Тошкентдаги даҳшатли ЙТҲ уч инсон умрига зомин бўлди

Тошкент шаҳрида содир бўлган оғир йўл-транспорт ҳодисаси уч нафар инсоннинг ҳаётига нуқта қўйди. Мудҳиш тўқнашув пойтахтнинг Учтепа тумани ҳудудида жойлашган чорраҳалардан бирида рўй берган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса 16 июнь куни соат 03:10 атрофида Тошкент ҳалқа автомобиль йўлида содир бўлган. Lacetti русумли автомобил ҳайдовчиси чорраҳада чап томонга бурилиш вақтида қарши йўналишда ҳаракатланаётган BYD билан тўқнашган.
Текширувлар давомида BYD автомобилини вояга етмаган шахс бошқариб келгани маълум бўлди. Айтилишича, у ҳали ҳайдовчилик гувоҳномасини олмаган бўлган.
Тўқнашув жуда кучли бўлгани сабабли Lacetti ҳайдовчиси ҳамда автомашинада бўлган икки нафар йўловчи оғир жароҳатлар олган ва уларнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмаган.
Ҳодиса жойидан олинган тасвирларда автомобиллар қаттиқ шикастлангани, эҳтиёт қисмлар йўл бўйлаб сочилиб кетгани кўринади. Шунингдек, кучли зарба таъсирида йўл четидаги бекат иншоотига ҳам зарар етган.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан жиноят иши қўзғатилган. Айни вақтда воқеанинг барча сабаб ва тафсилотларини аниқлаш бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда.





























Изоҳлар 0
…