Таҳририятга бир аёл қўнғироқ қилди. У ҳам дардига малҳам, муаммосига чора излётганлардан бири эди.
– Уч қизим бор, – дея сўз бошлади у. – Кенжамни турмушга узатганимдан сўнг енгил нафас олдим. Ишқилиб, борган жойидан бахт топсин, ували-жували бўлиб, ўзидан кўпайсин, деб туну кун дуо қила бошладим. Аммо...
Тўйдан уч ҳафталар ўтгач, оқшом чоғида қизим кириб келди. Онаман-да, дарров юз-кўзига разм солдим. Туси яхшимас. Ҳушим бошимдан учди. «Мен у билан яшамайман. Уни ёмон кўраман», деди отасидан ҳам ийманмай.
Ўзи шу кенжамнинг феъл-атвори мураккаброқ эди. Ўз билганидан қолмасди, унча-мунча гап ёқмасди. Куёвга ҳам эркалик қилган бўлса, ораларидан гап қочган. «Онаси, тур ўрнингдан, қизингни етаклагин-да, дарров обориб ташла. Қўни-қўшни билмасин, уятга қоламиз», деди эрим.
Қизимни келинлик уйига ташлаб келдик. Орадан икки ой ўтгач, эса қудаларим чақиртиришди. Юрагим "шиғ" этди. Бордик. «Не-не орзу-ҳаваслар билан қизингизни келин қилувдик. Лекин, кундан-кунга ҳафсаламиз пир бўляпти. Аввал бошда бизнинг хизматимизни қилмаса-қилмасин, ўғлимизнинг ҳурматини жойига қўйса бўлди, деб индамадик. Ишлайман, деди, кўнглига қарадик. Кеч қайтса, иши кўпайгандир, дедик. Аммо у борган сари ҳаддидан ошди. Келин бўлиб на насиҳатимизга қулоқ тутади, на эрининг гап-сўзини тинглайди. Юзингда кўзинг борми, демай гап қайтариб, ўғлимни беҳурмат қилса... Уйим-жойим дейдиган хотин бу ишларни қилмайди», – деди эркак қуда.
Тўсрайиб ўтирган қизим уялмай-нетмай дилидагини айтди-қўйди: «Эримни ёмон кўраман. Бошқасини яхши кўраман. Ўғлингиздан ажраб, ўшанга тегаман»…
Отаси менга қаради. Шундай қарадики, қиз туққанимга минг-минг пушаймонлар едим ўша онда. Аммо қизига бир сўз демади. Юзига ҳам қарамади. Уйга қайтдик.
Кўп ўтмай, ваъдалашган йигитидан совчилар келди. Шунча кундан буён дардини ичига ютиб юрган эрим вулқондай портлади, совчиларни қувиб солди. Қизининг юзига бир шапалоқ тортди.
Кексалар: "Эрдан чиққан қиз асрашдан муз асраш осон", деб бежиз айтишмаган экан. Эл аро шарманда бўлишдан қўрқиб, эрта-ю кеч унинг изини пойлайман. На еб-ичганимда, на ётиб-турганимда ҳаловат бор.
Бир куни дугонаси тўйга айтиб кетди. Қаршилигимга қарамай, отаси келгунча қайтишни ваъда қилиб, дугонаси билан кетди ва... шу бўйи уйга қайтмади. Биз учун ҳақиқий изтиробли кунлар бошланди. Маҳалла-кўйга қўшилолмай қолдик. Ҳатто бозор-ўчарга боришга ҳам ийманамиз…
Бир ҳафта аввал катта қизим уч боласини етаклаб йиғлаганча кириб келди. Айтишича, куёв синглисининг қилмишини юзига солиб, камситармиш, кўз очирмасмиш. Сен ҳам бузуқсан, дея ҳақоратлармиш. Куёвига насиҳат қилгани борган эримга ҳам шунга ўхшаш гаплар айтиб, мулзам қилиб жўнатибди...
Эрим шу кунларда бор аламини мендан ва қайтиб келган катта қизимдан олаяпти. Ҳаётдан тўйиб кетаяпман. Бир ёруғ нур йўқдай. Кенжам-ку, қилмишига, хатосига яраша жазосини олар бир куни, аммо катта қизимнинг ҳам оиласи бузилиб кетса, бунга қандай чидайман.
Нима қилай, азизлар? Нима қилсам, бу оилани сақлаб қолишим мумкин?
Шаҳло ТОШБЕКОВА ёзиб олди
Манба: Erk.uz “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар