Тайванда BTS чиптаси учун ибодат бошланди

Тайванда BTS мухлислари севимли гуруҳининг концертига чипта қўлга киритиш учун ноодатий усулни танламоқда. Чипталарга талаб ниҳоятда юқори бўлгани сабабли, кўплаб мухлислар анъанавий йўллардан ташқари руҳий ва диний йўлларга ҳам мурожаат қилишни бошлаган.
Хусусан, улар Тайпей шаҳридаги ибодатхоналардан бирига бориб, даоизм эътиқодидаги муҳаббат ва тақдир худоси — Юе Лаодан ёрдам сўрамоқда. Мухлислар ушбу масканга BTS'нинг рамзий ранги ҳисобланган бинафша рангдаги совғалар, гуруҳга оид турли маҳсулотлар, ҳаттоки стадион ўриндиқлари схемалари ва ўз тилаклари ёзилган қоғозлар билан ташриф буюрмоқда.
Улар қадимий эътиқодга кўра, Юе Лао афсонавий “қизил тақдир ипи” орқали инсонлар тақдирини боғлашига ишонади. Шу сабабли мухлислар ўзларини ноябрь ойида Каосюн шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган BTS концерти чипталари билан “боғлаш” умидида ибодат қилмоқда.
Мазкур ҳолат ижтимоий тармоқларда ҳам кенг муҳокамаларга сабаб бўлиб, айримлар буни самимий ишонч деб баҳоласа, бошқалар эса чипталар учун курашнинг қанчалик кескин эканини кўрсатувчи қизиқарли ҳолат сифатида изоҳламоқда.






























Изоҳлар 0
…