Дилсўз кутилмаган сирни очди:«Бегим» қўшиғининг муаллифи ким?

Хонанда Дилсўз интервьюларидан бирида мухлислар орасида машҳур бўлган «Бегим» қўшиғининг яратилиш тарихи ҳақида гапирди.
Унга «'Бегим' қўшиғингизнинг шеърини ким ёзган?» дея савол берилди. Дилсўз тарона Ўзбекистон халқ артисти Раъно Ярашева қаламига мансублигини маълум қилди. Очиқ манбаларда ҳам қўшиқ муаллифи сифатида Раъно Ярашева кўрсатилган.
Хонанданинг айтишича, шеър Раъно Ярашеванинг ёшлик йилларида ёзилган бўлиб, у турмуш ўртоғига бағишланган. Дилсўзнинг сўзларига кўра, шеър у қўшиқ сифатида ижро этилганидан анча йил олдин ёзилган.

Қизиғи, Дилсўз таронани илк бор эшитганида уни ижро этишга унчалик иштиёқ билдирмаган.
«Мен ҳали турмушга чиқмаган пайтим эдим. “Бу қўшиқ менга ёқмади, мен буни куйлай олмайман. Буни турмушга чиққан, дарди бор аёл айтиши керак”, деганман. Чунки унинг дардини тўлиқ етказиб бериш керак эди», — дея хотирлади хонанда.
Бироқ кейинчалик «Бегим» таронаси Дилсўз ижросида янграб, айниқса аёллар орасида машҳурликка эришган.
«Лекин Худога шукр, яхши чиқди», — деди Дилсўз.
Ижтимоий тармоқлардаги изоҳларда ҳам кузатувчилар хонанданинг ижросини эътироф этиб, «Бегим» ҳақиқатан ҳам таъсирли ва қалбга яқин қўшиқ эканини таъкидлашган.






























Изоҳлар 0
…