00:35 / 27.10.2018
6 038

Чумолидан ўрганайлик

Чумолидан ўрганайлик
Чумоли ўзининг кичкинагина жуссасига ўзидан 5 баробар катта бўлган ҳас чўпларни йиғиб, у ёқдан бу ёқга нимадирларни кўтариб юрганини кўриб қоламиз. Қизиқ, у шунчалик шошиб, йиқилиб-сиқиб, қийналса-да ўша нарсани кўтарганча инига олиб кириб кетади. Ўйлаб қоламан, шу миттигина жонзотнинг уйчаси қандай экан-а? Уйи тўла хас-чўп, дон-дун. Уларни чиройли қилиб, таҳлаб қўйса керак. Хаммайўқ тозаланган, саранжом-саришта, кенг бўлса керак. Ер устида тешикчалари кўп бўлган бу инчаси ичида ҳам майда чумолилар кўп бўлиб, у ёқдан бу ёқга юриб, тинмай ишлаб юришгандир.

Мехнатсевар чумолиларга жуда ҳавасим келади. Улар миттигина бўлса-да бизга яшашни ўргатади, тўғрироғи қандай қилиб яшашани ва қандай қилиб мақсадларимизга эришиш йўлларини ўргатади. Ҳуддики улар бизга, “Мехнат-мехнатнинг таги рохат” ёки бўлмаса “Интилганга-толе ёр” демоқчидай гўё.

Устига ортмоқлаган нарсаси биз учун оёғимизнинг тагидаги 1 тийнга ҳам арзимас бўлган кераксиз хас-чўплар, чумолилар учун қайсидир бир мақсади йўлида керакли бўлган мухим бир буюмдир. Балки , уларни тўплаб ўзига карават ясар, балки супурги қилиб супурар, балки бўлмаса инчасида олов ёқиб овқат пиширар, нима бўлган тақдирда ҳам бу унинг учун жуда мухим Агар бунчалик муҳим бўлмаганида нозик елкасини қийшайтириб, эгилиб букилиб, бу оғир юкни кўтариб, тушириб юборай деса-да янада куч тўплаб, уни маҳкамроқ ушлаганча, юришда давом этмас эди. Буларни ўйласак юзимизга кулгу келади. Лекин шу миттигина чумолиларни ўзимизга таққасласак, кулиш эмас йиғлаш керак бўлиб қолади.

Негадир, баъзи инсонлар ўз мақсадларига жуда осон йўл билан етишни ўйлашади. Мехнат қилишдан эринади. Нима кераги бор, аҳир харакат қилмасдан ҳам йўлини топса бўлади-ку. Каттароқ лавозимда ишлайдиган танишига шундоқ қўнғироқ қилса бўлди. Ўша мансабдор таниши ўзининг бошқа бир танишига: “- Полончи хозир ёнингизга боради, ишини ҳал қилиб беринг, бизда ҳам қолиб кетмас,”-деб айтса тамом. Ишлар аъло, ошиқча югур-югурларга не хожат!

Шукроналар бўлсинки, ўрмонга бориб, ўтин йиғиб олов ёқадиган замонлар ўтди. Кетмонда ер чопиб пул топадиганлар йўқ энди. Балки, бордир, лекин улар жуда ҳам камчиликни ташкил этади.Энди фақат ақл билан пул топиб, билим билан мақсадга этиш даври келди. Лекин фирибгарлик ёки хитрилик даври эмас. “–Мен пулни пулга ураман, бир ойдан кейин машинам, икки ойдан сўнг данғиллама участкам бўлади, хизматкорларим оёғимни ўпади, кейин мен фолончи бой бўламан!”-деб бой бўлиш йўлини қидираётганлар ўз кучига, ўз билимига ва ўз харакатига ишонмай кимларнидир алдаб , уларни чув тушириш эвазига шу натижаларга эришишни мақсад қилиб олишади ёки бўлмаса кимнидир кучига ишониб йўл тутади-да оҳир оқибат осонликча топган нарсаларидан худди шундай махрум бўлишади. Ўз мехнатимиз билан топилган нон қанчалик ширин бўлишини фақат уни тотиб кўрганимиздан сўнггина биламиз. Масалан мен буюк бир жахон тан олган, қалами ўткир журналист бўлишни хохлайман ва шу мақсадимга қандай бўлмасин етишишга уриниб , ҳали у қариндошимдан, ҳали бу танишимдан, яқинларимдан ёрдам сўраб уларга илтимос қилсам, улар ҳам менинг кўнглимга қараб ёрдам бериши мумкин. Ва мен шу соха бўйича ишга ҳам кирарман. Лекин, кейинчи....

Энг дахшатлиси шу....

Мен энди мақсадимга етдимми?, Энди мен журналист бўлиб қолдимми?

Кечагина кичик, кичик мақолачаларни ёзиб устозлардан ундай эмас, бундай ёзиш керак, деган танбеҳларни эшитиб юрган оддийгина талаба қиз, бугун бир стулнинг эгаси. Мен шу стулда ўша кичик мақолачаларимни ёзиб ўтиравераманми?... Йўқ албатта! Ишхонада бошлиқ менга каттароқ, масъулиятлироқ бир топшириқ берсачи? Бирон бир мен тушунмайдиган мавзу бўйича материал тайёрлашим кераклигини айтиб қолса, нима қиламан? Ўзим тушунмайдиган нарсани қандай қилиб ёзаман? Майли ёзган тақдиримдаям менда ўша мавзу бўйича билимим ва тажрибам етмаса, ёзган мақолам қандай чиқади? Тасаввур қилаяпсизми? Тўрт кун, ошиб кетса беш кундан кейин, ёки бўлмаса ўша захотиёқ мени билимсизликда иш билмасликда айблаб, ишдан хайдаб юборишлари мумкин. Шунда мен кимни айбдор қиламан? Ўша танишларимданми ? Менга топшириқ бермайдиган яхшироқ ишга киргизиб, қўйишмагани учун улардан ўпкалайми? Йўқ... йўқ...йўқ!!! Айбдор фақат ўзим бўламан!

Агарда мен мана шу мақсадимга бошқа йўлдан борсамчи, яъни ўз билимим, ўз мехнатим, изланишим, тиришқоқлигим ва ўз- ўзимга ишончим орқали еришишга харакат қилсамчи? Унда қандай бўлади? Албатта жуда қийин ва узоқ вақт талаб этади. Мен аввало мақсадим йўлида режалар тузаман. Режаларим асосида ўзимга вазифалар қўяман. Мақсадим йўлида билимимни ошираман, соҳамга тегишли бўлган китобларни ўқиб ўрганаман, секин асталик билан поғонама-поғона ўсиб боравераман. Мақсадим йўлида учраган барча тўсиқлари енгиб ўтишим, йўлда қоқилиб йиқилсам, яна ўрнимдан туриб, йўлда давом этишим керак. Биламан мен танлашган бу йўл текис, равон эмас. Йўлим ўнқир-чўнқирлардан иборат. Тошли , лойли, қорли, ёмғирли ва қир-адирли. Баъзида юриб кетаётганимда қаттиқроқ қоқилиб йиқилишим, оёққа туришга анча қийналишим ва чанг тўзонларда қолиб, кетишим мумкин. Биламан мен бу йўлда кўп синовларни бошдан кечираман,холдан тойиб юргим келмай ортга қайтиб кетгим келади. Лекин мен таслим бўлмай, қорлар эриб, ёмғирларнинг тинишини, чанг тўзонлар тўхтаб, қуёш чиқиб, ёруғ кунлар келишини кутишим, сабр қилишим керак. Мен яна ўзимни қўлга олиб , оёққа туриб харакатда давом этаверсам, барибир бир кун, охири йўл тугайди. Маррага етиб бораман! Шунда мени ёруғ ва гўзал хаёт қарши олади.

Сабрим, машаққатим, харакатим, мехнатим-мукофотсиз қолмайди. Шундай қилиб, мен ўз мақсадимга фақат тўғри йўлдан бориб, ўз кучим билан эришаман ва бунинг ширин нонини тотиб кўраман.

Мехнатсевар чумоли ҳам бир куни иссиққина уйчасида дам олиб мехнатининг хузурини кўради. Бу хаётда қандай йўлдан боришни ҳар кимнинг ўзи танлайди. Бир кунлик обрў-эътиборми? Ёки, бир умрлик ҳузур –ҳаловат! Бизнинг эртага ким бўлишимиз шу биргина танловимизга боғлиқ!

Келинг, яшашни тўғрироғи, қандай қилиб яшашни ва мақсадга етишни чумолидан ўрганайлик!
МАФТУНА Мирзахўжаева

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Чумолидан ўрганайлик