлиб ўтади. Унда “кабиса сонияси”нинг келажаги билан боғлиқ муҳим қарор қабул қилиниши мумкин.

Агар ушбу таклиф маъқулланса, янги тартиб 2027 йил 20 майдан амалга кириши кутилмоқда. Шундан сўнг “кабиса сониялари”дан фойдаланиш тўхтатилади ва атом вақти Қуёш вақтидан аста-секин узоқлашиб боради.

Ҳисоб-китобларга кўра, икки вақт тизими ўртасидаги фарқ тахминан 1000 йил ичида бир соатга етиши мумкин. Бу эса инсонлар кундалик ҳаётида сезилмаса-да, глобал технологик тизимлар учун муҳим ўзгариш ҳисобланади.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар