33 мамлакат аҳолисига уруш ҳолатига тайёр туриш тавсия этилди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Дунёнинг 33 та давлати ўз фуқароларига эҳтимолий уруш, киберҳужумлар ва бошқа фавқулодда вазиятларга тайёр туришни тавсия қилмоқда.
- АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франсия, Япония, Канада, Мексика, Швеция, Норвегия, Ҳиндистон, Австралия ва Янги Зеландия каби мамлакатлар аҳолидан камида 72 соатдан 10 кунгача етадиган озиқ-овқат ва сув захирасини сақлашни сўрамоқда.
Newsweek нашри хабар беришича, дунёнинг 33 та мамлакати аҳолига эҳтимолий уруш, йирик киберҳужумлар ва бошқа фавқулодда вазиятларга тайёр туришни тавсия қилмоқда. Ушбу давлатлар қаторида АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Япония, Канада, Мексика, Швеция, Норвегия, Ҳиндистон, Австралия ва Янги Зеландия каби мамлакатлар бор.
Кўпчилик давлатлар фуқароларга камида 72 соатга етадиган озиқ-овқат ва сув захирасини тайёрлаб қўйишни маслаҳат берган. Франция, Буюк Британия, Канада, Япония, Мексика ва Нидерландияда уч кунлик захира тавсия этилади. Швеция ва Норвегияда бу муддат тахминан бир ҳафтани ташкил этади. Германия эса аҳолига 10 кунга етадиган захира тайёрлашни тавсия қилмоқда. Шу билан бирга, мамлакатнинг фуқаро муҳофазаси хизмати ҳатто уч кунлик захира ҳам фавқулодда вазиятларга тайёргарликни оширишини таъкидлайди. АҚШда ҳам бир неча кунга етадиган озиқ-овқат ва бошқа зарур буюмларни сақлаш тавсия қилинган. Ҳиндистонда эса фавқулодда ҳолатлар учун махсус тўплам тайёрлашга чақирилган.
Ушбу тавсиялар фақат ҳарбий можаролар билан чекланмайди. Улар табиий офатлар, электр энергиясининг узоқ вақтга ўчиши, сув таъминотидаги узилишлар ва муҳим инфратузилмага киберҳужумлар каби хавфларни ҳам қамраб олади. Бундай ҳолатларда дўконлар фаолияти тўхташи, маҳсулот етказиб беришда узилишлар юзага келиши, тўлов тизимлари ва ахборот хизматларидан фойдаланиш қийинлашиши мумкин.
Европа Иттифоқи ҳам аҳолига фавқулодда вазиятларда дастлабки 72 соат давомида мустақил ҳаракат қила олиш учун зарур захираларни тайёрлашни тавсия қилган. Буюк Британияда ҳам хонадонларда керакли маҳсулот ва буюмларни олдиндан сақлаш бўйича тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Тавсия этилган захиралар қаторига ичимлик суви, узоқ муддат сақланадиган озиқ-овқат, зарур дорилар, фонар, қўшимча батарейкалар ва радио киради. Электр энергияси ёки мобил алоқа узилган тақдирда радио орқали расмий огоҳлантириш ва хабарларни олиш мумкин. Захира миқдорини эса оила аъзолари сони, овқатланиш эҳтиёжлари ва доимий қабул қилинадиган дориларга қараб белгилаш тавсия этилади.
Германия фуқаро муҳофазаси хизмати захираларни бирданига эмас, балки аста-секин тўлдириб боришни маслаҳат беради. Чунки бундай тайёргарлик нафақат уруш ёки киберҳужумлар, балки сув тошқини, бўрон, қаттиқ совуқ ва электр таъминотидаги узоқ узилишлар вақтида ҳам фойдали бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, мазкур тавсиялар уруш яқинлашганини англатмайди. Улар аҳолининг турли фавқулодда вазиятларга тайёргарлигини оширишга қаратилган.






























Изоҳлар 0
…