17:15 / 23.02.2022
3 480

Фарзандидан бевақт жудо бўлган ўзбекистонлик санъаткорлар

Фарзандидан бевақт жудо бўлган ўзбекистонлик санъаткорлар
Фарзанд инсонга Аллоҳ томонидан бериладиган энг буюк неъматлардан бири. Албатта, ҳар бир ота-она жигаргўшасининг бахт-у камолини кўришни орзу қилади. Бироқ ҳаёт йўллари ҳар доим ҳам биз ўйлагандек силлиқ кечмайди. Баъзан тақдир инсон бошига турли синовларни ёғдиради, гоҳида жондан азиз дилбандидан жудо қилади. Дунёда фарзанд доғини кўришдан-да, оғирроқ мусибат йўқ. Санъат вакиллари орасида ҳам фарзандидан эрта айрилганлар бисёр. Қуйида уларнинг айримлари ҳақида маълумот бериб ўтамиз.

Марям Ихтиёрова буйрак етишмовчилиги сабаб ўғлидан айрилди

Фото: YouTube
Ўзбекистон халқ артисти Марям Ихтиёрова 1963 йилда таниқли актёр Бахтиёр Ихтиёров билан оила қурган. Улар 35 йиллик турмуши давомида икки ўғил ва қиз фарзанднинг ота-онаси бўлган. Марҳум Бахтиёр Ихтиёров интервьюларининг бирида эр-хотин муносабатларининг дарз кетишига кенжа ўғли Элёржоннинг ўлими сабаб бўлганини айтганди.

Марям Ихтиёрова ўғлининг вафотидан сўнг инфарктга учраган ва бир неча ой касалхонада даволанган. Актриса бу тушкун вазиятдан уни санъат олиб чиққани ва съёмкалар сабаб оз бўлса-да, дардини унутганини таъкидлаб ўтади.

Ҳаётимдаги энг катта фожиа кенжа ўғлим Элёржоннинг эрта оламдан ўтиши бўлган. У суянган тоғим, ишончим эди. Аслида ўғлим болалигидан туғма буйрак етишмовчилиги билан оғрирди. Бўйлари баланд, вазни 95 килограмм бўлган ўғлим, соғайиб кетишига ишонардим. Афсуски, Элёржон 33 ёшида оламдан ўтди.

Узоқ йиллик турмуш ўртоғим Бахтиёр Ихтиёров билан ажрашганимда ҳам тушкунликка тушганман. Аммо ўғлимнинг ўлими ҳаётимдаги барча йўқотишлардан ҳам оғирроқ келди
, — дея хотирлайди Марям Ихтиёрова.

Ғуломжон Ёқубов бир кунда икки ўғлини йўқотган

Фото: «Даракчи»
Ўзбекистон халқ артисти Ғуломжон Ёқубов 1998 йили ҳаётидаги энг оғир кунларни бошдан ўтказган. У бир кунда икки ўғил фарзандидан айрилган.

Бу воқеадан кейин мен камида ароқхўр бўлиб кетишим керак эди. Чунки жигаргўшасидан айрилиш осон эмас. Энг ёмони бир кунда икки фарзандимдан айрилганман. У йиллари Назарбекдаги ҳовлида яшардик. Катта ўғлим АҚШга кетганди. Кейингиси эса 22 ёшга тўлиб, онаси тўй ҳаракатига тушиб қолган кезлар эди. Ўша куни ҳам онаси совчиликка кетганди. Маҳалладаги ҳамшира қиз осма уколни нотўғри қилгани сабабли аҳволи ёмонлашган. Шунда кенжа ўғлим акасини ТоШМИга олиб бориш учун машина рулига ўтирган. Аслида у машина ҳайдашни яхши билмасди. Машина жарга ағанаб, икки соат ичида икки фарзандимдан айрилганман. Вафот этган катта ўғлим Тошкент давлат юридик институтида ўқирди. Кенжа ўғлим эса Тошкент давлат техника университетининг тайёрлов курсига қатнарди. Афсуски, уларнинг бахт-у камолини кўриш насиб этмади, — дейди Ғуломжон Ёқубов.

Хонанда 1999 йил фарзандлари хотирасига бағишлаб қўшиқ ҳам ижро этган.

Тўти Юсупова ҳам икки жигаргўшасини тупроққа қўйган

Фото: Instagram / @milliyteatr
Ўзбекистон халқ артисти Тўти Юсупова ҳам кетма-кет фарзанд жудолигини кўрган. Уч фарзанднинг онаси бўлган актриса кетма-кет икки ўғлидан айрилган.

Ҳаёт гўё режиссёр томонидан саҳналаштирилган спектаклга ўхшайди. Ҳаётимда жуда кўп айрилиқларни кўрдим. Аммо энг оғири ёш фарзандни йўқотиш экан. Катта ўғлим 42 ёшда оламдан ўтди. У Тошкент давлат техника университетини тамомлаган бўлса-да, тадбиркорлик билан шуғулланарди. Ўғлим дўстлари билан Покистонга саёҳатга боргандан кейин жиддий хасталикка чалинди. Бунга уй шароитида тайёрланган шарбатдан истеъмол қилгани сабаб бўлган. Ўғлим шўрлик уни кўчадан сотиб олган экан, шарбат сабаб ичак инфекциясини юқтириб олганини айтишди.

Аввалига қорни оғриб юрган, ундан кейин ичаклари чирий бошлаган. Бир йил ичида ўғлимнинг аҳволи кундан-кунга ёмонлашиб, вафот этди. Кўзимдаги ёш ерга тушмасдан акасига эргашиб, кенжа ўғлим ҳам ўпка касаллигидан вафот этди. У эндигина 38 ёшни қаршилаганди. Бу ҳам бир синов экан, деб чидашга ҳаракат қилдим, аммо, кенжа келинимнинг оғир хасталикка учрагани кучли зарба бўлди. Чунки ўғилларим вафот этганида набираларимга қарайдиган келинларим бор, деб ўзимни овутгандим. Афсуски, кенжа келинимнинг вафотидан сўнг набираларим чин етим бўлиб қолишди
, — деган эди Тўти Юсупова интервьюлардан бирида.

Маҳмуд Намозов 12 ёшли ўғлидан айрилган

Фото: Instagram
Бу воқеа Тошкентга энди келганимда юз берган. Сурхонда ўзига яраша обрў-эътиборга эга эдим. Тошкентга келиб, катта қозонда ҳам қайнаб кўрайлик деб, шу ерга келганмиз ва жарга қулаб кетганмиз. Ҳеч ким бизга ёрдам бера олмаган. Олдин бизга ёрдам берамиз, деган одамлар секин ўзларидан четлаштирган. Икки ўғлим Успенский номидаги мусиқа мактаб-интернатида ўқирди. Олти кун ўқиш, бир кун уйга дам олишга келарди. Катта ўғлим 14, иккинчим 12 ёш. Каттам барабанда, иккинчим виолончелда ўқийди. Қишки таътилда уйга келганида кичкинам фақат ётиб ухлайди. Биз унинг нега бунча кўп ухлашини тушуна олмаймиз. Кейин билсак, у гепатитнинг оғир формасига чалинган экан. Билмай қолибмиз. У ёқ, бу ёққа кўрсатгунимизча, 5-10 кун ичида бола кўз ўнгимизда ўлиб қолди.

Ҳеч нарса қила олмай қолдик. Энди у пайтдаги дод-войни кўрсангиз эди, аҳволимиз жуда абгор эди. Пулим, имкониятим бор, лекин ҳеч нарса ёрдам бера олмади. Ўша пайтда президентга қарайдиган шифокор ҳам келиб кўриб, кеч қолганимизни айтди. Сариқ касалнинг оғир формасига учраган экан, боламиз қўлимизда жон берди. Сурхондарёга қўйиб келишимиз керак. Шунақа қалин қор ёғган, тизза бўйи келади. Уч машинага бўлиниб, йўлга чиқдик. Йўллар яхмалак, юриб бўлмайди. Соатига 20-30 километр тезликда юряпмиз. Ҳайдовчилар чарчаб, ҳолдан тойиб қолди.

Ўғлим менинг машинамда. Ҳайдовчилар чой ичишга тушиб кетди. Тасаввур қилинг, машинада ўтирибсиз, туширилган олд ўриндиқда болангизнинг танаси ётибди. Шу пайтда Тошкентга бориб, нима топдим, деган ўйлар ўтган хаёлимдан. Шунинг учун келдимми, деганман
, — дея ҳикоя қилади Маҳмуд Намозов.

Хонанданинг айтишича, фарзандининг ўлимидан сўнг у қаттиқ тушкунликка тушиб қолган.

«Тошкентга қайтиб, ўғлимнинг еттисини бердик. Ўша пайтда ҳаёт тўхтаб қолгандек бўлди. Икки-уч кун уйда фақат ётганман. Аёлим ўшанда туғруқхонада ишларди. У ишга чиқиб кетди. Бир куни у ишдан келди-да, қачонгача ётасиз, бўлди энди, қолганларига умр берсин, деди. Аслида, у мендан кўпроқ куйиши керак, лекин у менга далда бўлган. Бу воқеани эслашни ҳам хоҳламайман. Ҳозир эслаётганим — бошингиздан ўтказганингизни кимгадир айтсангиз, унга фойдаси тегиши мумкин. Кимдир отасини йўқотади, кимдир пулини, кимнингдир уйи ёниб кетади, ҳаётда йўқотишлар бўлади, лекин бу дегани ҳаёт тугади, дегани эмас, Аллоҳнинг ишига ҳеч қачон шак келтириш керак эмас. Ҳаёт синовларидан муносиб ўтсакгина, уларнинг орқасидан бизга мукофот берилади», — дейди хонанда.

Раъно Ярашеванинг қизи тўрт ёшида вафот этган

Фото: YouTube
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Ярашеванинг уч фарзанднинг онаси бўлган. Мадина Мумтознинг Дилфуза исмли опаси у туғилмасидан аввал тўрт ёшида касаллик сабаб вафот этган. Таниқли актриса интервьюларидан бирида муваффақиятсиз биринчи турмуши ҳамда тўрт ёшли қизи эрининг қасами туфайли вафот этгани ҳақида изтироб билан сўзлаб берган эди.

Дўстлар билан бир даврада ўтирганимизда шеърлар ўқишим турмуш ўртоғимга ёқмас эди. Ўша даврадан чиқиб токи уйга келгунимизча нимага ўзингни кўрсатасан, деб мен билан жанжаллашиб келарди. Бу одатидан сўнг кейинги ўтиришларга бормайман, десам, сен мен билан бирга юришга ор қиляпсанми, дерди. Аллоҳ бизга қиз берди, ўғил берди, аммо тортишувларимиз тугамади. Мен ўйлаган эркинлик, орзулар бўлмади, турмуш дегани ҳам жуда машаққатли ҳаёт экан.

Бир куни ўша одам ичиб келиб, қаттиқ жисм билан бошимга урган. Уйдан дадамникига чиқиб кетганман. Буни дадам кўриб, нима бўлди, дедилар. Дадамга осонликча кўп нарсани айтмас эдим, чунки жаҳлдор эди. Бўлган воқеани айтганимда, сени ҳам бирор айбинг бордирки, шундай ургандир, дедилар. Ўз-ўзидан шундай жанжал бўлганини айтганимдан сўнг акам, онам, дадам машинага ўтириб, эримнинг уйига келганмиз.

Бир жанжаллашганимизда эрим агар оилам билан асоссиз жанжаллашсам, заррача кўнглини оғритсам, боламнинг ўлигининг устида турай, деб қасам ичганди. Ўшандан сўнг тўрт ёшлик қизалоғимиз ўлиб қолди. Ёш оилалар ҳар қандай вазиятда ҳам болаларини ўртага қўйиб қасам ичишлари керак эмас. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бу нарсага жиддий эътибор бериш керак.

Хуллас, дадам билан эримнинг ҳовлисига бордик. Дадам эримга нимага қизимни урдинг, дедилар. Улар жим турдилар. Қизим ўғрилик қилдими, бузуқлик қилдими, уйингдан бирор нарсани сендан сўрамасдан сотиб юбордими, нима қилди?, — дедилар. Энди оилада бўлади-ку, урдим-да, деб жавоб берганларида дадам у одамга мушт тушириб юборди. Шу воқеадан сўнг биз бутунлай ажрашиб кетдик
, — дейди Раъно Ярашева.

Фарангиз Режаметова ҳаёт бўлганида 29 ёшни қаршиларди

Фото: Instagram / @rejametovaf
2018 йил актриса Фотима Режаметова учун оғир келди. У якка-ю, ягона қизи Фарангиз Режаметовадан айрилди. Ёдингизда бўлса, Фарангиз 20 июль куни йўл транспорт ҳодисаси сабаб вафот этганди.

Бу ҳақида гапириш мен учун оғир. Ҳеч бир инсон фарзандим деб бўзламасин экан. Қизим фаришта мисол эди. У ҳамиша қалбимда яшайди. Қизим баҳорни яхши кўрарди. Чунки унинг сурати ва сийрати ҳам баҳордек нафис эди. Тақдир менга шундай қизни инъом этганидан ҳамиша миннатдорман, — дейди Фотима Режаметова.

Фарангиз Режаметова ҳаёт бўлганида бу йил 29 баҳорни қаршилаган бўларди. Фотима Режаметова 2020 йилнинг 6 апрелида Фарангизнинг туғилган куни муносабати билан унга атаб қўшиқ куйлаган эди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Фарзандидан бевақт жудо бўлган ўзбекистонлик санъаткорлар