Қамчиқда юк машинаси ағдарилди, юклар сочилиб кетди

Қамчиқ довонида навбатдаги йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Юк автомобили ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиши оқибатида транспорт воситаси йўл четида ағдарилиб кетган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, ҳодиса 14 июнь куни соат 04:20 атрофида рўй берган. Дастлабки маълумотларга кўра, юк машинаси ҳаракатланаётган вақтда ҳайдовчи уни бошқаришда қийналган ва натижада автомобиль ён томонига ағдарилган.
Ҳодиса оқибатида инсонлар жабр кўрмаган. Қурбонлар ва тан жароҳати олганлар йўқ. Бироқ транспорт воситасига юкланган маҳсулотлар йўл қатнов қисмига сочилиб кетган.

Воқеа жойига етиб борган ФВВнинг Қамчиқ махсус қидирув-қутқарув бошқармаси ходимлари тезкор чоралар кўриб, ҳодиса оқибатларини бартаф этган. Шунингдек, йўлда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш бўйича зарур ишлар амалга оширилган.
Мутасаддилар ҳайдовчиларни тоғли ҳудудларда ҳаракатланишда эҳтиёткор бўлиш, тезликни меъёрда сақлаш ва йўл шароитига мос ҳаракат қилишга чақирмоқда.





























Изоҳлар 0
…