
Сўнгги йилларда туркларнинг Германия фуқаролигини олиш ҳолатлари кескин ортган. 2024 йилда бу рақам 22 мингдан ошиб, аввалги йилга нисбатан 110 фоизга кўпайган. Бу ҳолат Германияда яшаётган турклар орасида фуқароликка бўлган талаб ва эҳтиёжнинг ошганини кўрсатади. Бунинг бир неча асосий сабаблари мавжуд: бюрократик енгиллик, сиёсий ва иқтисодий сабабларга кўра Туркиядаги ҳаётдан норозилик ҳамда икки фуқаролик ҳуқуқининг тақдим этилиши.
Биринчи сабаб — Германияда яшаш ва ишлашни истаганлар учун фуқаролик амалий қулайликларни тақдим этади. Масалан, Алаз Сумер исмли адвокат Германияга таҳсил олиш учун келиб, бу ерда яшаш ва ишлашни давом эттирган. Унга кўра, фуқаролик олиш орқали бюрократик муаммолардан қутулиш мумкин, чунки доимий яшаш рухсатномасини олиш ва янгилаш жараёнлари анча мураккаб ва вақт талаб этади.
Иккинчи сабаб — Германия паспортининг кучи. Бурак Кежели исмли АйТи мутахассиси Германияда яшаб, тилни ўрганиб, ишлашни давом эттирган ва фуқаролик олиш орқали сиёсий жараёнларда иштирок этиш, визасиз саёҳат каби имкониятларга эга бўлганини таъкидлайди. 2025 йилги Глобал Паспорт Индексига кўра, Германия паспорти билан 131 давлатга визасиз кириш мумкин, Туркия паспорти эса фақат 75 давлатга рухсат беради.
Учинчи сабаб — 2024 йилдаги фуқаролик қонунидаги ислоҳотлар. Эндиликда икки фуқароликни сақлаб қолиш мумкин, бу эса Германияда доимий яшашни истаган, бироқ ватани билан алоқани узишни хоҳламаганлар учун катта рағбат бўлди. Шу билан бирга, илгари 8 йиллик яшаш талаби 5 йилга туширилган эди, бу эса кўпчилик учун фуқароликни тезроқ олиш имконини яратди.
Аммо Германияда ўзини тўлиқ “уй эгаси” деб ҳис қилиш ҳамма учун осон эмас. Кўплаб турклар, жумладан Алаз Сумер ва Бурак Кежели, Германияда яшашларига қарамай, ўзларини немис эмас, балки ҳануз турк деб ҳисоблашади. Улар Туркияни “уй” деб билишда давом этишади, оилалари, маданий алоқалари ва ҳиссий боғлиқликлари ўша ерда қолмоқда.
Германиянинг Deutsche Welle нашрига кўра, Туркияда сиёсий эркинликларнинг чекланиши ва иқтисодий инқироз ҳам Германияга кўчишга сабаб бўлмоқда. Сўнгги ўн йилликда турк лираси кескин қадрсизланди. Фуқаролар орасида эркин академик ёки профессионал фаолият юритиш имконияти кам деган фикрнинг пайдо бўлиши ҳам мамлакатни тарк этишга ундовчи омиллардан бири бўлиши мумкин. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар