09:53 / 11.09.2020
429

Судлар фаолиятини рақамлаштириш - аҳолининг одил судловга бўлган ишончини орттиради

Судлар фаолиятини рақамлаштириш - аҳолининг одил судловга бўлган ишончини орттиради
Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, нуфузини ошириш, тизимни демократлаштириш ва такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар натижасида соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилмоқда.
Электрон судлов тизими 2012 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан “E-SUD” электрон тизими лойиҳаси шаклида жорий этиб келинмокда.

Судлар фаолиятига замонавий ахборот технологияларни янги турдаги интерфаол суд хизматларини жорий қилиш орқали мурожаатларни ўз вақтида ҳал этиш, ортиқча сансалорликларга чек қўйиш, судлар фаолиятнинг очиқлиги ҳамда шаффофлигини таъминлаш, шунингдек, бу борадаги ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш мақсадида Президентимиз томонидан 2020 йил 3 сентябрь куни “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни қабул қилиниши эса судлар фаолиятининг ҳозирги замон талабларига мос келишини таъминлайди.

Мазкур қарор асосида суд тизими ривожланишининг замонавий даврини белгилаб бериб, судлар фаолияти соҳасига ахборот-коммуникация технологияларни жорий этишнинг янги босқичини бошлаб берди ҳамда одил судловнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга эришишда туртки бўлди.

Эндиликда, фуқаролар энг чекка ҳудуддан туриб ҳам вақт ва маблағини йуқотмасдан судга қилган электрон мурожаатини кўриб чиқиш натижасини онлайн кузатиб бориши имконияти пайдо бўлди.

Маълумки, суд мажлисларини ўтказишда барча иштирокчиларни муддатида хабардор қилишда муаммолар мавжуд эди. Суд мажлисининг ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тарафларга суд чақирув қоғози юбориш почта хизмати орқали амалга оширилар эди ва бу маълум харажатни ва муддатни олар эди. Эндиликда суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида барча иштирокчиларни “SMS” хабар орқали бепул асосда хабардор қилиниши белгиланди.

Бу эса аввало тарафларнинг суд мажлиси тўғрисида қисқа муддатларда ва аниқ огоҳлантирилишини таъминласа, иккинчидан суд мажлисига қасддан келмасдан суд ишларини сунъий чўзмоқчи бўлган тарафларнинг суд мажлиси тўғрисида огоҳлантирилганлигига далил бўлади.
Шунингдек, суд қарорларини иш бўйича тарафларга онлайн тарзда, уларнинг илтимосномаси бўйича эса қоғоз шаклида тақдим этилиши белгиланди. Бу эса фуқароларнинг сарсон бўлиб судга келишини олдини олишга ва масофадан туриб ҳам суд қарорларини онлайн тарзда олиш имкониятини яратиб беради.

Судлар фаолиятига ахборот-технологияларни қўллаш тажрибаси бўйича хорижий давлатлар, хусусан илғор технология ривожланган Сингапур, Корея, Малайзия, Германия ва Эстония каби давлатлар тажрибасидан маълумки, судларга ахборот-технологияларнинг жорий қилиниши иш жараёнларининг оптималлаштиришга ва судларнинг иш унумдорлигининг оширилишига эришилган.

Европанинг аксарият мамлакатларида одил судлов тизимида ахборот-технологиялардан фойдаланиши судларга тезкор равишда ҳуқуқий маълумотларни олиш ва уларни қайта ишлашда ёрдам беришга ва суд қарорларидан эркин фойдаланиш орқали илмий изланишлар олиб боришга кўмаклашади.

Шунингдек, суд мажлисларини иш бўйича тарафларнинг илтимосномаси ва раислик қилувчининг розилиги билан аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш ҳамда суд мажлислари баённомаларини ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда шакллантириш жорий қилинмоқда. Суд мажлисларда аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда ишларни ёзиб бориш ишларни кўриб чиқишда инсон омилининг ролини сезиларли даражада камайтиради. Суд мажлиси баённомаси янги кўринишга эга бўлади. Бу эса суд ишларини олиб боришда, суд мажлиси баённомаларини юритишда қулайлик яратиши ҳамда тарафларда одил судловга бўлган ишончни оширади. Амалиётда учраётган тарафлар томонидан вақтида суд мажлиси баённомаси билан таниша олмаслик ҳолатлари ҳамда суд мажлиси баённомасига гувоҳларнинг судда баён қилган кўрсатмаларини тўлиқ ёритмаслик ҳолатларининг олдини олади.

Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 691-моддасида, судларда ишлар судьяларнинг иш ҳажми ва ихтисослашуви ҳисобга олинган ҳолда, судьялар ўртасида ишларни тақсимлашга суд муҳокамаси натижасидан манфаатдор бўлган шахсларнинг таъсир кўрсатиши истисно этиладиган тартибда, автоматлаштирилган ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда таксимланиши белгиланган.

Судларда жорий қилинган электрон судлов тизими бўйича келиб тушган даъво ариза, шикоят, ариза, маъмурий, иқтисодий, фуқаролик ва жиноят ишларни кўришда судьялар ўртасида тақсимлаш механизми мавжуд эди. Бироқ, биринчи босқич судида кўриб чиқилган маъмурий, иқтисодий, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича шикоят ёки протест келтирилганда ишларни апелляция ёки кассация тартибида кўрилишида судьяларга автоматлаштирилган ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда тақсимланиши мавжуд эмас эди.

Эндиликда, ишларни апелляция ва кассация инстанцияси судларида кўришда судьяларнинг иш ҳажми ҳисобга олиниб автоматик равишда тақсимлашда инсон омили қатнашмай, яъни вилоят суди раисининг ишларни тақсимотига аралашишнинг олди олиниб, мазкур инстанцияларда ҳам судьялар ўртасида электрон тарзда тақсимланиб, тақсимлашда суд муҳокамаси натижасидан манфаатдор бўлган шахсларнинг таъсир кўрсатиши олди олинади. Ўз навбатида бу фуқароларда одил судловга бўлган ишончни оширади.

Шу сабабли судьялар ҳамда судлар аппарати ходимларининг рақамли саводхонлигини ва малакасини ошириш, уларни ахборот технологиялари ва ахборот хавфсизлиги бўйича ўқитиш мақсадида Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг филиалларига бириктирилиши ҳамда таълим йўналишларининг ўқув дастурларига судлар фаолиятига жорий этилган ахборот тизимларидан фойдаланиш бўйича алоҳида ўқув модулини киритилиши мазкур соҳада етук кадрларнинг етишиб чиқишини таъминлайди.

Суд фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилинишини амалда таъминлаш ҳамда электрон судлов тизимини соддалаштириш мақсадида, қуйидаги таклифлар билдирилади:
- фуқароларга давлат божидан имтиёз бериш орқали электрон суд тизимидан фойдаланиш жозибадорлигини орттириш мақсадида ҳамда хориж тажрибасидан (жумладан, Россия Федерацияси ва бошқалар) келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг «Давлат божи тўғрисида»ги Қонунига судга электрон тарзда мурожаат қилинган тақдирда белгиланган ставканинг 75% миқдорида давлат божи тўланиши тўғрисидаги норма билан тўлдириш;
- суд фаолиятидаги суд ишларини тақсимлаш, суд ишларини куриш ва суд ҳужжатларини эълон қилиш учун жорий қилинган ахборот тизимлари эксплуатациясини ахборот технологиялари соҳасидаги ваколатли органга ўтказилишини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш;
- судлар фаолиятини рақамлаштириш ва мавжуд электрон тизимдан фойдаланишда тизимнинг ўз афзалликларига (вақт, йўл харажатларини тежаш, маблағ иқтисоди) эга бўлсада, судга ҳужжатларни ва мурожаатни электрон тарзда юборишда электрон судлов тизимидан фойдаланишда мураккаб усулда эмас, балки аҳоли учун оддий содда усулда фойдаланишни йўлга қуйиш таклиф қилинади. Бундан мақсад аҳоли учун қулай, содда ва тушунарли воситалардан яратишдир, уларнинг ёрдамида фуқаро исталга пайтда суд билан боғланиши имконияти яратилиши керак. Бу эса судга электрон тарзда мурожаатни юбориш нафақат ҳуқуқшунос ёки мутахассис хизматидан фойдаланиш талаб этилишини эмас, балки фуқаронинг ўзи томонидан ҳам оддий усулда судга электрон тарзда мурожаат қилиш имконияти мавжуд бўлиши лозим.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, судларга замонавий ахборот технологияларини жорий этиш орқали судларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш, электрон судлов тизимини соддалаштириш, суд фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, фуқароларга уларнинг судларга мурожаат этиш буйича конституциявий ҳуқуқларидан янада кенг фойдаланиш, ортиқча оворагарчиликнинг олдини олиш, ишларни кўриб чиқишнинг муддатларини сезиларли даражада қисқартириш, ишда иштирок этувчи шахсларни реал вақт режимида суд мажлиси жараёни ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлишини таъминлаш имконини беради.

Отабек Тошев,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти
маъсул ходими
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)