Тонг ёришишига ҳали анча бор, ер бағирлаб қолган оймомо юзидаги доғлардан уялгандек бўзариб туради.
Деразадан боқиб турган юлдузлар гоҳ-гоҳида хира булутлар бағрига яшириниб, беркинмачоқ ўйнамоқчи бўладилар. У эса ҳеч нимага парво қилмай, ўз ўйларига банди бўлганча хаёл суриб ўтиради. Унинг ўйларидан ўзи-ю Яратгандан бўлак ҳеч бир ким воқиф эмас... Бировга айтса тили куяди, айтмаса дили... Энди ҳеч ким, ҳеч нима нима унинг тақдирини ўзгартира олмайди...
****
- Кетишингиз шартми? - севгилисининг бошқа қишлоқдошлари сингари четга ишлагани кетаётганини билиб, қизнинг фиғони фалакка чиқади.
- Бир-икки йилча ишлай, қайтаман... - айбдорона жавоб беради йигит.
Қиз барча дардларини ичига ютади, нималар деб қарғанганини, муҳаббатнинг гўрига қанча ғишт қалаганини билмайди ич-ичида. «Севгингиз ёлғон бўлса, кетаверинг ўша аёзли юрт қучоғига... Розимасман... Кечирмайман!..»
****
- Қизим, сени сўраб келишди, - онаизор қизининг рад жавобига кўникавериб, совчилар келмай қолганидан сиқилиб юрган кунларининг бирида қизнинг қувончига чек қўйилганини суюнчилайди гўё.
- Билганингизни қилинг, ойи, - зарда билан жавоб қайтаради у, - менга ҳаммаси барибир...
Она қизидаги бу ҳолат сабабини англолмай, лол қолади. Сўрашга ботинолмайди, аниқ сабаби кўриниб қолиб, қизи яна фикридан қайтиб қолишидан ҳадиксирайди.
- Яхши оила экан, йигит ўқимишли, қўлида ҳунари бор, - ўзича ҳисоб беради она, - даданг иккимизга манзур бўлди, бир неча марта келишди...
Қиз индамайди. Онасига назар ташлаб қўйишни ҳам лозим топмайди. «Бир йилдан ошди кетганига. Мана энди қўнғироқ қилишни ҳам унутиб қўйди... Майли, билганини қилсин. Кўзига иссиқ кўринган ўша юртнинг беқадр пулларими ё кўзини боғлаган малласоч илонларими... ўзига буюрсин!»
****
Улар учрашдилар...Йигит ойиси таърифлагандек, кўрса кўримли, мақтаса мақтагулик...
Бугунги учрашув улар учун туманга ё шаҳарчага чиқиб, музқаймоқ ейишдан фарқ қиларди. Айланишлар бўлмаганди. Бу никоҳ тўйи олдидан ўтказиладиган тиббий кўрикдаги «учрашув» эди. Шу ерда уни «унутиб юборган» муҳаббатига дуч келди... Кўзларда аввалги нур кўринмайди, кўриниши бир аҳволда...
Қиз натижалар ёзилган таҳлил қоғозига кўз ташлади. «Йўлланма» қаерга эканини ўқиб, даҳшатга тушди...
- Яратганим... Ўзингга шукр, мени шундай ҳалокатдан асраб қолганинг учун беҳад миннатдорман...
- Ҳамма нарсанинг ўз тўлови бўлади... - унга жавобан секингина шивирлайди қалби...
- Ахир мен ундан кетмасликни ўтиниб сўраган эдим-ку... Ўз йўлини ўзи танлади ахир!
- Лекин сен уни севардинг-ку? Бахт ҳамиша чўлоқ отда келишини унутдинг...
Қиз ёри билан келин либослари танлашга боради. Кўрикнинг ижобий натижалари қўлларини куйдиради гўё...
****
Тўй соати яқинлашавериши қизни асабий қилиб қўяди. Нега у учрашишга уринмаяпти? Нега бирорта дугонаси орқали хат ёзиб, изоҳ беришни истамаяпти? Наҳотки уни унутиб юборган бўлса? «У сенга ким эдики, изоҳ берса? Севганида ўшандаёқ кетмаган бўларди...»
Кутилмаганда, «Эртага тўй» деган куни дугонасидан эшитган гаплари қизнинг юрагини музлатиб қўяди: суюклиси қизнинг садоқатига таяниб, совуқ юртларда жавлон уриб меҳнат қилиб юрган кунларда... унинг тўйи хабарини эшитиб, буткул ўзини йўқотади, ичкиликка берилади, ўзини тубанлик авж олган манзилларга уради... Маош кечиккани учун қўнғироқ қилолмадим деб ўзини айблайди, кечиккан маошни эса ҳаётига қўшиб, совуради...
****
Келинлик уйига борлиғи кул бўлган оппоқ либосдаги сурат кириб боради...
Шарпадек ҳиссиз, изсиз, сассиз ҳаёт кечира бошлайди у... На завжига кўнгли илийди, на ўтмиш ҳаётидан қора доғ бўлиб қолган юрагини суғуриб олиб, итларга ташлай олади... Ойисига айтгани каби, «Ҳаммаси барибир...» бўлиб яшай бошлайди, вужудида марҳума бир қалб билан нафас олади...
****
Тонг ёриша бошлайди. Аёл мижжаларидаги ёшни артиб, дераза томонга ўгирилади. Куннинг қизғиш нурлари тутам-тутам бўлиб, ҳар томонга ёйилади. Бола безовта бўлиб йиғлайди...
- Мени кечир, фариштам... Шунча пайтдан буён ҳаётимда энг қадрли бўлиб келган одамларимга вафо қилолмадим, аввал худбин ўйларим билан севгилимга, кейин у қолдирган хотираларни унутолмай, отангга хиёнат қилдим... Сенга алла айтишга ҳам ҳақсиз сезаман ўзимни...
Чақалоқ ҳеч нимани англамайди. Аммо, аёл бу норасида гўдак уни ҳаммадан ҳам кўпроқ, ҳаммадан яхшироқ тушунишига умид боғлайди. Тонг отиб-отмай, деворларига лолақизғалдоқлар бўйлаган ҳовлидан майин алла овози эшитилади...
Шаҳноза Эшмирзаева
Манба: Darakchi.uz “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади