18:00 / 03.03.2021
735

Олий таълим: Учинчи Ренессанс пойдевори яратилмоқда

Олий таълим: Учинчи Ренессанс пойдевори яратилмоқда
Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 29 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида «Халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда, десак, айни ҳақиқат бўлади. Чунки бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас. Бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас», деб таъкидлаб ўтган эдилар.

Учинчи Ренессанс пойдевори таълим тизимининг қуйи бўғини – мактабгача таълим муассасасида ва умумтаълим мактабида қўйилиб, профессионал ва олий таълимда янада мустаҳкамаланади. Шунинг учун мамлакатимизда таълим соҳасидаги ислоҳотлар яхлит, таълимнинг барча босқичларини қамраб олган ҳолда амалга оширилмоқда.

Олий ва ўрта махсус таълим тизимида амалга ошираётган ишларнинг мазмун-моҳияти ва истиқболлари ҳам айнан инсон камолотини таъминлаш мақсадидан келиб чиқиб белгиланмоқда. Республикамизда 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб 725 та мутлақо янги профессионал таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилди. Сўнгги йилларда республикамизда 52 та янги олий таълим муассасалари, жумладан 18 та хорижий олий таълим муассасаларининг филиаллари, 9 та нодавлат олий таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилиб, олий таълим муассасалари сони 129 тага етди.

Иқтисодиёт тармоқлари учун кадрлар тайёрлаш соҳасини янада кенгайтириш мақсадида янги 117 та таълим йўналишлари ҳамда 133 та мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди, сиртқи ва кечки таълим шакллари жорий этилди.

2020 йилда қабул параметрлари 2017 йилга нисбатан 2,5 баробарга ошди, жумладан, ишлаб чиқариш-техник соҳасида 73%, соғлиқни сақлаш соҳасида 77%, педагогика соҳасида 89%, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида 52%га оширилди. Натижада ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 2017 йилдаги 9 фоиздан 25 фоизга етказилди. Олий таълим муассасаларига талабаларни қабул қилишда шаффоф, очиқ тизим жорий этилди.

Магистратурада қабул кўрсаткичлари табиий ва муҳандис-техник, шунингдек, математика соҳалари мутахассисликлари бўйича тўлиқ давлат гранти асосида белгиланди ҳамда қабул параметрлари 2 баробарга оширилди.

Республика олий таълим муассасаларида 22 та хорижий давлатлар (АҚШ, Германия, Россия, Беларусь, Голландия, Исроил, Италия, Финляндия, Франция, Чехия, Хитой, Ҳиндистон, Корея Республикаси ва б.) нинг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари доирасида 83 та таълим йўналишлари ва 64 та мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.

Олий таълим муассасаларида 29 998 нафар профессор-ўқитувчилар, улардан илмий даражалилар 11 334 (37,8%) нафарни ташкил қилади. Шундан, 2307 нафар фан доктори, 9027 нафар фан номзоди. Охирги уч йилда 2990 та диссертация ҳимоя қилинди, илмий даражалилар улуши 6,7 фоизга ортди. Ҳимоя кўрсаткичи 2017 йилга нисбатан 2,2 мартага оширилди.

Халқаро стандартларга жавоб берадиган “Ўзбекистон илмий журналлари” онлайн портали (https://uzjournals.edu.uz) яратилди.
Халқаро тан олинган илмий журналларда эълон қилинган мақолалар сони охирги 3 йилда тўрт баробарга ошди.

Профессор-ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш бўйича янги табақалаштирилган ва муқобил малака ошириш тизими амалиётга жорий этилди. Сўнги уч йилда олий таълим муассасаларининг 15301 нафар раҳбар ва педагог кадрлари малака ошириш курсларидан ўтди. Уларнинг 11754 нафари бевосита малака ошириш марказларида, 3547 нафари масофадан туриб малака оширдилар.

Охирги уч йилда «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали 397 нафар, олий таълим муассасаларининг ўзаро ҳамкорлик ва грант дастурлари доирасида 4847 нафар, жами 5244 нафар профессор-ўқитувчилар хорижий олий таълим ҳамда илмий-тадқиқот муассасаларига малака ошириш ва стажировка ўташ учун юборилди.

Олий таълим муассасаларида таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш мақсадида охирги уч йилда 2909 нафар хорижлик мутахассислар ўқув жараёнига жалб қилинган бўлиб, уларнинг 651 нафари Европа, 164 нафари Америка, 785 нафари Осиё, 1309 нафари МДҲ мамлакатлари профессор-ўқитувчилари ва соҳа мутахассислари ҳисобланади.

Олий таълим массасаларида ўқув жараёни босқичма-босқич кредит-модуль тизимига ўтказилмоқда, бу эса ўз навбатида таълим сифатини ошириш билан бир қаторда битирувчиларда амалий кўникмаларни ривожлантиришга хизмат қилади.

Олий таълим тизимининг ривожланиш босқичларида «учинчи авлод» университетлари (тадбиркорлик экотизимлари, истиқболли технологиялар бозорлари ва миллий иқтисодиётимиз рақобатбардошлигини халқаро даражада таъминлаш)га бўлган талаб ошиб бормоқда. Шу мақсадда олий таълим муассасаларида таълим, фан, инновация ва илмий-тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш фаолиятининг ўзаро узвий боғлиқлигини назарда тутувчи «Университет 3.0» концепциясини босқичма-босқич жорий этиш белгилаб берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида математика фанини билиш даражасини баҳолаш бўйича миллий сертификатлаштириш тизимини жорий қилиш, олий таълимнинг тегишли йўналишлари ва мутахассисликларида математика фани бўйича машғулотларни кўпайтириш ҳамда таълим бериш сифатини ошириш билан боғлиқ қатор вазифалар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Кимё ва биология йўналишларида узлуксиз таълим сифатини ва илм-фан натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб кимё ва биология йўналишларида кадрлар тайёрлаётган барча олий таълим муассасалари умумтаълим мактаблари битирувчи синфлари ўқувчилари ўртасида кўп босқичли (туман (шаҳар) — вилоят — олий таълим муассасаси) кимё ва биология фани бўйича ўзининг олимпиадасини ўтказиш ва 1 — 3 ўринларни эгаллаган ўқувчиларни олий таълим муассасасининг маблағлари ҳисобидан имтиҳонсиз ўқишга қабул қилиш белгиланди.

Шунингдек, 2021 йилдан бошлаб кимё ва биология фанлари бўйича халқаро ва республика олимпиадалари ғолибларини тайёрлаган профессор-ўқитувчиларга бир маротаба ойлик маошининг 100 фоизи миқдорида, кимё ва биология фанлари бўйича талабалар учун тўгараклар олиб бораётган профессор-ўқитувчиларга ўқув йили давомида олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ойлик маошларига 25 фоиз миқдорида устама ҳақ белгилаш тартиби жорий этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармонида мамлакатимиздаги камида 10 та олий таълим муассасасини халқаро эътироф этилган ташкилотлар (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Higher Education ёки Academic Ranking of World Universities) рейтингининг биринчи 1000 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига, шу жумладан, Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд давлат университетини биринчи 500 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига киритиш вазифаси белгилаб берилди.

Бу вазифаларни амалга ошириш учун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Quacquarelli Symonds (QS) ҳамда Times Higher Eduducation (THE) рейтинг агентликлари билан республика олий таълим муассасаларини халқаро рейтингларга киришга тайёрлаш бўйича ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиб, улар билан доимий маслаҳатлар, таҳлилий семинарлар, ҳар бир олий таълим муассасасига методик ёрдам, илмий фаолият самарадорлигини ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилмоқда.

Бугунги кунда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Нидерландиянинг «Elsevier» компанияси билан ҳамкорликда «Илм-фан – 2020» миллий ривожланиш дастурини амалга оширмоқда. Дастурнинг мақсади профессор-ўқитувчиларнинг илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлигини ошириш, жаҳон таълим ресурслари, замонавий илмий адабиётларнинг электрон каталоглари ва маълумотлар базаларига кириш имкониятларини янада кенгайтиришдан иборат.

Юқоридаги халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик натижасида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш мухандислари инсититути Quacquarelli Symonds (QS) агентлигининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё университетлари 2019 йилги рейтингида қайд этилган илк Ўзбекистон олий таълим муассасаси сифатида эътироф этилди.

Шунингдек, жаҳон университетларининг Times Higher Education - Impact Rankings-2020 рейтингида республика олий таълим муассасаларидан учтаси: Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш мухандислари институти, Тошкент тиббиёт академияси, Ўзбекистон Миллий университети илк маротаба қайд этилди.

2020 йил 16 декабрь куни дунё университетлари рейтингини белгиловчи Quacquarelli Symonds (QS) рейтинг агентлиги 2021 йил учун Ривожланувчи Европа ва Марказий Осиё университетлари рейтингини эълон қилди. Унда Ўзбекистоннинг бир йўла 4 та олий таълим муассасаси: Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш мухандислари инсититути, Ўзбекистон Миллий университети, Самарқанд давлат университети, Тошкент давлат техника университети қайд этилди.

Пандемия Ўзбекистон таълим тизимига ўзининг салбий таъсирини ўтказмай қолмади. Мамлакатимиздаги олий ўқув юртларидаги дарс жараёнлари 1 апрелдан бошлаб масофавий таълим шаклига ўтказилди.

Масофавий таълим сифатини таъминлаш учун, ҳам олий таълим муассасалари, ҳам профессор-ўқитувчилар, ҳам талабалар, ҳам алоқа каналлари бирдек тайёр бўлишлари лозим. Лекин, аввалдан таълим соҳасига масофавий ўқитиш элементларини киритиб боришга йўналтирилган мақсадли фаолият пандемия туфайли ушбу ишларни тезлаштиришни тақозо этди. Муҳими йўналиш тўғри белгилангани, олий таълим муассасаларида хато қилишдан қўрқмаслик маълум даражада янги форматдаги ўқув жараёнини бошлашни таъминлади.

Бунинг учун биринчи навбатда таълим йўналишлари ва мутахассисликлар ўқув режалари асосида жорий семестрдаги фанларнинг дастурлари бўйича ўқув ресурсларини яратишга эътибор қаратилди, олий таълимда ўқитилаётган 7 200 дан зиёд фандан масофавий таълим ресурслари яратилди ва платформаларга жойлаштирилди.

Иккинчидан, барча олий таълим муассасаларининг масофавий ўқитиш платформалари ягона порталга бирлаштирилди. Бу эса олий таълим муассасаларида ўқув ресурслардан ҳамкорликда фойдаланиш имкониятини берди.

Учинчидан, барча талабалар учун очиқ таълим ресурсларини яратиш мақсадида маърузалар видеопортали ишга туширилди ва барча учун умумий бўлган фанлардан видеомаърузалар жойлаштириб борилди.

Тўртинчидан, олий таълим муассасалари 85 та замонавий сервер қурилмалари билан таъминланди, Интернет тезлигини ошириш бўйича амалий чоралар кўрилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда 3 та, шунингдек, вилоятлари телеканаллари орқали фанлар бўйича теледарслар ўтказиш тизимли йўлга қўйилди. Профессор-ўқитувчиларга виртуал муҳитда ишлашни ўргатиш учун «Масофавий таълимни ташкил этиш технологиялари» курслари ташкил қилинди. Жорий этилган масофавий таълим ахборот тизимларидан 417 816 нафар талаба ва 29 030 нафар профессор-ўқитувчилар фойдаланиш имкониятига эга бўлдилар. Хулоса қилиб айтганда, қисқа муддатда ҳам техник жиҳатдан, ҳам дастурий таъминот ва ресурсларни шакллантириш бўйича катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди.

Бугунги кунда таълим парадигмаси ўзгармоқда, етакчи хорижий университетлар ҳам вариатив (гибрид шакл) таълим шаклларини, масофавий курсларни, рақамли ўқитиш технологияларини тобора кенг жорий этишмоқда. Пандемия шароитларида бизнинг олий таълим муассасалари ҳам маълум маънода дастлабки тажрибани тўплашди.

Эндиликда муҳими талабаларимизда ҳам профессор-ўқитувчилармизда ҳам масофадан таълим олиш ва таълим бериш маданиятини юксалтиришимиз устида ишлашимиз лозим.

Муҳтарам Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади” деган ғояларини амалга ошириш мақсадида барча олий таълим муассасалари мактаблар билан ҳамкорликларини кенгайтириш йўналишида фаолият олиб бормоқдалар. Бунинг учун, мактабларда 4 та йўналишда қилинадиган ишлар белгилаб олдинди: ўқитувчилар малакасини ошириш, ўқув-услубий ишларга ёрдам кўрсатиш, ёш ўқитувчиларни илмий фаолиятга жалб этиш, ўқувчиларни касбга йўналтириш ва селекция масаласи. Мактаблар билан ҳамкорликни тизимли йўлга қўйиш мақсадида:

Биринчидан, Тошкент шаҳридаги 32 та олий ўқув юрти Тошкент шаҳридаги 318 та мактабнинг 21 891 нафар мактаб ўқитувчиларига 22 та фан бўйича доимий равишда услубий ёрдам кўрсатиш ҳамда доимий малакасини ошириб бориш мақсадида бириктирилди. Шунингдек, 4 та худуддаги (Тошкент шаҳри, Бухоро, Самарқанд, Фарғона вилоятлари) 158 минг нафар мактаб ўқитувчиларини 2021 йил давомида масофавий малакасини оширишга тайёргарлик кўрилмоқда.

Иккинчидан, ўқувчилари олий таълим муассасаларига кира олмаётган республика худудларидаги 643 та умумтаълим мактаблари 95 та олий таълим муассасасига бириктирилди. Бириктирилган умумтаълим мактабларида талабаларнинг педагогик амалиётларини ташкил этиш, фанлар кесимида электрон ўқув материалларини ишлаб чиқиш, методик ишланмалар тайёрлаш, доимий равишда ўқитувчиларга фан янгиликларини бериб бориш йўлга қўйилади.

Учинчидан, мактаблардаги ёш ўқитувчилар олий ўқув юртларининг профессорларига “Устоз-шогирд” тизими асосида бириктирилади, кафедраларнинг илмий-методик ишларига ёш ўқитувчилар жалб қилинади, мактабларнинг илмий муаммолари базаси шакллантирилади, илмий анжуманлар ўтказилади, фанлар бўйича тўгараклар ташкил этилади.

Тўртинчидан, мактаб ўқувчилари учун ОТМ, факультет, кафедра кунлари ўтказилади, олий ўқув юртидаги касб ва мутахассисликлар тарғибот қилинади, фан олимпиадалари ўтказилади, мактабдан ташқари машғулотлар, тайёрлов курслари ташкил этилади.

Бу борада амалга оширилаётган ишларнинг барчаси ёш авлодни баркамол, Ўзбекистоннинг келажакдаги тараққиётини таъминлашга қодир инсонлар этиб тарбиялашга қаратилган. Шундай экан, ҳар бир юртдошимизга Учинчи Ренессанс даври пойдеворига ўз ғиштини қўйиш, яъни юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш насиб этсин.

Олий таълим Учинчи Ренессанс

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Олий таълим: Учинчи Ренессанс пойдевори яратилмоқда