Болливуднинг афсонавий юлдузлари йиллар ўтиб қандай ўзгарди?

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- «Ҳаётда нимадир бўлади» филми актёрларининг суратга олиш пайтидаги ёшлик қиёфаси ва бугунги кўриниши акс этган суратлари ижтимоий тармоқларда тарқалиб, мухлисларни ҳайратга солмоқда.
- Филмда кичкина Анжали ролини ижро этган Сана Саид ҳозирда 38 ёшда бўлиб, актриса ва модел сифатида фаолият юритмоқда, юлдуз санаган Парзан Дастур эса 39 ёшда ва салобатли эркак қиёфасига кирган.
1998 йилда экран юзини кўриб, бутун дунё, жумладан, ўзбек томошабинларининг ҳам қалбидан чуқур жой олган афсонавий «Ҳаётда нимадир бўлади» (Kuch Kuch Hota Hai) фильми намойиш этилганига ҳам чорак асрдан ошди. Фильмдаги ҳар бир қаҳрамон, уларнинг хатти-ҳаракатлари ва мусиқалари бир неча авлоднинг ширин болалик хотираларига айланиб улгурган.
Ижтимоий тармоқларда мазкур культ фильм актёрларининг суратга олиш пайтидаги ёшлик қиёфаси ва бугунги кўриниши солиштирилган носталгик кадрлар тарқалиб, миллионлаб мухлисларни ҳайратга солмоқда. Йиллар уларнинг ташқи кўринишини ўзгартирган бўлса-да, яратган образлари ҳамон миллионлар ёдида яшамоқда.
Болалар улғайди: Кичкина Анжали ва юлдузли болакай
Фильмда самимийлиги ва беғуборлиги билан томошабин меҳрини қозонган митти қаҳрамонлар бугун мутлақо таниб бўлмас даражада улғайган:
Сана Саид (кичкина Анжали): Фильмда бош қаҳрамон Раҳул ва Тинанинг қизалоғи ролини маҳорат билан ижро этган Сана Саид бугун 38 ёшни қаршилаган. У гўзал, замонавий актриса ва модель сифатида фаолиятини давом эттирмоқда;
Парзан Дастур (юлдуз санаган соқов болакай): Лагерда кечалари самога боқиб юлдуз санайдиган ва «Сен кетма...» дея барчани йиғлатган ширингина сикх болакай образини яратган Парзан Дастур ҳозирда 39 ёшда бўлиб, салобатли эркак қиёфасига кирган.
Севимли устозлар ва ёрқин комедик образлар
Фильмнинг кулгили ва меҳрли лаҳзаларини тақдим этган катта авлод актёрлари ҳам фахрий ёшга етиб келди:
Ҳимани Шивпури (Рифат биби): Қизлар ётоқхонасининг меҳрибон ва жонкуяр назоратчиси ролини ўйнаган таниқли актриса бугун 64 ёшда бўлиб, ҳамон турли фильм ва телелойиҳаларда суратга тушиб келмоқда;
Анупам Кҳер (директор Малҳотра): Фильмнинг энг кулгили ва эсда қоларли қаҳрамонларидан бири — мактаб директори жаноб Малҳотра образини гавдалантирган Ҳиндистоннинг миллий артисти Анупам Кҳер ҳозирда 71 ёшда;
Жонни Левер (полковник Алмейда): Ёзги оромгоҳ бошлиғи бўлган шўх полковник ролини қойиллатган комедия қироли Жонни Левер 69 ёшни қаршилади;
Фарида Жалол (Раҳулнинг онаси): Ҳинд киносининг энг меҳрибон онаси ва бувиси тимсолига айланган маҳоратли актриса Фарида Жалол айни пайтда 77 ёшда бўлиб, Болливуднинг тирик афсонаси саналади.
Бош юлдузлар: Сеҳрли учлик бугун неча ёшда?
Фильмнинг муҳаббат учбурчагини яратган бош қаҳрамонлар бугун ҳам Болливуднинг энг нуфузли ва юқори поғонадаги юлдузлари бўлиб қолмоқда:
Рани Мукержи (Тина): Нафис ва латофатли Тина образи билан миллионлар қалбини забт этган машҳур актриса бугун 48 ёшда бўлиб, ҳамон ўзининг бетакрор жозибасини сақлаб қолган;
Кажол (катта Анжали): Фильмда аввал ўғил боладек шўх, кейин эса нафис сари кийган гўзал аёлга айланган бош қаҳрамон Кажол ҳозирда 52 ёшда ва кино оламидаги фаоллигини сусайтирмаган;
Шаҳруҳхон (Раҳул): Болливуднинг тенгсиз қироли, муҳаббат рамзи бўлган Раҳул ролини ижро этган Шаҳруҳхон бугун 61 ёшда! У ҳамон жаҳон кинематографиясида рекордларни янгилаб, ёшларга хос шижоат ва экстравагант услубда порлаб келмоқда.
Вақт ўтиши билан экран қаҳрамонлари ҳам, уларни томоша қилиб улғайган мухлислар ҳам улғайди, бироқ «Ҳаётда нимадир бўлади» фильми улашган беғубор ҳис-туйғулар кино ихлосмандлари юрагида ҳамон ўша-ўша қадрли ва эъзоздадир.































Изоҳлар 0
…