09:37 / 08.11.2019
2 915

Кобулдагилар Тожикистонга ИШИД жангарилари Афғонистондан кириб келганини инкор этишди

Кобулдагилар Тожикистонга ИШИД жангарилари Афғонистондан кириб келганини инкор этишди
6 ноябрга ўтар тунда Тожикистондаги чегара заставасига ҳужум уюштирган жиноий гуруҳ афғон-тожик чегарасидан ўтмаган. Бу ҳақда Афғонистон куч тузилмаларидаги бир неча манбаларга таяниб «Независимая газета» хабар берди. Уларнинг сўзларига кўра, террорчиларнинг излари Афғонистон ташқарисида.

Аввалроқ Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси 6 ноябрга ўтар тунда қуролланган гуруҳ Тожикистон-Ўзбекистон чегарасида жойлашган чегара заставасига ҳужум қилгани ҳақида хабар берди. Хабарда айтилишича, ҳужум «Султонобод» чегара отряди ҳарбий қисмининг Ишкободдаги 4-сонли чегара заставасига амалга оширилган.

Ҳужум оқибатида чегарачи ва милиция ходими ҳалок бўлди, қуролли жиноий гуруҳнинг 15 нафар аъзоси йўқ қилинди, беш нафари қўлга олинди.

Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси берган маълумотга кўра, Тожикистон-Ўзбекистон чегарасида жойлашган чегара заставасига ҳужум қилган шахслар ИШИД террорчи гуруҳи жангарилари бўлган. Улар Тожикистонга Афғонистон томондан ўтиб келишган.

Аммо вазиятдан яхши хабардор бўлган Афғонистон куч ишлатиш тузилмалари ходимлари ИШИД жангарилари Тожикистонга Афғонистон ҳудудидан ўтганлиги ҳақидаги бу таъкидни рад этди.

«ОАВ хабарида тилга олинган, ИШИД жангарилари Тожикистонга Қундуз вилоятининг Қалаи Зол уезди орқали кириб келганлиги айтилган давлат чегараси участкаси Афғонистон томонидан ҳам, Тожикистон томонидан ҳам қаттиқ қўриқланади. Бизнинг хизматларимиз нафақат 20 кишилик гуруҳ, балки бир кишининг ҳам чегарадан ўтишга уринишини сезган ва бунга йўл қўймаган бўларди. Шуни ҳам унутмаслик керакки, Қалаи Золдаги чегара участкасини ноқонуний равишда кесиб ўтиш жуда мушкул: жангарилар бунинг учун Панж дарёси орқали ўтишлари керак бўларди, бу эса ишонинг, осон эмас, айниқса йигирма кишилик гуруҳга», - деди афғонистонлик куч ишлатиш тизими ходимларидан бири.

«Бу бўлмағур гап. Уларнинг чегарадан ўтишганини биз ҳам, тожик ҳамкасбларимиз ҳам билган бўларди. Бизнинг агентура имкониятларимиз чегара атрофидаги ҳудудларда нималар содир бўлаётгани ҳақида тўлиқ маълумот олишга етади», - деди яна бир афғон махсус хизмати ходими.

Яна бир суҳбатдош эса «бу жангариларнинг изи Афғонистон ташқарисида» эканлигини айтди.

«Бу одамлар аниқ Афғонистондан ўтишмаган. Эҳтимол, ушбу гуруҳ Тожикистон ҳудудида шакллангандир. ИШИД бунга қанчалик алоқадорлигини айтиш қийин. Қўлга олинганлар борлиги яхши, демак, муҳим кўрсатмалар олинади. Тожик ҳамкасбларимиз бу маълумотларни биз билан бўлишади деб умид қиламан», - деди у.

ИШИД Тожикистонда содир этилган террорчилик ҳаракати учун жавобгарликни ўз зиммасига олмагани ҳам эътиборли жиҳатлардан бири.

Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси баёноти бўйича «Толибон» вакиллари ҳам сукут сақламоқда. Толиблар мавқеи учун бу баёнот кучли сиёсий зарба бўлиши мумкин. Чунки қарийб бир йилдан буён «Толибон» вакиллари Шимолий Афғонистонда ИШИД яксон қилинганини таъкидлаб келишади.

Бунинг устига, толиблар ва уларга сиёсий хайрихоҳлар Афғонистондаги ИШИД таҳдидига айнан «Толибон» самарали қаршилик кўрсата олишига ва шунга мувофиқ, террорчилар Афғонистон ҳудудидан МДҲ давлатларига ўтиб кетишининг олдини олишига ишонишади. Россиянинг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов бир неча йилдан буён Россия ва толиблар айнан ИШИДга қарши курашда ҳаммаслак эканлигини ва «Толибон» жангарилари бу вазифани самарали уддалашини таъкидлаб келади.

Аммо Тожикистон расмий вакилларининг 6 ноябрда юз берган ҳодиса тўғрисидаги баёноти Замир Кабуловнинг таъкидлари тўғри эмаслигини, толиблар ИШИДга қарши курашда кучсиз эканлигини ва «Толибон» Афғонистон шимолини ИШИДдан тозалаганини айтиб ўз ҳамкорларини алдаб келаётганини кўрсатади.

«Бундай нозик сиёсий вазиятда Россия ТИВ раҳбарлари афғон куч тузилмаларининг нуқтаи назарларини қўллаб-қувватлаши фойдалироқ бўлади, аммо бу расмий Кобул билан «совуқ уруш» олиб бораётган одамлар учун руҳий жиҳатдан осон бўлмайди», - деб фикр билдирди афғонистонлик сиёсий экспертлардан бири.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Кобулдагилар Тожикистонга ИШИД жангарилари Афғонистондан кириб келганини инкор этишди