Интернетга қарамлик кундалик ҳаёт, ижтимоий муносабатлар ва руҳий саломатликка салбий таъсир кўрсатади. Бу ижтимоий тармоқларга, видео ўйинларга, онлайн харидларга ёки узлуксиз контент томоша қилишга қарамлик шаклида намоён бўлиши мумкин. Бошқа одатларга қарамлик сингари интернетга қарамлик ҳам инсонда завқланиш ҳиссини берувчи дофамин ҳосил бўлиши билан кечади, шу сабабдан уни назоратга олиш жуда мушкул.
Хитойнинг Гуанси университети доктори Ян Ян раҳбарлигидаги олимлар гуруҳи ўз тадқиқотида талабалар орасида интернет қарамлигига қарши курашиш усули сифатида жисмоний машқларнинг самарадорлигини баҳолади.
Мутахассислар интернетга қарамлик ташхиси қўйилган 760 нафар талаба иштирокидаги 14 та илмий тадқиқот натижаларини таҳлил қилди. Барча тажрибалар Хитойда ўтказилган.
Ушбу тадқиқотлар доирасидаги жисмоний фаоллик уч хил ҳаракат кўникмасини ўз ичига олган: очиқ ҳаракат кўникмаларини ривожлантирувчи машқлар, ёпиқ ҳаракат кўникмаларини шакллантирувчи машқлар ва уларнинг комбинацияси. Очиқ ҳаракат кўникмалари ўзгарувчан муҳитда жисмоний фаолликни талаб қилади ва унда ташқи таъсирларга жавоб бериш керак бўлади. Баскетбол ёки футбол каби жамоавий спорт турлари бунга мисол. Ёпиқ ҳаракат кўникмалари эса, аксинча, барқарор муҳитда такрорланадиган ҳаракатларни назарда тутади — югуриш, сузиш ёки мушак машқларини бажариш каби.
Дастурлар давомийлиги тўрт ҳафтадан ўн саккиз ҳафтагача бўлиб, ҳафтасига икки мартадан беш мартагача машғулотлар ўтказилди. Ҳар бир машғулот 50 дақиқадан 120 дақиқагача бажарилди. Алоҳида назорат гуруҳидаги талабалар эса ҳеч қандай жисмоний юкламалар олмади ва одатдаги турмуш тарзини давом эттирди.
Натижалардан маълум бўлишича, жисмоний фаоллик интернетга қарамлик аломатларини камайтиришга сезиларли таъсир кўрсатади. Бундан ташқари, машқлар ташвиш, стресс, ёлғизлик ҳисси ва ўзига ишончсизликни камайтиришга ёрдам берган, шунингдек, умумий руҳий саломатликни яхшилашга ҳисса қўшган.
Очиқ ҳаракат кўникмаларини ўз ичига олган ёки уларнинг ёпиқ кўникмалар билан комбинациясини бажарган қатнашчиларда айниқса сезиларли натижа кузатилди.
“Тадқиқотимиз шуни кўрсатдики, жисмоний фаоллик талабалар ўртасида интернетга қарамликка қарши курашнинг самарали усули ҳисобланади. Энг яхши натижага очиқ ва ёпиқ ҳаракат кўникмаларини бирлаштирган машқлардан фойдаланганда эришилади”, — деб хулоса қилди тадқиқот муаллифлари.
Ишончли натижаларга қарамасдан, тадқиқот маълум камчиликларга эга. Биринчидан, барча тажрибалар фақат Хитойда ўтказилгани сабабли, хулосаларни бошқа мамлакатлар ва маданиятларда қўллаш чекланиши мумкин.
Иккинчидан, тадқиқотда фақат талабалар иштирок этган, бошқа ёш гуруҳларида жисмоний машқларнинг интернетга қарамликка таъсири ўрганилмаган. Шунга қарамай, олинган маълумотлар жисмоний фаолликнинг интернетга қарамликнинг олдини олиш ва даволашдаги аҳамиятини кўрсатади. Улар соҳада янги терапевтик стратегияларни ишлаб чиқиш учун асос бўлиши мумкин. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар