16:00 / 30.10.2019
4 731

Белорусларга ўрнак бўлаётган мусулмон

Белорусларга ўрнак бўлаётган мусулмон
Туркиялик мусулмон Акрам Сойлиқ белорус қизига уйланиб, унинг қишлоғига кўчиб келди. Тўрт йил деганда икки қизалоқли бўлди, сигир, қўйларини кўпайтириб, ўзининг янги бизнесини бошлаб ҳам олди.

«Катта шаҳар шовқини жонимга тегди, тинч ва осуда жойда яшашни истайман. Фарзандларим отасини соғиниб қолмаслигини хоҳлайман. Агар биз шаҳарда яшаганимизда эди, мен ишга кетиб уларнинг кўзидан кечга қадар ғойиб бўлардим. Бу ерда эса ўзим хон – кўланкам майдон. Истасам – ҳамма ишларимни йиғиштириб қўяман-да, болаларим билан маза қилиб ўйнайман. Қишлоқда жуда ҳам эркинман», дейди Акрам Сойлиқ.

У тўрт йил бурун Истанбулдаги шахсий бизнесини ташлаб севган қизининг ортидан Березовский районидаги Сигневич қишлоғига келган эди. Акрам бўлажак рафиқаси Елена билан Минскда танишганди. Улар севишиб турмуш қуришди. Бир неча йил гоҳ Туркияга, гоҳ Белорусга қатнаб юришди ва алал-охир Еленанинг ота-онаси яшайдиган қишлоқда яшаб қолишга қарор қилишди.

Туркияда Акрам гомеопат – шифобахш ўсимликлар етиштириш билан шуғулланарди. У Америка ва Австралияда таҳсил олган. Унинг ўз ватанида шахсий бизнеси бор эди – ўсимликликлардан табиий дори тайёрлаб сотарди. Қишлоқдагилар ҳали-ҳамон унга гўёки “ўзга сайёрликни” кўргандек ажабланиб қарашади – бу ерларга нега келганини ақлига сиғдира олмайди.

Ҳаммага қизиқ: кимдир юқори баҳолайди, кимдир ҳасад қилади. Уларни ҳайратга солгани шуки, одамлар уч-тўрт сўм топиб келиш учун бу ердан бошқа юртларга кетмоқда, у эса тескарисини қилиб қишлоққа келиб ўтирибди. “Мен бу ерга пул ишлаш учун эмас, муҳаббатим учун, оилам учун келганман”, дейди у.

Сигневичда Акрам сиқилиш, шовқин ва тутунни унутди. У мол боқиб ўзининг хўжалигини очиб олди. “Олтита зотдор сигирим бор. Бир зотдагисининг сути ёғли, иккинчи зотдагисининг сути қуюқ, учинчи зотдагиси кўп сут беради. Ҳозирча уч хил зот бор. Сигирлар жуда ҳам қиммат, аммо тез орада пулини чиқариб юборади. Агар сутнинг ёғлилиги 6-7 фоиз бўлса, у ҳолда 25 литр сутдан худди 45 литр сутни сотган нархда пул чиқариб оласиз. Меҳнати бир, аммо фойдаси катта. Шунинг учун мен зотдор сигирлар боқишни танладим”, дейди мусулмон йигит.

Акрам нега белорус халқи ўзларининг турмушни яхшилашга интилмаётганини кўриб ҳайрон бўлади. Оила бюджети ана шу сигирлар ҳисобидан тўлдирилади. Сутни сотиш билан бирга Акрам аёли билан бирга пишлоқ, творог, қаймоқ, қуюлтирилган сут (сгущёнка) ҳам тайёрлайди. Қолганлари – қўй, эчки ва паррандалар – тухум ва гўшт беради. Оила бошлиғининг айтишича, озиқ-овқатларининг 90 фоизи ўзлари етиштирган маҳсулотлардан. Дўкондан фақат ширинликлар сотиб олинади.

Дастлабки кезларда турк йигитига қишлоқ хўжалиги ишларини ўрганиб олишга қайнонаси ва бошқа яқинлари ёрдам берди. Акрам Белорусга келган вақтида уни ишлов берилмаган, қўриқ ва ниҳоятда унумдор даланинг кўплиги ҳайратга солган эди. У ана шу қўриқ ерлар тимсолида Белорусь иқтисодининг юксалишини кўрган эди.

Акрам қишлоқдаги қаровсиз қолган катта фермани сотиб олди.

“Жой ҳам етади, ер ҳам етади. Бу ерда яна кўплаб янгиликлар қилиш мумкин. Энг муҳими, одамлар истаса бас. Қишлоқ одамларини уйғотиш керак. Ҳамма нарсани давлатдан кутиб ўтириш тўғри эмас. Ўзимиз нималардир қилайлик. Мана мен бу ерга келдим – ўзимнинг давлатимда эмасман, қариндошларим ҳам, таниш-билишларим ҳам йўқ бу ерда. Пулим ҳам кўп эмас эди. Борига сигир, мотоблок ва аппарат сотиб олдим, бўлди. Мен – тил билмайдиган, ҳеч кимни танимайдиган бегона одам бўла туриб тўрт йилда шунча ишни қилишга улгурдим. Маҳаллий аҳоли нега қила олмасин бу ишларни?” дея савол оҳангида гапиради Акрам.

Акрам бунинг сабабларидан бирини спиртли ичимликлардан деб билади. майхўрлик оилани барбод қилади ва давлат равнақи йўлига тўғаноқ бўлади. “Агар шишага боғланиб қолсангиз, шўрингиз қурийди. Мендан қисқа вақт ичида қандай қилиб шунча нарсага эришганимни сўрашади. Мен унга: “Сен доим маст бўлганинг учун менинг қандай меҳнат қилганимни сезмай қолдинг. Сен бўкиб ичиб ухлаб ётганингда мен кўп ишларимни бажариб олган бўламан. Эрталаб товуқхона қуришни бошлаган эдим, кечқурун тугатдим” деб жавоб бераман”, дейди у.

Акрам оиласи билан яшаётган эски уйни қайта қурмоқчи. У белорусларнинг ақли бутун халқ эканига ишонади, фақат эринчоқ ёки шу қадар дангаса эканлигини ҳали ўзлари билмайди. Акрам бу ерда Истанбулга ўхшаб ҳаётнинг тезкорлигини кўрмаётир. Бироқ бу ҳол уни ташвишга солмайди, чунки бу қишлоқда бизнесни ривожлантиришнинг кўплаб омиллари бор деб ҳисоблайди.

“Кейинги вақтларда Белорусь ва Туркия ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб бормоқда. Белорусь – сокин, хотиржам, тинчгина мамлакат. Бу ерда тинчликсевар одамлар яшайди. Бу макондан ўрганадиган ва ўргатадиган нарсалар бор. Негаки, бизнинг маданиятимиз, менталитетимиз, таомларимиз ҳар хил. Бир-биримиздан ўрганадиган нарсаларимиз кўп”, дейди Акрам.

Белорус қишлоғилик Акрам тонгда ўз ошхонасида турк қаҳваси қайнатади. Ҳозир у бизнесини кенгайтириш ҳаракатида. Туркиядан танишларини чақириб, белорус бозорида нима харидоргирлигини маслаҳатлашмоқда.

“Турк ширинликларини қўмсаяпман. Яхши ҳамки уларнинг баъзиларини тайёрлашни ўзим биламан. Биз турк ширинликлари сотиладиган дўкон очишни режалаштиряпмиз, одамлар ширинликларимизнинг мазасини татиб кўришди”, дея режаларини ўртоқлашади Акрам.

Русчадан Дамин ЖУМАҚУЛ таржима қилди

Манба: Darakchi.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Белорусларга ўрнак бўлаётган мусулмон