Иссиқкўл тубидан Қорахонийлар даврига оид ноёб тангалар топилди

Қирғизистондаги Иссиқкўл тубида X–XI асрларга оид Қорахонийлар даври тангалари топилди. Бу ҳақда археологик тадқиқотлар ҳамраҳбари, Россия Фанлар академияси Археология институти илмий ходими Максим Меньшиков маълум қилди.
Топилмалар кўл тубида жойлашган ўрта асрларга оид Тору-Айғир археологик мажмуасида олиб борилган навбатдаги сувости тадқиқотлари давомида аниқланган. Археологлар ушбу ҳудудни бир неча йилдан буён ўрганиб келмоқда.
Меньшиковнинг айтишича, топилган тангалар таркибида қўрғошин миқдори жуда юқори бўлиши мумкин. Дастлабки тахминларга кўра, металл таркибидаги қўрғошин улуши 90 фоизгача етган. Олим буни ўша даврда мис танқислиги юзага келгани билан изоҳламоқда.
Бундай таркибдаги тангалар жуда кам учраши билан эътиборга молик. Уларнинг материали мўрт бўлгани сабабли топилмалар яхши сақланмаган, тангалардаги ёзувларни ўқиш ҳам қийин.
Экспедиция давомида чўян қозоннинг бир қисми ва йирик сопол идишларнинг парчалари ҳам топилган. Бундан ташқари, археологлар Тору-Айғир мажмуаси ҳудудида пишиқ ғиштдан қурилган еттита ўрта аср иншоотини аниқлаган. Қирғизистон ҳудудида шу турдаги олтита иншоот аввалдан маълум бўлган.
Тадқиқотлар Россия География жамияти кўмагида олиб борилаётган халқаро сувости археология экспедицияси доирасида амалга оширилмоқда.
Экспедиция иштирокчилари асл топилмаларни Қирғизистондан олиб чиқолмагани сабабли, Москвадаги кулоллар уларнинг нусхаларини тайёрламоқда. Режага кўра, кузда ушбу нусхалар асл буюмларнинг фотосуратлари билан биргаликда кўргазмага қўйилади.































Изоҳлар 0
…