24 нафар Капур, Гиннес рекордлари ва Болливуднинг сирли олами

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Мумбай шаҳрида жойлашган Болливуд Ҳиндистон кино саноатининг етакчи қисми бўлиб, у ишлаб чиқарилган филмлар сони бўйича Голливуддан ўзиб кетган.
- Ҳинд киноси фақат қўшиқ ва рақслардан иборат эмас, балки ижтимоий муаммоларни ёритувчи жиддий жанрларни ҳам ўз ичига олади.
- Болливуд актёрлари ва ижодкорлари турли ғайриоддий ютуқлари, жумладан, Капурлар сулоласининг 24 нафар вакили кино соҳасида фаолият юритгани учун Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган.
Болливуд деганда кўпчиликнинг кўз олдига ҳиндча қўшиқлар, ёрқин сарилар кийган гўзаллар ва физика қонунларига зид келадиган жангари саҳналар келади. Аммо ҳинд кинематографияси фақат қўшиқ ва рақслардан иборат эмас. Унда жиддий ижтимоий муаммоларни кўтарувчи фильмлар ҳам бор, актёрлар эса ғайриоддий ютуқлари билан Гиннеснинг рекордлар китобига кирган.
Болливуд Голливуддан қандай ўзиб кетган?
Кўпчилик бутун ҳинд кинематографиясини Болливуд деб атайди. Аслида эса Болливуд — Ҳиндистон кино саноатининг бир қисми бўлиб, Мумбай шаҳрида ҳинд, урду, панжоб ва инглиз тилларида суратга олинадиган фильмларни қамраб олади.
«Болливуд» атамаси 1970-йилларда пайдо бўлган. Ўша даврда ҳинд киноси ишлаб чиқарилган фильмлар сони бўйича Голливуддан ўзиб кетган. Масалан, 2012 йилда Болливуд 1 602 та фильм яратган бўлса, Голливудда бу кўрсаткич 476 тани ташкил этган.
Фильмлар бюджетида ҳам катта фарқ бор. 2018 йилда экранларга чиққан «Робот 2.0» фильмининг бюджети 75–80 миллион доллар атрофида баҳоланган. Голливуднинг «Кариб денгизи қароқчилари: номаълум қирғоқларда» фильмига эса тахминан 379 миллион доллар сарфланган.
Ҳиндистонда Болливуддан ташқари яна қандай кино саноатлари бор?

Ҳиндистонда турли тилларда фильмлар ишлаб чиқарадиган бир нечта йирик кино саноатлари мавжуд. Улар орасида телугу тилидаги фильмлар билан танилган Толливуд, малаялам тилидаги Молливуд, тамил тилидаги Колливуд ва каннада тилидаги Сандалвуд бор.
Шунга қарамай, Болливуд мамлакат кино саноатида етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. 2017 йилда Ҳиндистонда 1 986 та фильм ишлаб чиқарилган бўлса, уларнинг 364 таси Мумбайда суратга олинган. Мамлакат киносидаги умумий касса тушумларининг 43 фоизи ҳам Болливуд ҳиссасига тўғри келган.
Нега ҳиндистонликларнинг ҳаммаси ҳам кинотеатрга бормайди?
2012 йилда режиссёр Каран Жоҳар Ҳиндистоннинг атиги 45 миллион нафар аҳолиси кинотеатрларга боришини таъкидлаган. Ўша пайтда мамлакат аҳолиси тахминан 1,2 миллиард кишини ташкил этган.
Бугунги кунда ҳам катта экрандаги фильмларни 50 миллиондан кўпроқ ҳиндистонлик томоша қилиши қайд этилади. Бироқ кино чипталарининг арзонлиги фильм ишқибозларига кинотеатрга бориш имконини беради. Ҳиндистонда чипта нархлари дунёдаги энг арзонларидан бири ҳисобланади.
Нега актёрлар актрисалардан анча катта бўлади?
Ҳинд фильмларида бош қаҳрамон кўпинча аёл қаҳрамондан анча катта ёшда бўлади. Масалан, томошабинларнинг севимли актёрлари 50 ёшлар атрофида бўлса, уларнинг экрандаги жуфтлари 20 ёшдан сал ошган бўлиши мумкин.
Бу ҳолатга доир тахминлардан бирига кўра, актрисани бошқа ижрочи билан алмаштириш осонроқ, машҳур актёрнинг ўрнини босадиган ижрочини топиш эса қийинроқ ҳисобланади.
Болливуд фақат қўшиқ ва рақслардан иборат эмас

Кўпчилик ҳинд фильмларини бир хил сюжетлар, қўшиқлар ва жанг саҳналари билан боғлайди. Бироқ замонавий ҳинд киносида комедия, триллер ва драма жанрлари ҳам кенг тарқалган.
2001 йилда суратга олинган «Lagaan» фильми «Энг яхши чет эл фильми» номинациясида «Оскар» мукофотига номзод бўлган. Спорт мавзусидаги драматик асарда мусиқа ҳам муҳим ўрин эгаллаган.
2010 йилда экранларга чиққан «Менинг исмим Хон» фильми эса жамиятдаги муҳим ижтимоий муаммоларни ёритган. Режиссёр Каран Жоҳар суратга олган асар Берлин кинофестивалида намойиш этилган, нуфузли мукофотларга сазовор бўлган ва танқидчиларнинг ижобий баҳосини олган.
«Масала» нафақат зиравор, балки кино жанри ҳамдир
Ҳиндистонда масала — турли зираворлар аралашмаси бўлиб, таомлар ва ҳатто чой тайёрлашда ишлатилади. Қизиғи, мамлакатдаги машҳур кино услубларидан бири ҳам «масала» деб аталади.
Бундай фильмларда комедия, мелодрама ва фожиа унсурлари бирлашиб, улар жангари саҳналар билан бойитилади. Шу тариқа томошабин бир фильмнинг ўзида кулгили воқеалар, муҳаббат ҳикоялари ва шиддатли курашларни кўриши мумкин.
Гиннеснинг рекордлар китобига кирган Болливуд юлдузлари

Болливуд актёрлари экрандаги ролларидан ташқари, ғайриоддий рекордлари билан ҳам танилган. Масалан, Капурлар кино сулоласининг 24 нафар вакили кино соҳасида фаолият юритгани билан Гиннеснинг рекордлар китобига кирган.
Актёр Абҳишек Баччан эса 12 соат ичида энг кўп оммавий чиқишларни амалга оширгани учун рекорд ўрнатган. У шу вақт давомида «Деҳли-6» фильмини тақдим этиш мақсадида еттита шаҳарда чиқиш қилган.
Лалита Павар ҳинд киносида 70 йил давомида роль ижро этган. У илк ролини 12 ёшида олган ва жами 700 та фильмда суратга тушган. Актриса Болливудда энг узоқ фаолият юритган ижрочилардан бири сифатида танилган.
Жагдиш Раж эса 144 та фильмда полиция инспектори ролини ўйнаган. У Гиннеснинг рекордлар китобига «Энг қолипга солинган актёр» сифатида киритилган. У иштирок этган машҳур фильмлар қаторида «Муҳаббат риштаси», «Дон» ва «Девор» каби асарлар бор.
Ҳинд фильмларида физика қонунлари ҳам «дам олади»
Болливуднинг жангари саҳналари кўпинча томошабинларни ҳайратга солади. Қаҳрамонлар бир неча сонияда фонар устунларини суғуриб олиши, машиналардан ўзиб кетиши, поезддан қочиб қутулиши ёки оддий банан билан бир тўда рақибини мағлуб этиши мумкин.
Албатта, бундай ҳаракатлар реал ҳаётда деярли имконсиз. Аммо улар фильмларга кўнгилочар руҳ бағишлаб, томошабинларни кулдириши ҳам мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, Болливудни фақат рақслар, ёрқин либослар ва муболағали жанг саҳналари билан баҳолаш тўғри эмас. Унинг ортида улкан кино саноати, халқаро миқёсда эътироф этилган фильмлар ва Гиннес рекордларига кирган санъаткорлар тарихи бор. Айнан шу ранг-баранглик ҳинд киносига дунё бўйлаб миллионлаб мухлисларни жалб қилиб келмоқда.






























Изоҳлар 0
…