Ҳиндистонда Telegram нега бир ҳафтага блоклангани маълум бўлди

Ҳиндистонда тиббиёт олийгоҳларига кириш имтиҳонларини қайта топшириш жараёнида Telegram мессенжери 22 июнгача вақтинча блокланди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.
21 июнь куни мамлакат бўйлаб миллионлаб абитуриентлар тиббиёт олийгоҳларига миллий кириш имтиҳони — NEET-UG'ни қайта топширади. Май ойида ўтказилган имтиҳон натижалари саволлар тарқалиб кетгани ҳақидаги айбловлар сабаб бекор қилинган эди.
Имтиҳонларни ташкил этувчи Миллий имтиҳон агентлиги ушбу қарорни қўллаб-қувватлаб, бу чора “платформадан фирибгарлар томонидан абитуриентларни алдаш мақсадида уюшган тарзда фойдаланилиши”га жавобан қабул қилинганини маълум қилди.
Қайд этилишича, бир нечта Telegram каналлари маъмурлари абитуриентлар ва уларнинг ота-оналаридан имтиҳон саволлари сифатида тақдим этилган материалларга кириш учун юз минглаб рупий талаб қилган. Идора вакиллари эса бундай материаллар ҳимояланган имтиҳон тизимидан ташқарида мавжуд эмаслигини таъкидлаган.
Интернет фойдаланувчилари ва ҳуқуқ ҳимоячилари мазкур тақиқни танқид қилиб, уни имтиҳонлардаги фирибгарлик билан боғлиқ анча жиддий муаммонинг вақтинчалик ечими деб атади.
Маълумот учун, NEET — Ҳиндистон тиббиёт коллежларига қабул қилишнинг асосий имтиҳони ҳисобланади. 2026 йил 3 май куни ўтказилган имтиҳонда мамлакат бўйлаб 2,28 миллион нафар абитуриент иштирок этган. Орадан бир неча кун ўтиб, имтиҳон саволлари тарқалгани ҳақидаги хабарлар жамоатчиликнинг кескин норозилигига сабаб бўлган.
Шундан сўнг Миллий тест маркази натижаларни ҳақиқий эмас деб топиб, қайта имтиҳонни 22 июнга белгилади.





























Изоҳлар 0
…