Япон олимлари нега сигирларни зебрага айлантирди ?

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Япон олимлари сигирларга оқ чизиқлар чизиш орқали уларни қон сўрувчи пашшалардан ҳимоя қилиш мумкинлигини аниқлади ва бу тадқиқотлари учун Иг Нобел мукофотига сазовор бўлди.
- Оқ чизиқлар билан бўялган сигирларга қўнадиган пашшалар сони 50 фоизгача камайган.
- Бу усул кимёвий воситаларга бўлган эҳтиёжни камайтириши мумкин, аммо бўёқнинг тез ювилиб кетиши уни кенг жорий этишга тўсиқ бўлмоқда.
Япониялик тадқиқотчилар сигирларга зебрани эслатувчи оқ чизиқлар чизиш орқали уларни қон сўрувчи пашшалардан ҳимоя қилиш мумкинлигини аниқлади. Ушбу ғайриоддий тадқиқот муаллифлари ҳазиломуз Ig Nobel мукофотига сазовор бўлишди.
Ig Nobel — дастлаб кулги уйғотадиган, кейин эса инсонларни ўйлашга ундайдиган илмий ютуқларни тақдирлаш учун таъсис этилган ўзига хос мукофот. У оддий пародия ёки шунчаки ҳазилдек туюлиши мумкин, аммо унга эришиш учун ҳам ҳақиқий илмий изланиш ва тажрибалар ўтказиш талаб этилади.
Бу йилги мукофотлардан бири Япониянинг Айти қишлоқ хўжалиги тадқиқот маркази олимларига топширилди. Улар сигирларга сув асосида тайёрланган бўёқлар ёрдамида зебрага ўхшаш оқ чизиқлар чизиб, бу усулнинг самарадорлигини текширишган.
Тажриба давомида оқ чизиқлар билан бўялган сигирларда қон сўрувчи пашшалар сони бошқа гуруҳларга нисбатан сезиларли даражада камайган. Қора чизиқлар чизилган ёки умуман бўялмаган сигирлар билан таққослаганда, оқ чизиқлар туширилган ҳайвонларга қўнадиган пашшалар миқдори 50 фоизгача қисқарган.
Оддий бўёқ чорвачиликдаги муаммони ҳал қила оладими?
Қон сўрувчи пашшалар қорамоллар учун энг зарарли ҳашаротлардан бири ҳисобланади. Улар ҳайвонларнинг ўтлаши ва озиқланишига халақит беради, шунингдек, уларда кучли стрессни келтириб чиқаради.
Бунинг оқибатида гўшт учун боқиладиган қорамолларнинг вазн олиши секинлашади, сут берадиган сигирларда эса сут маҳсулдорлиги пасаяди. Шу сабабли фермерлар чорвани ҳашаротлардан ҳимоя қилиш учун турли инсектицидлардан, яъни ҳашаротларга қарши кимёвий воситалардан фойдаланишади.

Бироқ бундай воситаларни кўп қўллаш бошқа муаммоларни ҳам келтириб чиқариши мумкин. Хусусан, ҳашаротларда кимёвий моддаларга чидамлилик шаклланиши, шунингдек, гўшт ва сут маҳсулотларининг зарарли моддалар билан ифлосланиш хавфи ортиши мумкин.
Япон олимлари таклиф қилган усул эса кимёвий воситаларга бўлган эҳтиёжни камайтиришга ёрдам бериши мумкин. Агар сигирларга оқ чизиқлар чизиш орқали пашшаларни ҳайвонлардан узоқроқ тутиш мумкин бўлса, бу фермерлар учун оддий ва нисбатан арзон муқобил ечимга айланиши эҳтимолдан холи эмас.
Олимлар зебралардан илҳом олишган
Япон тадқиқотчиларининг иши Венгрия, Испания, Швеция ва Швейцария олимларидан иборат халқаро гуруҳ ўтказган аввалги изланишларга ҳам асосланган. Ушбу тадқиқотларда оқ рангли отларга қон сўрувчи пашшалар тўқ рангли отларга нисбатан камроқ қўниши аниқланган.
Бу фарқнинг аниқ сабаби ҳозирча тўлиқ тушунтирилмаган. Бироқ натижалар етарлича аҳамиятли бўлгани учун олимлар мавзуни янада чуқурроқ ўрганишга қарор қилишган. Япон мутахассислари эса шунга ўхшаш таъсирни сигирларда ҳам кузатиш мумкинлигини текширишган.
Шундай бўлса-да, бу усулни фермер хўжаликларида кенг жорий этиш учун ҳали айрим тўсиқлар мавжуд. Сув асосидаги бўёқ бир неча ҳафтадан кейин ювилиб кетади. Демак, сигирларни мунтазам равишда қайта бўяшга тўғри келади, бу эса қўшимча вақт ва харажат талаб қилади.
Шунинг учун олимларга зебрага ўхшаш нақшни узоқ вақт сақлаб турадиган, ҳайвонлар учун хавфсиз ва фермерларга қулайроқ ечим топиш керак бўлади.
Ҳозирча бундай муаммо ҳал этилмаган экан, яйловларда зебрага ўхшаб кетадиган сигирларни кўриш эҳтимоли юқори эмас. Аммо кулгили кўринган бу тажриба чорвачиликда ҳашаротларга қарши курашишнинг янги усулларини ишлаб чиқиш учун муҳим илмий йўналиш бўлиши мумкин.






























Изоҳлар 0
…