
Озарбойжон Фанлар академияси География институти мутахассисларига кўра, Каспий денгизида кузатилаётган сув сатҳининг пасайиши вақтинчалик ҳолат эмас. Аксинча, бу минтақанинг келажакдаги географик қиёфасини ўзгартириши мумкин бўлган кенг қамровли геодинамик жараёнларнинг бир бўлаги ҳисобланади. Бу ҳақда Minval ахборот портали хабар берди.
Олимлар сувнинг чекинишига асосий омил сифатида фаол тектоник жараёнларни кўрсатиб, Каспий денгизининг ўзи катта геологик ўзгаришлар зонасида жойлашганини таъкидламоқда.
Уларнинг таъкидлашича, Кавказ тоғлари ҳануз ўсишда давом этаётгани боис, денгиз атрофидаги тектоник фаоллик кучаймоқда ва айнан шу жараён сувнинг йилдан йилга ортга чекинишига сабаб бўлаяпти.
Институт илмий ходими Мирнух Исмоилов бу ҳақда шундай дейди:
«Каспий фаол тектоник минтақада жойлашган. Кавказда тоғ хосил бўлиш жараёни тугалланмагани учун сув сатҳи пасайишни давом эттирмоқда. Бундай жараёнлар эса жуда узоқ давом этади», — дейди у.
Мутахассиснинг фикрича, агар ҳозирги динамика сақланиб қолса, келажакда Каспий денгизи иккита алоҳида сув тизимига ажралиб кетиши эҳтимолдан холи эмас:
- шимолда — Дарбанд ботиғи,
- жанубда — Лянкаран ботиғи.
Ушбу бўлиниш тез содир бўладиган жараён эмас, аммо илмий ҳисоб-китобларга кўра, узоқ муддатли истиқболда деярли муқаррар.
Институтнинг яна бир ходими Элнур Жафаров эса сув сатҳи шунчалик пасайиши мумкинлигини таъкидлайдики, денгиз қирғоқ чизиғидан 30 километрдан янада орқага чекиниши эҳтимоли бор.
Мутахассислар фикрича, агар бу жараён давом этса, Каспий атрофидаги экологик муҳит, бандлик ва иқтисодий фаолиятга ҳам жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.