18:20 / 17.07.2018
2 430

Трамп танқидлар ёмғири остида: «Битта ҳам ўқ узмасдан таслим бўлиш»

Трамп танқидлар ёмғири остида: «Битта ҳам ўқ узмасдан таслим бўлиш»
АҚШ президенти Дональд Трамп ва Россия Федерацияси президенти Владимир Путиннинг узоқ кутилган учрашуви 16 июль куни Финляндия пойтахти Хельсинкида бўлиб ўтди. Айни вақтда Америка жамоатчилиги президент бу учрашувда ишончларни оқламаганидан норози бўлмоқда.

Хельсинкида нималар бўлди?

АҚШ президенти Дональд Трамп ва Россия президенти Владимир Путин фақат таржимонлар гувоҳлигида ёпиқ эшиклар ортида 90 дақиқа қолишди.

Шундан сўнг сиёсатчилар журналистлар қаршисига чиқишди.

Унда Дональд Трамп Россия билан муносабатлар ёмонлашуви учун барча айбни АҚШ зиммасига юклади. Мухбир ундан бунда Россиянинг ҳам айби бор-йўқлигини сўраганида, у «ҳа» деди, лекин яна АҚШнинг аввалги ҳукуматига маломат ёғдирди ва Россиянинг «айби» ҳақида гапиришдан қочди.

У Россия билан муносабатлар ёмонлашувининг асосий сабаби сифатида Боб Мюллернинг текширувларини келтирди.

Айтиш керакки, Трампдан олдин Хельсинкига келган АҚШ Давлат котиби, Марказий разведка бошқармасининг собиқ раҳбари Майк Помпеодан Мюллернинг текшируви икки мамлакат муносабатларига қанчалик ёмон таъсир кўрсатгани ҳақида сўрашганди. У эса «йўқ» деганди ва сабабчи Россия эканини айтганди. Хельсинкидаги учрашувдан кейин эса журналистлар ундан изоҳ олишга эришолмаган.

Владимир Путин Роберт Мюллер текширувида Россиянинг ёрдамини таклиф қилди, хусусан, унинг айтишича, Мюллер Россияга келиб, гумон остидаги Разведка бошқармасининг 12 ходимини сўроқ қилиши мумкин бўлади (Ўтган ҳафтада АҚШ адлия вазирлиги Россия разведка бош бошқармасининг 12 ходимини миллий демократик қўмита, АҚШ демократик партиясининг конгрессга сайловлар бўйича қўмитаси, президентликка номзод Хиллари Клинтоннинг сайлов штаби серверларини бузиб киришди ва хакерлардан олинган маълумотларни эълон қилишда айблаганди - таҳр.)

Шу билан бирга, Путин бунинг эвазига АҚШ русларга Билл Браудерни (Уильям Браудер) сўроқ қилиш учун рухсат бериши кераклигини айтди (Hermitage Capital Management’нинг ижрочи директори Уильям Браудер бир вақтлар Россиядаги энг йирик инвесторлардан ҳисобланган. У «Газпром», «Сургутнефтгаз» ва бошқа бир қатор компанияларнинг акцияларига эгалик қилган. 2005 йилда унга Россияга кириш эшиклари ёпилган. Унинг айтишича, «ЮКОС» нефть компаниясининг эгаси Михаил Ходорковский ҳибсга олингач, Путин Россиядаги барча олигархларни тўплаган ва фойдани у билан шахсан бўлишишларини таклиф қилган. Браудер кўп марта, биринчи бор эса 2015 йилда CNN’га берган интервьюсида Путиннинг бойлигини 200 миллиард долларга баҳолаган, бироқ ўшанда ҳам, ундан кейин ҳам бунга исбот келтирмаган.)

Трамп буни «жуда қизиқарли ғоя» деб атади.


Америка президенти Путиндан сайловларга аралашишни бас қилишни талаб қилмади, акс ҳолда кескин санкциялар қўлланиши билан таҳдид қилмади ва ўз саволларида ҳам қатъий турмади. Трамп Украинадаги уруш масаласини кўтармади, Россиянинг Малайзия самолётига ҳужумдаги алоқадорлиги бўйича савол бермади, НАТО бўйича ҳамкор давлат бўлмиш Буюк Британияда Скрипаллар оиласи Россияда ишлаб чиқилган кимёвий қурол билан заҳарланишига изоҳ сўрамади. Бунинг ўрнига АҚШ президенти ўз мамлакати махсус хизматларини барчаси учун балогардон қилди. «Менинг одамларим, хусусан Дэн Коутс (АҚШ Миллий разведкаси директори ва Оқ уйда миллий хавфсизлик бўйича кенгаш аъзоси) олдимга келиб, «Бу Россия» дейишади. Президент Путин эса ишонч билан, «Бу Россия эмас» демоқда. Мен Россияга бундай иш тутиш учун сабаб кўрмаяпман. Мен икки томонга ҳам ишонаман».

Яна эслаймиз, Боб Мюллер ўтган ҳафтанинг жума кунида Россия разведка бошқармасининг 12 ходимини хакерлик ҳужумларида айблаганида, Дэн Коутс Вашингтондаги Hudson Institute’да чиқиш қилиб, миллий хавфсизлик масаласида гапирганди. У айни вақтда Россия томонидан бўлиб турган таҳдидни 11 сентябрь арафасидаги ҳолатга тенглаштирганди. У гап фақат ижтимоий тармоқлардаги манипульяция ҳақида эмас, инфратузилма объектларига ва сайлов тизимига бўлган киберҳужумлар ҳақида эканини таъкидлади. Мюллернинг айбловида ҳам россиялик жосуслар 2016 йилда сайлов кенгашлари, штаблар ва сайловчиларни қайдномадан ўтказиш объектларига ҳужум қилгани келтирилганди. Трамп эса буларнинг барчасини инкор қилди ва Мюллернинг теширувларини «мамлакат учун фалокат» ва «нонсенс» деб атади.

Журналист Трампдан нима учун у ўз махсус хизматларига эмас, Владимир Путинга ишонишини сўради. Трамп айтдики, Путиннинг сайловларга аралашув бўйича инкорлари «ўта ишончли» чиқмоқда. Дональд Трамп амалда тан олдики, жаноб Владимир Путиннинг сўзлари АҚШ махсус хизматларининг барча маълумотларидан кўра «оғирроқ тош босади».

Дональд Трамп демократларни бузғунчилик ва бўйсунмасликда айблади. У Мюллернинг текширувлари ҳам рақиб партиянинг ташаббуси эканини айтди. АҚШ президенти бу ишда ўзи ҳақлигини исботлаш учун таваккалга қўл уришга тайёрлигини маълум қилди. У «4 соат олдин Россия билан муносабатлар жуда ёмон бўлгани, энди барчаси яхши томонга ўзгаргани»ни қайд этиб ўтди.

Владимир Путин 2016 йилдаги сайловда Дональд Трамп ғалаба қозонишини хоҳлаганини айтиб ўтди. «Ҳа», дея жавоб қайтарди у шу хусусдаги саволга. У Трамп ўз сайловолди кампанияси вақтида Россия билан муносабатларни яхшилашни ваъда қилгани учун россияликлар унга нисбатан симпания уйғонганини эслаб ўтди.

Америкаликлар икки президент учрашувидан бундай натижаларни умуман кутишмаганди. Давлат департаменти ҳам, Оқ уй ҳам бу борада расмий муносабат билдиришмади. Аммо CNN мухбири ўз шахсини ошкор этишни истамаган Оқ уй амалдори билан гаплашишга муваффақ бўлди. Амалдор «режа бундай бўлмагани»ни айтди. Ҳеч ким сайловларга аралашув масаласида Трамп Путинга ён беришини кутмаган бўлиб чиқди. Қолаверса, бу борадаги саволни Трамп эмас, журналистлар кўтаришди, Трампнинг ўзи бу саволларга жавоб беришдан очиқчасига қочди ва «бошқа глобал саволларга ўтиш»ни сўради.

Америкалик журналистлар савол бериш вақтида Владимир Путинга агрессив муносабатда бўлишди, гўёки Трамп Россия президенти ҳимоячисига айланди.

Трампни Вакиллар палатаси спикери Пол Райн (у шу кузда истеъфога кетади - таҳр.) қаттиқ танқид қилди: «Россия бизнинг сайловларга аралашганига ва бутун дунёда демократияга зарар келтириш борасидаги уринишларини давом эттираётганига заррача ҳам шубҳа йўқ. Буни махсус хизматлар маълумотлари ҳам, Вакиллар палатасининг разведка қўмитаси ҳам тасдиқламоқда. Президент шуни англаши керакки, Россия бизнинг иттифоқчимиз эмас. Россия ва АҚШ ўртасида руҳий боғлиқликлар ҳам йўқ, Россия бизнинг қадриятларимиз ва ғояларимиз душмани бўлиб қолаверади. АҚШ Россияни жавоб беришга ва бизнинг демократиямизга жирканч ҳужумларини тўхтатишга чақирмоғи керак».

Сенаторлар Крис Ван ва Марко Рубио агар 2018 ва 2020 йилги сайловларга аралашув исботланса, Россия билан муносабатларда зудлик билан тўғридан-тўғри санкциялар қўллаш кераклигини айтишди.

Сенатор Жон Маккейн Трамп ва Путин учрашувини «фожиали хато» деб атади.

«Трамп ўз адовати, худбинлиги, автократларга раҳми келиши билан етказган зарарни ҳисоблаб чиқиш қийин. Трампдан аввалги бирорта президент «золим ҳукмдор олдида ўзини бундай ерга урмаганди», деди сенатор.

АҚШ Марказий разведка бошқармасининг собиқ раҳбари Жон Бреннан Трампни сотқинликда айблади.

«Дональд Трампнинг Хельсинкидаги матбуот анжумандаги нутқи «ўта оғир жиноятлар ва қилмишлар» тушунчаси чегарасидан ташқарига чиқади. Бу сотқинликдан бошқа нарса эмас. Трампнинг изоҳлари бўш бўлгани етмагандай, у тўлиқ Путиннинг чўнтагида. Ватанпарвар республикачилар, қаердасиз?», деб ёзган Бреннан.

Конгрессда республикачиларнинг вакиллари ҳам президентни танқид қилишди. Бес Сасс, Жефф Флейк ва Линдси Грэм шулар жумласидан.

Дональд Трамп ва Владимир Путин иштирокидаги бу саммитдан кейин нима бўлади?

Энг кескин изоҳлардан бири Миллий разведка собиқ раҳбари Жеймс Клаппер томонидан айтилди.

«Путин қаршисида қўрқиб кетган Трамп тўла таслим бўлди».
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)