ИИО ходимларидан қочган Cobalt ўқ узиб тўхтатилди

Тошкент шаҳрида Ички ишлар органлари ходимларининг тўхташ ҳақидаги қонуний талабига бўйсунмаган ва хавфли ҳаракатланган Cobalt автомашинаси ўқ узиш орқали тўхтатилди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ матбуот хизмати маълум қилди.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Cobalt русумли автомобиль бир нечта транспорт воситаларига шикаст етказгани акс этган видео тарқалган эди. Расмий маълумотларга кўра, воқеа 11 июнь куни соат тахминан 21:30 атрофида содир бўлган. Автомобилни руҳий-асаб касалликлари шифохонасида рўйхатда турувчи 44 ёшли Р.Й. бошқарган.
У Яккасарой туманидаги Шота Руставели кўчасида йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳолда ҳаракатланиб, бошқа фуқаролар ҳаётини хавф остига қўйган. Шунингдек, ИИО ходимларининг тўхташ ҳақидаги қонуний талабига амал қилмасдан, ҳаракатини давом эттирган ва бир нечта автомашинага техник шикаст етказган.
Тезкор чоралар натижасида бошқа фуқароларга зарар етказилишининг олдини олиш мақсадида ИИО ходимлари томонидан табел қуролидан фойдаланилган. Огоҳлантириш берилгач, автомашина ғилдирагига ўқ узилиб, транспорт воситаси тўхтатилган ва ҳайдовчининг кейинги ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилган.
Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда. Ҳодиса Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти томонидан назоратга олинган.





























Изоҳлар 0
…