
Россиялик сайёҳлар ва Беларус фуқаролари учун Европа ҳудудларига саёҳат қилиш янада мураккаб бўлиши мумкин. Франция ҳамда Испания расмийлари бу давлатлардан бўлган шахслар учун виза режимини сезиларли даражада қатъийлаштирди. Бу ҳақда Россия сайёҳлик операторлари уюшмасига таяниб, “Deutschэ Wелле” хабар берди.
Эндиликда Франциянинг чекка денгиз ҳудудларига — хусусан, Француз Полинезияси, Янги Каледония, Уоллис ва Футуна, Гваделупа, Мартиника, Сент-Мартен, Сент-Бартелеми, Реюнён, Маётта, Франция Гвианаси, Сен-Пьер ва Микелон оролларига бориш истагидаги россияликлар ва беларуслар оддий C тоифали кўп марталик визадан фойдалана олмайди. Аввалгидек 6 ойлик визалар етарли бўлмайди. Эндиликда ушбу ҳудудларга кириш учун махсус ДФА визаси талаб қилинади.
Шунингдек, Испания ҳукумати ҳам Россия фуқароларидан ўз мамлакати аэропортларида транзит орқали ўтиш учун махсус транзит визасига эга бўлишни сўрамоқда. Бу эса саёҳатни режалаштираётган россияликлар учун қўшимча ҳужжатлаштириш вақти ва харажатларини англатади.
Янги чекловлар узоқ муддатли Д тоифали виза эгалари ҳамда Шенген ҳудуди ёки Европа Иқтисодий Ҳудуди доирасида яшаш рухсатномасига эга бўлганлар учун амал қилмайди.
Эслатиб ўтамиз, Европа Иқтисодий Ҳудуди таркибига Европа Иттифоқидан ташқари Исландия, Норвегия ва Лихтенштейн ҳам киради.
Мутахассислар фикрича, бу каби визавий чекловлар Россия ва Европа ўртасидаги дипломатик муносабатларнинг совуқлашаётганидан дарак беради. Айниқса, орол ва денгиз ҳудудларига йўл олиш истагидаги фуқаролар бундан катта ноқулайлик сезмоқда.
Шу билан бирга, туризм соҳасидаги мутасаддилар сайёҳларни сафар олдидан визавий талабларни пухта ўрганишга ва керакли ҳужжатларни олдиндан тайёрлаб қўйишга чақирмоқда. Акс ҳолда, йўлга чиқишнинг ўзи муаммо бўлиб қолиши мумкин. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар