
Фото: SOPA Images/LightRocket via Getty Images
Ўзбекистонда Хитойнинг Теmu маркетплейси фаолияти тўхтатилиши мумкин. Бу ҳақда 27 феврал куни Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги электрон тижорат бўлими бошлиғи Камронбек Муҳаммадиев маълум қилди, деб хабар бермоқда Spot.
2025 йилнинг 1 июлидан Ўзбекистонда халқаро платформалар учун янги қоидалар, жумладан, билдиришномалар реестри ва электрон тижорат субъектларининг махсус реестри кучга киради. 2024 йил 28 декабрдан кучга кирган тартибга кўра, электрон тижорат операторлари сифатида фақат юридик шахслар – Ўзбекистон Республикаси резидентлари фаолият юрита олади.
Камронбек Муҳаммадиев Теmu'нинг хорижда янги бозорларга чиқиш учун агрессив маркетинг стратегиясини қайд этган. Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги маълумотларига кўра, 2024 йилда Хитой бозори маркетинг ва нархларни тушириш учун 4 миллиард доллар сарфлаган, бу йил уларнинг харажатлари 10 миллиард долларга етиши мумкин.
“Биз уларнинг ҳуқуқ ва қонуний тадбиркорлик манфаатлари ҳимоясини таъминлашга ва Ўзбекистон бозорига расман кириб келишига ёрдам беришга тайёрмиз, бироқ улар мурожаат қилишлари керак. Теmu томонидан ҳали бундай [қизиқиш] бўлмаган, аммо силжиш бор. Бунгача шартлар бажарилмаса, уларнинг фаолияти тўхтатилишини, ҳатто блоклаш даражасида бўлишини айтган эдик”, – деди Мухаммадиев.
Spot мухбири эҳтимолий блокировка санаси ҳақида сўраганида агентлик электрон тижорат бўлими бошлиғи “бу тез орада бўлади” деб жавоб берган.
Ўз навбатида, агентлик директорининг биринчи ўринбосари Вячеслав Пак хорижий маркетплейсларнинг “ноқонуний фаолияти” Ўзбекистон иқтисодиётига “зарар етказиши”ни таъкидлади. Унга кўра, маҳаллий бозорга товарларни етказиб беришда солиқ ва божхона тўловлари тўланмайди, юк ташиш ва тўлов учинчи томон компаниялари томонидан амалга оширилмайди, шунингдек, валютанинг чиқиб кетиши ҳам кузатилмоқда. Биргина Теmu сабаб валютанинг чиқиб кетиши ҳажми 2024 йилда 10 миллион доллардан ошган.
“Ёки улар Ўзбекистонга келиб, шу ерда шуъба корхонасини очади ёки солиқ идораларидан рўйхатдан ўтиб, ҚҚС тўловчига айланади”, – дейди Пак.
Унинг фикрича, республикада хорижий бозорларнинг ваколатхоналари мавжуд эмаслиги маҳаллий истеъмолчиларни нуқсонли товарларни қайтариш ёки шикоят қилиш имкониятидан маҳрум этади.
Маълумот учун, ўтган йилнинг охиридан буён Теmu мобил иловаси Ўзбекистонда энг оммабоп иловалар қаторидан жой олган.
Ўзбекистонда рўйхатдан ўтмаган хорижий электрон савдо платформаларининг фаолияти чекланишига оид Вазирлар Маҳкамаси қарори эса 2025 йил бошида қабул қилинганди. Бу ерда гап фақат Теmuʼга алоқадор эмас, балки AliExpress, Аmazon ва Ozon каби бошқа қатор маркетплейслар, Netflix ва Spotify каби стриминг сервислари, Booking.com ва Airbnb каби буюртма агрегаторларини Ўзбекистонда солиқ тўлашга мажбурлаш ҳақида кетмоқда. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар