Кишилар орасида адоват тарқатувчилар, чақимчилар қиладиган иш ниҳоятда катта гуноҳдир. Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Чақимчи жаннатга кирмайди», деганлар.
Ҳаммам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ҳузайфа билан бирга эдик. Бас, унга:
«Бир киши гапни Усмон розияллоҳу анҳуга олиб бориб туради», дейилди. Шунда Ҳузайфа унга:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Чақимчи жаннатга кирмайди», деганларини эшитганман», деди».
Бухорий ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифда чақимчилик нақадар оғир гуноҳ эканлиги баён қилинмоқда. Уламоларимиз: «Чақимчиликни ҳалол санаган одам жаннатга кирмайди», деганлар.
Албатта, чақимчилик ниҳоятда ёмон иш. Чақимчилик фақатгина бир кишини бошқасига ёмон кўрсатиб, шундан бирор манфаат олиш билан чегараланиб қолмайди. Чақимчилик қилинганда бир одамга иккинчи одам ҳақида ёмон хабар келади.
Натижада иккинчи одам ҳам биринчи одам ҳақида ёмон сўзлайди, шу тариқа бундай адоват бутун жамиятга тарқалиб, жамиятнинг ҳамма аъзоси бир-бирини чақадиган, бир-бирига ғазаб қиладиган ва бир-бирининг орқасидан ёмон гапирадиган бўлиб қолади. Орада дўстлик, биродарлик, ўзаро ҳамкорлик, яхшилик қилиш, жамият манфаати учун иш қилиш тамоман йўқолади.
Ҳамма бир-бирининг орқасидан пойлаш, чақимчилик билан бир-бирини доғда қолдириш, чақимчилик қилиб мукофот олиш, ўзининг мавқеини яхшилаш томонга ўтиб кетади. Жамиятнинг манфаатини ўйлаш, бировларга яхшилик қилиш мутлақо унутилади.
Бу нарса оғзаки гап бўлса ҳам, жуда оғир гуноҳ саналганлиги, гуноҳи кабиралардан экани ва чақимчилик қилган одам жаннатга кирмаслиги белгилаб қўйилгани чақимчиликнинг нақадар хатарли иллат эканини кўрсатади. Чақимчиларнинг иши ёлғон билан ривож топади. Улар ўзлари ёмон кўрган одамларга зарар етказиш мақсадида турли ёлғонларни тўқийдилар, ҳақиқатни бузиб кўрсатадилар.
Бугунги кунимизда ёлғоннинг ушбу турини ўзига касб қилиб олганлар оз эмас. Улар динимизнинг бу борадаги таълимотларини яхшилаб ўрганишлари ва ҳаётларига татбиқ қилиб, энг ёмон иллатлардан бири бўлмиш ёлғоннинг бу турини тарк қилишлари лозим.
Бугунги кунимизда кенг тарқалган маънавий жиноятлардан яна бири ёлғоннинг энг аянчли тури бўлмиш ёлғон гувоҳлик бериш, яъни оддий сўзлашувдаги ёлғон эмас, ҳукм чиқариш маҳалидаги ёлғондир. Албатта, бунинг бош сабабчиси ҳозирда маънавий қадриятларнинг таназзулга учраганидир. Дунё муҳаббатига гирифтор бўлиб, охиратни унутган инсоният бу дунёдаги беш кунлик ҳаёт учун охиратдаги абадий ҳаётини куйдирмоқда. Ҳамма нарсани кўриб-билиб, ҳисоб-китоб қилиб турувчи Аллоҳ таолога иймон бўлмаганида ёки бу иймон сустлашганида кишилар бу дунё ҳою-ҳавасларининг қулига айланганида, инсон дунёни ўзига хожа қилиб олиб, у нимани буюрса, адо қилганида шундай вазият юзага чиқади.
Дунёвий ҳаётнинг қулига айланганлар бир оз пул, мансаб учун ёки амалдорга ёқиш ва ёки кимдандир ўч олиш мақсадида ҳар қандай инсоний фазилатдан, маънавий қадриятдан воз кечишга тайёр турадилар. Улар ҳар қандай маънавий жиноятни ҳам осонлик билан амалга оширадилар. Уларнинг маънавиятлари шу даражада тубанлашиб кетганки, мазкур маънавий жиноятни содир қилганларида, масалан, ёлғон гувоҳлик берганларида бурунларига пашша қўнганчалик ҳам ўзларига таъсир қилмайди. Қайси бир жамиятда ёлғон гувоҳлик бор экан, ўша жамият золимдир ва бундай жамиятнинг турли бало-офатларга гирифтор бўлмоғи тайиндир.
Ўзлари камбағал бўлса ҳам, маънавий қадриятларини маҳкам ушлаб қолган жамият ва шахсларга назар соладиган бўлсак, улар учун кичик бир маънавий жиноят содир қилиш ҳам катта фалокат ҳисобланади. Улар бундай ишни қилишдан кўра ўлимни афзал кўрадилар.
Бундай олиймақом маънавиятга эришган кишилар бахтли кишилар бўлиб, у дунёни ва унинг ичидаги ҳамма нарсани бир ёққа қўйсанг-у, битта маънавий қадриятни бир ёққа қўйсанг, ана шу иккинчисини танлайдилар. Ушбу сифатларга эга бўлган шахслар ўзлари адо этаётган бу ишларни қаҳрамонлик деб эмас, балки оддий инсоний, мусулмонлик бурчлари деб биладилар. Чунки ҳар бир инсонга рост гапириш, тўғри бўлиш ва тўғри гувоҳлик бериш Аллоҳ таоло томонидан бурч қилинган.
Рост сўзлаш ҳар лаҳзада талаб этиладиган, доимий мажбурият бўлгани учун ҳам у ҳақда ваъз-насиҳат ва эслатмалар тез-тез такрорланиб туради. Аммо гувоҳлик бериш гоҳ-гоҳида учрайдиган, баъзан эса киши умр бўйи дуч келмайдиган бўлганиданми, у ҳақда камроқ гапирилади. Эҳтимол, бошқа сабаблар ҳам бўлса бордир. Аслини олганда бу масалани ҳам тез-тез эслатиб, гувоҳлик беришдаги масъулиятни кишилар хотирасига солиб туриш керак. Гувоҳ бўлишнинг ўзи катта масъулият. У орқали кўпгина ҳукмлар чиқарилади. Гувоҳнинг гапига қараб биров оқланиши ёки қораланиши, биров мол-мулкка эга бўлиши ёки ундан ажраб қолиши, яна бошқа бировларнинг насаби собит бўлиши ёки инкор қилиниши, кўпгина ҳуқуқлар поймол этилиши ёки ҳимоя қилиниши мумкин.
«Ёлғон» китобидан
Манба: Islom.uz “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
100 млн сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди