Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда сиртқи таълимга 2-3-курсдан қабул қилишга оид шубҳали эълонлар кескин кўпайди, деб хабар берди ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев. Мазкур эълонларда консалтинг фирмалари ваъда қилаётган хизматлар орқали талабаларнинг қонунийликка зид равишда юқори курсларга кириши ташкил этилаётгани аён бўлди.
Блогер ва ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев ушбу муаммони ўрганиш мақсадида эълон берган фирмалардан бирига мижоз сифатида мурожаат қилди ва жуда кўп қизиқ маълумотларни аниқлади. Биринчи навбатда, турли хусусий фирмалар 2-3-4, ҳатто 5-курсдан сиртқи таълимга “қабул” қилиб беришни, бунда рўйхатда 50 дан ортиқ йўналиш борлигини айтишади. Мижозларга 10 дан ортиқ хусусий университет рўйхати таклиф этилади — исталганини танлаш мумкин. Хизмат нархи йўналишга қараб 10 миллион сўмдан 30 миллион сўмгача бўлиб, бу фақат фирманинг “харажати”; университет контракт пули эса алоҳида тўланади.
Яна бир жиддий жиҳати — фирмалар сизнинг номингизга Россия, Қирғизистон, Қозоғистон ёки Тожикистондаги олийгоҳларда ўқияпти, деган сохта ҳужжат тайёрлаб беришади, лекин бу ҳужжатни ўзида сақлашади, мижозга кўрсатишмайди. Кейин эса, шу “қоғоз” билан гўёки “перевод” қилгандай, Ўзбекистондаги хусусий университетнинг юқори курсига қўшиб қўйишади. Университет шартнома бериб, контракт пулини тўласангиз бўлди — сиз ҳеч қандай қийинчиликсиз 2-, 3-, 4- ёки ҳатто 5-курс талабасига айланасиз.
Юрист Худойбердиев таъкидлаганидек, бу жараёнга айрим университетлар ҳам алоқадор бўлиши мумкин, чунки ҳар қандай нуфузли олийгоҳ талабанинг ҳужжатини текширишга мажбур. Бироқ йирик маблағлар тўланиши натижасида айрим таълим муассасалари ушбу коррупциявий схемада иштирок этяпти.
Энг даҳшатлиси — фирмалар талабани олийгоҳга жойлаб қўйиш билан чекланишмайди, балки Вазирликнинг HEMIS дастурига орқа сана билан киритиб қўйишади. Бунда мижоздан контракт тўлиқ тўланиши сўралади.
Худойбердиевнинг маълумотларига кўра, 2025 йил бошидан 3 июлгача 41 812 нафар талабанинг маълумоти HEMIS’га киритилган, шундан 25 821 нафари сиртқи таълимга қўшилган. Албатта, бу ҳолат кўплаб саволлар уйғотмоқда: назорат механизми қайда? Коррупцияга қарши кураш ҳақиқийми? “Қанақа қилиб??? Наҳотки буни ҳеч ким назорат қилмаган???” – дея савол қўйган ҳуқуқшунос.
Юрист айтишига кўра, айрим хусусий университетларда 3-4-курсларга минглаб талаба “ҳужжатлар” билан қабул қилинган. Бу эса ҳозирги вазиятни “ошкора жиноят”га айлантиряпти — кўз ўнгида бўлаётган коррупциянинг барчаси барча учун маълум, аммо амалий чора кўрилаётгани йўқ.
“Бу не сир-у синоат, ўртоқлар? “Ошкора қотиллик қиссаси”га ўхшаб, куппа-кундуз куни жиноят содир этишса, ҳаммамиз томошабин бўлиб турамизми? Қизиқ-ку... Жуда қизиқ...” – дея ўз постини якунлаган юрист Худойбердиев.
Мазкур ҳолат таълим тизимидаги шаффофлик ва қонунийлик масалалари яна бир бор жиддий эътиборга муҳтож эканини кўрсатмоқда. Ахир, келажак эгалари бўлган ёшлар тақдири савдо объектига айланмаслиги лозим.