Аудиокассета афсоналари: 90-йиллар эстрадаси нега кучли эди?

  • 12 январь 2020, 23:10
  • 2 074
  • Маданият
  • Аудиокассета афсоналари: 90-йиллар эстрадаси нега кучли эди?
    Фото: «Afisha.uz»
    90-йиллар. Кўпчилик бу даврни эстрадамизнинг энг гуллаган, сермаҳсул даври деб билади.

    Эсимда, ўша пайтлар қўшиқлар аудиокассеталарда чиқарилар, премьераси ҳам промоси ҳам «звукозапислар»да бўларди. Ростакам ихлосмандлар эса севимли қўшиғини аудиокассеталар сотувчиси ёнида ўтириб тинглар, яхши кассеталар эса баъзан буюртма орқали базўр топиларди.

    95-96 йиллар... Бу йилларда, шубҳасиз, танаффусдан кейин қайта ижодини бошлаган «Болалар» гуруҳининг аудиокассеталари ҳаммани ром этган эди. Айниқса «Ёшлигимда», «Асрагин мени», «Ёғсин ёмғир тонггача» каби қўшиқларига барча ёшлар «касал» бўлганди.

    90-йиллар бошларида «Болалар» болаларча эркалик билан куйлаган қўшиқлар энди анча жиддий, романтик ва замонавий руҳ олганди. Ёшлар ўртасидаги тадбирлар, байрам ва рақс кечалари «Асрагин мени» қўшиғи билан авжига чиқиб, «Ёшлигим»да орқали жуфтли рақслар билан тугарди. Бетакрор қўшиқлар эди, ўшанда европача услубда ва ҳақиқий рок-қўшиқлардан баҳраманд эдик. «Болалар»нинг аудиокассеталари шу даражада қадрли эдики, йигитлар ёқтирган қизининг эътиборига тушиш учун ўша кассетани унга берса бас, бу бетакрор совға бўлар, ҳечам рад этилмасди.

    Аудиокассеталар ва улардаги қўшиқлар шу даражада қалбимизни эгалагандики, кимнинг машинасида, қайси даврада, қайси тадбирда «Болалар»нинг қўшиғи жарангласа ўшалар энг «ҳурматли»лар эди. «Унутганим йўқ», «Сен кетган кундан» қўшиқлари орқали, ёшлар рок йўналишининг жозибасини туйган эди.

    Ўша йилларда ўзбек эстрадасига яна бир йўналиш кириб келдики, бу ёшларимиз учун чинакам янгилик эди. «Ал-Вакил». Бу гуруҳ яратган қўшиқлар умуман янги йўналишда бўлиб, унда рэп йўналиши бошқа йўналишлар билан уйғунликда ўзгача кўриниш касб этганди. Ўшанда гуруҳнинг «Шоҳсарой», «Бўм-бўш кўчалар», «Ажойиб тун», «Йиғламагин», «Дам-дам» қўшиқлари ростакам шлягерлар бўлганди.

    Миллий эстрадада эса ўша йиллар Муҳриддин Ҳолиқовнинг «Наргиз», Озодбек Назарбековнинг илк «Кел эй ёрим» қўшиғи, Умаржон Маҳкамбоевнинг «Ой нурлари сим-сим», Илҳом Фармоновнинг «Сенмидинг», «Оқшом» гуруҳининг «Эй сабо», Ҳусниддин Ҳолиқовнинг «Излагин», «Байрам» гуруҳининг «Жамилам» каби қўшиқлари ҳақиқий модада эди.

    Ўша қўшиқлар, аксарият хонадонларда бўладиган «Романтика» магнитофонлари орқали чинакам романтик онларни ҳадя этган эди.

    Нега ўша қўшиқлар шу қадар севимли бўлган? Ҳозир ҳам маза қилиб тинглаймиз. Бу аввало, ўша давр ижодкорларининг профессионаллиги билан боғлиқ, ҳозиргидек пули бор ҳар нимани айтаверадиган замон эмасди. Шоу-бизнесга айланмаган қўшиқлар матни шоирлар китобларидан олиниб, куйга солинар, аранжировкаси ҳам соддароқ бўлар, ўша «жайдарилик» қўшиқларга ўзгача жозибадорлик бахш этарди.

    Агарда қўшиқ яхши бўлмаса, аудиокассетасини ҳеч ким олмас, звукозаписдаёқ умри тугар, ҳозиргидек, ҳар жойда, ҳар онда мажбуран қулоққа сингдирилмасди. Энг асосийси ўша пайтлари ҳақиқий қўшиқ тинглардик, клиплар соясидаги саёз тинғир-тинғирлар йўқ эди. Энди-чи? Ўнлаб FM-радиоларда қўшиқлар, ТВ-каналларда, интернет сайтларида минглаб видеоклиплар айланиб ётибди. Клипларда эффектли тасвир, хориж манзаралари, калта кийган қиз, башанг кийинган ашулачи, аралаш сюжетлар биринчи планда, қўшиқ эса иккинчи...

    Фикримча, қўшиқ фақат қўшиқ бўлиб яратилиши ва яшаши керак. У дастлаб тингловчи тасаввурида воқелик касб этиб, унинг хаёлида «клип»га айланиши лозим. Ана шундагина у, худди бир пайтлар аудиокассеталардаги каби, қалбга яқин ва қадрли бўлиб қолаверади.

    Шуҳрат Нормуродов

    » » Аудиокассета афсоналари: 90-йиллар эстрадаси нега кучли эди?