Кучли ёмғирлар кутилмоқда: аҳолига муҳим огоҳлантириш

Ўзгидромет республика аҳолисини муҳим об-ҳаво ўзгариши ҳақида огоҳлантирди. Маълум қилинишича, 13–15 июнь кунлари кутилаётган кучли ёмғирлар сабабли бир қатор вилоятларнинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.
Синоптиклар маълумотига кўра, Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ, Деҳқонобод, Чироқчи, Китоб, Шаҳрисабз, Қамаши ва Ғузор туманларида, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё, Узун, Олтинсой, Денов, Бойсун, Шеробод, Шўрчи, Қумқўрғон ҳамда Музработ туманларида сел хавфи кузатилиши мумкин.
Шунингдек, Самарқанд вилоятининг Ургут, Самарқанд, Булунғур, Нуробод, Қўшработ, Каттақўрғон, Паяриқ, Жомбой ва Иштихон туманлари, Навоий вилоятининг Хатирчи, Навбаҳор, Нурота, Конимех ва Кармана туманлари ҳам хавфли ҳудудлар қаторига киритилган.
Жиззах вилоятининг Зомин, Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Фориш ва Янгиобод туманлари, Тошкент вилоятининг Оҳангарон, Бўстонлиқ, Паркент, Пискент, Ўртачирчиқ ва Юқоричирчиқ туманлари, шунингдек Ангрен ва Олмалиқ шаҳарларида ҳам сел-сув тошқинлари юзага келиши эҳтимоли бор.
Наманган вилоятининг Поп, Косонсой, Чортоқ, Чуст, Наманган ва Янгиқўрғон туманлари, Фарғона вилоятининг Сўх, Шоҳимардон, Фарғона ва Бешариқ туманлари, Андижон вилоятининг Андижон, Асака, Жалалқудуқ, Қўрғонтепа, Пахтаобод, Избоскан, Хўжаобод ва Марҳамат туманлари ҳамда Хонобод шаҳри аҳолисига ҳам эҳтиёткор бўлиш тавсия этилди.
Мутахассислар айрим ҳудудларда кучли ёғингарчилик оқибатида ёмғир сувлари тўпланиб, паст жойларни сув босиши мумкинлигини таъкидлади. Шу муносабат билан тоғли ҳудудларда яшовчи аҳоли, дам олувчилар ва ҳайдовчиларга сел хавфи юқори бўлган жойларга заруратсиз бормаслик ҳамда хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилиш тавсия этилди.





























Изоҳлар 0
…