Бўритош Шодиева Ислом Каримовнинг махфий топшириғи ҳақида айтиб берди

  • 19 июль 2019, 08:05
  • 3 726
  • Жамият
  • Бўритош Шодиева Ислом Каримовнинг махфий топшириғи ҳақида айтиб берди
    Ёзувчи Акбар Мирзонинг “Президентнинг бажарилган топшириғи ёхуд бугуннинг “Тўмарис” аёли” номли мақоласи ЎзА томонидан эълон қилинди. Унда республика Хотин-қизлар қўмитасида раис ўринбосари бўлган, шунингдек, Олий Мажлисда ишлаган Бўритош Шодиева билан суҳбат уюштирилган. Қуйида суҳбат матни тўлиқ ҳолда келтирилади.

    Олтмиш олтини қораланган, сочларини қиров босган, кенг пешонасида шафқатсиз ҳаётнинг қат-қат изи қолган Бўритош опа гапга анча чечан бўлса-да, кўнгилдаги сирларни дарҳол ошкор қиладиган аёллар тоифасидан эмас экан. Айни пайтда олиб бораётган ишлари хусусида тўлқинланиб гапириб берди, аммо ўзи кўрсатган жасоратлар ҳақида сўз кетганда хаёлга толди. Кейин менга маъноли нигоҳ ташлаб, “Сирлигича қола қолсин”, дедилар астагина.

    “Ёшларга ибрат қилиб кўрсатамиз”, дедим, яқин тарихимизни ўрганяпмиз деб важ кўрсатдим, мустақиллик учун курашган, уни сақлаб қолиш учун жонини тиккан инсонларни халқимиз билиши лозимлигини тушунтирдим. Бироқ опа негадир жим эди. Табиатан тортинчоқ эмасман, қайсарлик, ўжарлик каби хислатларим ҳам бор. Офисимдаги деворга ҳам “Ҳеч қачон таслим бўлма!” деган мақолни ҳаётий шиор қилиб ёзув қўйганман...

    Москвадаги Олий партия мактабининг тингловчисиман, – ва ниҳоят, анча йиллар аввал рўй берган воқеани сўзлаб беришга рози бўлди Бўритош опа. Аслида мен Сурхондарёнинг Узун ва Сариосиё туманларида кўрсатган қаҳрамонликларини ёдига солиб, шу ҳақида гапириб беришларини илтимос қилгандим. Бироқ суҳбатни узоқ Москвадан бошладилар. Умуман олганда, дебочаси чакки эмас эди. Қалбига йўл топсам, ҳаммасини билиб оламан, деб ўйлаб, сабр қилишга қарор қилдим.

    – Бу вақтда республикамизда собиқ СССР Прокуратурасининг терговчиси Гдлян бошчилигидаги махсус гуруҳ бутун куч-қудратини, макрини, шафқатсизлигини ишга солиб, халқимизнинг асл фарзандларини элакдан ўтказаётган эди. Гоҳ марказий телевидениеда, гоҳ матбуотда Гдляннинг интервьюлари бериб борилар, фактларда асосан ўзбекистонлик раҳбарларнинг олган поралари, улар топшираётган пуллар, олтин ва кумушлар тўғрисида гап кетарди.

    “Ҳаммаси порахўр, ҳаммалари давлатни талаган, ҳисобсиз бойлик орттирган товламачилар, юлғичлар!” деган ҳақоратларнинг залворидан бошимиз эгик, тилимиз қисиқ эди.

    Биз тинглайдиган курсларда асосий мавзу қолиб кетиб, ўша интервьюлар, мақолалар, фоторепортажлар қайта-қайта муҳокама бўлар, ўқитувчилар бир-биридан ўтказиб республикамизда содир бўлаётган жиноятлар хусусида тинимсиз баҳс юритишарди.

    Ўша вақтларда Москва мэри бўлган Борис Николаевич Елцин бизга дарс ўтар, Гдляннинг қаҳрамонликлари тўғрисида фахр билан гапираркан, биз ўзбеклар томонга тез-тез нигоҳ ташлаб қўярди.

    Унинг зимдан қарашларига, аччиқ пичингларига чидай олмай бизлар елкамизни қисардик, столнинг тагига кириб кетгудек бўлардик.Бироқ навбатдаги дарсда ўзимни тутиб туролмадим. Шарт ўрнимдан туриб,ҳамма ўзбеклар ҳам порахўр эмаслигини,ўз юртининг келажаги учун жонини жабборга бериб, ҳалол-пок ишлаётганлар ниҳоятда кўплигини, бундай ишларда оддий халқнинг айби йўқлиги исботлашга тушиб кетдим.

    Меҳнаткаш одамларимиз эртадан кечгача далада ишлаётгани, пахта режасини бажарамиз, деб гулдай умри шудгорда ўтаётганини, мажбуран топширилаётган тилла ва кумушлар эса одамлар ноҳақ қамалаётган оталари, ака-укалари учун бераётган шахсий мол-мулклари, фарзандларининг тўйига атаб йиғаётган тақинчоқлари эканини рўй-рост гапириб ташладим.

    Ёнимда ўтирган қайсидир ҳамюртим енгимдан тортар, гапимни тўхтатиб дарҳол узр сўрашга ундарди. Бунга сари юрагимдан отилиб чиқаётган нидо – аччиқ ҳақиқатни сўзлашда давом этардим. Бошладимми, охирига етказишга қарор қилдим. Курсдан ҳайдалишим аниқ, демак, ниманики билсам, етишган, кўрган бўлсам, ҳаммасини айтиб қолишим керак!

    Курсдагиларнинг баъзилари журъатимдан ҳайрат тўла нигоҳларини менга қадашган, гапим тугаши билан нима воқеа содир бўлишини кўз олдиларига келтиришган чоғи қарашлари тобора ачиниш тусини ола бошлаган, айримлар эса миллатини оқлашга жазм қилган мендай аёлнинг жасоратини ақлсизликка, шаккокликка йўйган, дарсдан сўнг менга нисбатан қўлланиладиган ҳар қандай жазони ҳақ деб ҳисоблашга тайёр туришарди.

    Борис Николаевич Ельцин гапларимни бўлмади, диққат билан охиригача эшитди. Сўнг катта бошини маъноли қимирлатиб қўйди-да, аудиторияни тарк эди. Курсимизда ўн бешта республиканинг барчасидан вакиллар бор эди.

    Уларнинг бирортаси менга эътироз билдиришмади, фақат... фақатгина ўзимизникилар ёнимга келиб маломат тошларини ёғдира бошлашди: “Энди сенга қўшиб бизларни ҳам ҳайдашади!”, “Нималар қилиб қўйдинг, аҳмоқ қиз, қамалиб кетмоқчимисан?”, “Сенга ким қўйибди, Ельциндай шахсга қарши гапиришни, энди Ўзбекистонга қайтиб бормайсан, шу ернинг ўзида қамоққа олинасан!”

    Боя гапираётган пайтимда юрагимда заррача қўрқув аломати йўқ эди. Ўз шерикларимнинг ваҳимали гап-сўзларидан кейингина ичимга ғам тушди. Менга далда бўлиш ўрнига, танбеҳ бераётган, маломат қилаётган баъзи ҳамшаҳарларимнинг тутган позициясидан энсам қотди, уларга нима деб жавоб қилишни билмай қолдим.

    Ноилож бериладиган жазони кута бошладим. Албатта, кимдир аудиторияда бўлган гап-сўзларини юқорига етказган эди. Ҳа, кейинги дарсда мени Москва райкомига чақиришди. Ортимдан ҳеч ким бормади. Юраги бетлаб, далда ҳам беролмади.

    Райкомнинг қабулхонасида турарканман, ўтган-кетганлар менга ўқрайиб қарашар, айримлари ҳатто туртиб ўтишга жазм қилган ҳам эди. Совуқ муносабат ва юрагимни тобора эгаллаб бораётган ғуссадан оёғимга титроқ тушса-да, аммо буни сездирмасликка ҳаракат қилиб деворга маҳкам суяниб олдим. Мардлик қилиб гапиргандан кейин охиригача туриб бер, деган ички бир нидо қаддимни тик тутишга, қоғоз кўтариб у ёқдан - бу ёққа чопаётган партия ходимларининг кўзларига дадил қарашга ундар эди. Шундай бир ҳолатда анча туриб қолдим. Кўз ўнгимдан эрим, болаларим ўта бошлади. Мени ўқишга юборган раҳбарларнинг ғазабга тўла нигоҳларини кўргандай бўлдим.

    Кимдир келиб қўлимга кишан солиб, қамоқхонага судраши хаёлимдан ўта бошлади. Ваҳимали ўйлар қуршовида қолган эдим. Вақт худди тўхтаб қолгандай эди назаримда.

    Соат миллари имиллаган сари бошим тарс ёрилиб кетгудек бўлар, бинодан тезроқ чиқиб кетиш учун ҳар қандай жазони олишга шай эдим. Босим шу даражада кучли эдики, аянчли ҳодисалар хаёлимда чарх ура бошлади. Қаттиқ ўй одамни ўлдириши мумкин, деса ишонмасдим, ана энди шу кўргиликлар ёш бошимдан ўтаётган эди. Бир пайт мени ичкарига чақириб қолишди. Оёғимда мадор қолмаса-да, иродасизлик қилиб шарманда бўлишни истамадим.

    – Шодиева деганлари сенмисан? – деди юқорида ўтирган бадқовоқ киши кўз остидан менга нигоҳ ташлаб.
    – Ҳа.
    – Нега Совет ҳукуматига қарши гапирдинг? Нима бизнинг олиб бораётган одилона сиёсатимизга қаршимисан?
    – Гдлян ва Ивановларнинг ҳамма ишлари ҳам одилона эмас.

    – Қандай ҳаддинг сиғди, совет прокуратурасининг ходимларига туҳмат қилишга?! Сенинг жойинг қамоқда! – зарб билан тушган муштдан стол тарақлаб кетди. Унинг устидаги нарсалар учиб тушди. Кейин эшик бирдан очилиб, қўлида кишан кўтарган милиция ходимлар пайдо бўлди. Худди шу дамда телефон жиринглаб қолди.

    – Эшитаман, Борис Николаевич! – деб беихтиёр ўрнидан туриб кетди мени сўроқ қилаётган Ижроқўм раиси. – Нима қилардим, сизга шартакилик қилган, совет ҳукуматининг олиб бораётган доно сиёсатига қарши гапирган Шодиевани қамоққа олишларини буюрдим. Нега? Ахир у... Совет давлатига қарши, – ҳозиргина фахр ва ғурур билан гапираётган Ижорқўм раисининг ранги ўзгара бошлади. – Қандай кечириб бўлади? Балки қарорингизни ўзгартирарсиз? Майли, ўзингиз биласиз.

    Бу сўзлардан кейин аста қаддимни тик тута бошладим. Қарашларим дадиллашди. Юрагим сезди, ҳаммаси яхшилик билан тугаганини. Ҳа, Борис Николаевич Ельцин мени тўғри тушунган, ҳар бир миллатнинг вакили худди шундай бўлиши кераклигини билган ва дарсга қайтишимга рухсат берган эди.

    – Кўзимдан йўқол! – деди режаси амалга ошмай қолган Ижроқўм раиси.

    Мен шу заҳоти ўқдай отилиб, ташқарига чиқдим. Тўйиб-тўйиб эркин нафас оларканман, ҳақиқатнинг кўзига тик қараган ўқитувчимдан миннатдор эдим.

    “ШИФОКОР БЎЛИБ БОРАСАН!”
    Бу воқеани сўзлаб беришга кўндириш мен учун осон бўлмади. Тушунаман, юқори лавозимларда ишланган раҳбар кадрлар учун давлат аҳамиятига эга бўлган маълумотларни маълум муддат ошкор қилмаслик талаб етилади. Лекин шахснинг амалга оширган жасорати қанчалик муҳим, қанчалар сир бўлмасин, халққа, айниқса, эртанги куннинг эгалари бўлмиш ёш авлодга етиб бориши керак эмасми?

    Ёшлар ўзларининг ота-оналари, маҳалладош ёхуд юртдошларининг мардлик намунаси бўлмиш воқеа-ҳодисаларнинг тафсилотлари билан қанчалар эрта танишса, уларда инсонларга бўлган меҳр-муҳаббат, ватанига бўлган садоқат шунчалар тез шаклланади ва катталардай мард, жасур ва довюрак бўлишга интилишмайдими?

    Ўткир ака билан Узун ва Сариосиё туманларига қилган саёҳатимиз, ёвуз ниятли кимсаларнинг нима учун айнан шу икки ҳудудга киришгани, у ерларда жангарилар тўдаси билан олиб борилган жанг, уларнинг кўрсатган қаршиликлари хусусида тўплаган фактларим, сўраб-суриштиришларим асосида “Снайпер” деган қисса ёзганим ва бу асар 2018 йилда “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан китоб ҳолида нашр этилгани ҳақида анча гапириб берганимдан кейингина Бўритош опанинг дилига йўл топгандай бўлдим.

    – Бир бир савол қийнайди, – дея сўрайман Бўритош опадан. – Жангарилар тўғрисидаги махфий маълумотларни Бош қўмондонга ким етказди? Махсус разведкадагиларими ёки ўша ердаги аҳоли вакиллари орасида ўз одамимиз бўлганми?

    Худди шу савол Бўритош опанинг юрак тубига яшириб қўйган сирларни очишга туртки бўлди, деб ўйлайман.
    – Билмасангиз қўймайсиз шекилли? – дея менга маънодор қараб қўйди суҳбатдошим.
    – Ахир шу ниятга келганман, – дедим ташрифимнинг боисини очиқ айтиб.
    – У вақтда мен ... вазифасида ишлардим. Бир куни Ўзбекистон биринчи Президенти Ислом Каримов ҳузурига чақириб, Сурхондарёнинг Узун ва Сариосиё туманларида ғараз ниятли кимсалар пайдо бўла бошлагани тўғрисида ташвишланиб гапириб қолдилар.

    Ҳайрон бўлдим, ахир мен аёл кишиман, бундай хатарли юмушга қандай алоқам бори экан? Нечун айнан менга сўзлаб беряпти? Шундай саволлар кўнглимдан ўтаркан, Президентга юзландим.

    – У ерга бориш керак. Ҳеч кимда шубҳа туғдирмай бемалол кириш лозим. Шундагина газандаларнинг қанчалигини, қандай қуролларга эга эканлигини, яна қайси қишлоқларда одамлари борлигини билиб оламиз.
    – Аёл киши бегона қишлоққа қандай кириши мумкин? Фақат шифокор бўлиб.
    – Ҳа, дилимдагини топдинг. Калланг ишлайди, Бўритош Аминовна! Президент биринчи марта менга расмий мурожаат қилаётган эди. Ғалати бўлиб кетдим. Гапларини диққат билан тинглай бошладим.

    – Тўғри айтдинг, Узун ва Сариосиёга “шифокор” бўлиб кириб борасан. Ёнингга уч-тўртта ўзингга ишонган аёлларни олгин-да, бориб қишлоқ аёлларини кўрикдан ўтказ. Агар янглишмасам, форс тилини яхши биласан. Шунинг учун бутун диққат-эътиборинг қишлоқдаги бегона одамларда бўлсин. Улар нима иш билан банд, бир-бирлари билан нима ҳақида гаплашяпти, ҳаммасини билишим керак. Тушундингми, бу жуда муҳим топшириқ. Сенга ишонганим учун ҳам айтяпман, бу гапларни.

    Президентнинг ташвишини тўғри тушунардим. Юртимизга суқилиб кирмоқчи бўлган ҳар қандай ёвуз ниятли махлуқлар у кишини қаттиқ ранжитар эди. Жангарилар тинч аҳолига ташвиш келтириши, фаровонликка рахна солиши аниқ эди. Тошкентдаги қўпорувчилик жиноятлари туфайли қанчадан-қанча бегуноҳ юртдошларимиз нобуд бўлганига ҳали унча кўп вақт бўлмаган эди. Наҳот, энди Сурхондарёда давлатимизга ташвиш туғдирадиган кунлар бошланган бўлса?!

    Шундай қилиб, мамлакатимизнинг жанубига отландим. Ҳамшираликдан хабарим борлиги учун “шифокор” ролига кириш менга унчалик қийинчилик туғдирмади. Қишлоқма-қишлоқ юриб, хотин-қизларни тиббий кўрикдан ўтказа бошладик. Бироқ бегона кишилар бизга шубҳа билан қарашар, ҳар бир босган қадамимизни эринмай кузатишар эди. Бўйнигача соқол қўйган, пахмоқ сочли кишиларнинг айримлари ҳатто бева аёлларга уйланиб ҳам олган экан. Улар хотинларини текширишга қўйишмас, бизга қаттиқ қаршилик ҳам қилишарди.

    Шундай жанжалларнинг бирида барзанги бир киши қаршимга келди-да, икки қошимнинг ўртасига мушт туширди. Ўзимни эплолмай орқага йиқилдим. Бурнимдан тирқираб қон келди. Бироқ шафқат нима эканлигини билмайдиган кимса, бунга парво ҳам қилмади. Аксинча, тўппончасини пешонамга тираб, агар яна бир марта аёлига сўзимни ўтказадиган бўлсам, у шартта отиб ташлашини айтиб дағдаға қилди.

    Менга худди шу беписандлик билан қилинган совуқ муносабат қаттиқ таъсир қилди. Ким бу ерда хўжайин? Келгинди кимсаларми ёки шу юртнинг фуқароси бўлган бизларми? Иккита қишлоқни кўриб ортга қайтмоқчи эдим, аммо юрагимда туғилган нафрат мени охиригача курашга чорлади. Сариосиёнинг деярли барча қишлоқларини кўздан кечириб чиқдим.

    Тунлари уйқум келмай ўт-ўланлар орасида, деразаларнинг тагида бегоналарнинг гап-сўзларига қулоқ тутдим. Ҳар бир кўрган ва эшитганларимни эслаб қолишга ҳаракат қилдим. Қурол-яроғи сақланадиган хонадонларигача билиб олдим. Келаси ой яна анча одамлар келишидан ҳам хабар топдим. Баъзи аёлларни гапга солиб, келгиндиларнинг нима иш билан шуғулланаётганликларини, яширин режа тузаётганликларини тахминан билгандай эдим. Аёл дардини аёл тушунади деганларидай, уларни қийнаётган муаммолари ҳақида тинимсиз сўзлай бошладим.

    Кейинги пайтларда нима учун ногирон болалар туғилиши кўпайиб кетаётгани ташвиш билан гапирдим, худди ўз опа-сингилларимдай яқин олдим. Ҳатто кўз ёши ҳам қилиб олдим. Бу ҳаракатларим бесамар кетмади. Дарди ичида аёлларнинг баъзилари қишлоқларда гиёҳванд моддалар билан савдо қилувчилар кўпайиб кетаётгани, ҳатто баъзи эркаклар ана шу зормандадан истеъмол қилаётганликларини ташвиш билан гапириб беришди.

    Гиёҳванд моддалар қаердан келяпти, деган саволимга эса Афғонистондан ўтаётган қорамолларни текшириш кераклигини айтишди. Ҳа, оналар барча қийинчиликлар, кўргиликларга чидаши мумкин, аммо норасидаларининг келажаги ҳақида гап кетганда жим туришолмайди. Буни фақат она сифатида англаш ва тушуниш керак.

    Президент бу ишга мени танлаганда ана шуларни назарда тутган бўлса керак, деб ўйладим ва барча маълумотларни Бош қўмондонга етказдим. Шундай қилиб, жангарилар билан олиб борилган жанг узоққа чўзилмади. Гиёҳванд моддаларнинг йўли қирқилди. Бор гап, шу холос. Буни қаҳрамонлик дейиш шарт эмас. Менинг ўрнимда бошқа аёл бўлганда ҳам худди шундай қилган бўларди. Ватанни асраб қолиш учун бор билим ва салоҳиятини ишга соларди.

    Бўритош опа ҳикоясини оддий қилиб, “бор гап, шу холос”, деб тугаллади. Тўғри, бори шудир, аммо бу ўзбек аёлининг жасорати намунасидир.

    » » Бўритош Шодиева Ислом Каримовнинг махфий топшириғи ҳақида айтиб берди