18:16 / 23.08.2018
5 308

Хайрулло Ҳамидов шеъри: Ҳайит

Хайрулло Ҳамидов шеъри: Ҳайит
Жакарта ерида ўқидим ҳайит,
Бирдан ёришиблар кетди-ку зулмат.
Атрофга термулиб қарадим, на юрт,
На элат бор эди... Ҳамма бир миллат.

Кўрдим ва англадим -- бори одам тенг:
Бир ёнимда малай, бир ёнимда ҳинд.
Тушуна олмадим шундан кейин мен,
Не учун мўминлар юрган йўли тунд?!

Тушуна олмадим, қай маҳал ўзи
Йироқлашиб кетдик асрий нидодан,
Фақат ҳайитдами тан олмагимиз
Тарқаганимизни Одам Атодан?!

Тушуна олмадим, қай бир эҳтирос,
Қачон баҳонага ўтмакда йўқ важ,
Нега бошқачамиз тугагач намоз,
Нега ўзгарамиз масжиддан чиққач?!

Нега, нега, деган саволлар билан
Осмонни тўлдирдим аламларимга
Бирдан қайтиб қолдим ҳаёти билан
Намози бир бўлган гул дамларимга

Ва оташни кўрдим юракда ёнган,
Тулпорлар уюри. Ухровий нажот.
Етиб келганимни хаёлан тонгга,
Навоий илкида уйғонди ижод.

Бирдан кўриб қолдим бирдамлик отлиқ
Кемага тикилган елканларини,
Мўминларнинг ўзи англаб қолдилар
Нечоғлик катта куч эканларини.

Кўҳна орзулардан сўйлади ровий,
Тотдим эзгуликнинг ноёб исини.
Сен ҳам бир онамсан энди ухровий,
Жакарта тупроғи, ҳидладим сени.

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Хайрулло Ҳамидов шеъри: Ҳайит