Хитойда боғчадаги болаларни заҳарлаган раҳбар умрбод қамалди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Хитойнинг Гансу провинсиясида боғча раҳбари Ли Ҳуейфанг, 247 нафар бола ва ходимнинг таркибида қўрғошин бўлган озиқ-овқатдан заҳарланишига йўл қўйгани учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
- Ошхона ходимлари таомларнинг кўринишини яхшилаш учун истеъмолга яроқсиз бўёқдан фойдаланган, натижада озиқ-овқатдаги қўрғошин миқдори хавфсизлик меъёридан 2000 бараваргача ошиб кетган.
Хитойда боғча раҳбари таркибида қўрғошин бўлган озиқ-овқатлар туфайли 200 дан ортиқ бола ва ходим заҳарлангани учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Ҳодиса мамлакатнинг Гансу провинциясидаги Тианшуи шаҳрида содир бўлган. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Маълум бўлишича, 2025 йил июль ойида боғчанинг 247 нафар тарбияланувчиси ва ходимининг қонида қўрғошин миқдори меъёрдан юқори экани аниқланган. Текширувда ошхона ходимлари таомларнинг кўринишини яхшилаш учун истеъмолга яроқсиз бўёқдан фойдалангани маълум бўлган.
Текширув болалар қизил ҳурмоли пирог ва колбасали маккажўхори булочкаларини еганидан кейин заҳарланиб, тиббий ёрдамга муҳтож бўлгани сабабли бошланган. Озиқ-овқат намуналарида қўрғошин миқдори белгиланган хавфсизлик меъёридан 2 000 бараваргача юқори экани аниқланган.
Суд боғча эгаси Ли Ҳуэйфангни зарарли озиқ-овқат тайёрлаш ва сотишда айбдор деб топиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган. Шунингдек, унинг 500 минг юанлик мол-мулки мусодара қилинган.
Боғчанинг ижрочи директори Чжи Жинглин 15 йилга қамалган ва 300 минг юан жаримага тортилган. Ишга алоқадор яна тўрт нафар ходим эса олти йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум этилган.
Текширув жараёнида айрим амалдорлар ва шифохона ходимлари таҳлил натижаларини сохталаштириш ҳамда пора олиш орқали воқеани яширишга урингани ҳам аниқланган.
Ҳодисадан сўнг Хитой таълим муассасаларида овқатланиш хавфсизлигини кучайтириш чораларини белгилади. Янги қоидаларга кўра, озиқ-овқатнинг ҳар бир янги партияси текширилиши, ун, гуруч ва ўсимлик ёғи эса марказлаштирилган харид тизими орқали олиниши керак.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, қўрғошиндан заҳарланиш болаларнинг мияси ва марказий асаб тизимига жиддий зарар етказиши мумкин.






























Изоҳлар 0
…