“Сен ақлдан озгансан”. Трамп Нетаняхуни кескин ҳақоратлади

“Сен ақлдан озгансан”. Трамп Нетаняхуни кескин ҳақоратлади
Аудио версияси

АҚШ президенти Дональд Трамп Ливан ҳудудига берилган зарбалар сабаб Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяхуни телефон орқали қўпол сўзлар билан танқид қилгани маълум бўлди. Бу ҳақда Axios манбаларга таяниб хабар берди.

Манбаларнинг айтишича, суҳбат давомида Трамп Исроил ҳукумати раҳбарини “ақлдан озган” деб атаган. Шунингдек, у коррупция иши бўйича Нетаньяхуни қамалишдан қутқаришга ёрдам берганини эслатиб ўтган. Унинг таъкидлашича, Ливанга қилинган зарбалар оқибатида Нетаньяху халқаро майдонда тобора кўпроқ танқидга учраётгани ва бу Исроилнинг янада каттароқ ташқи яккаланишга сабаб бўлиши мумкин.

“Сен ақлдан озгансан. Мен бўлмаганимда қамоқда ўтирардинг, сени қутқарганман. Ҳозир ҳамма сени ёмон кўради. Қилган ишларинг туфайли Исроилга нисбатан нафрат кучаймоқда”, деган Трамп суҳбатда.

Шу билан бирга, Трамп Ливанда тинч аҳоли орасида қурбонлар кўпайгани ва “Ҳизбуллоҳ” қўмондонларига қарши операциялар доирасида турар жой бинолари вайрон қилинаётганидан хавотир билдирган.

1 июнь куни Нетаньяху Эрон қўллаб-қувватлайдиган “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи билан зиддият кучайганини сабаб қилиб, Байрутнинг жанубий ҳудудларига зарба беришга буйруқ берган эди. Бундан бир кун олдин эса “Ҳизбуллоҳ”нинг Исроил шимолига қилган ҳужумларидан сўнг Ливанда қуруқликдаги операциялар кенгайтирилган.

АҚШ маъмуриятига яқин манбалар Axios’га маълум қилишича, телефон суҳбати чоғида Трамп Ливандаги тинч аҳоли қурбонлари кўпайгани ва “Ҳизбуллоҳ” қўмондонларини йўқ қилиш жараёнида турар жойлар бузилаётганидан қаттиқ хавотир билдирган.

Суҳбатдан сўнг Трамп Исроил ва Ливан “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилганини айтди. У Нетаньяху билан “жуда самарали суҳбат” ўтказганини таъкидлади. Шундан кейин Байрутга қўшин киритилмаслиги, йўлда бўлган ҳарбий бўлинмалар ортга қайтарилгани маълум қилинди. Шунингдек, Трамп юқори мартабали вакиллар орқали “Ҳизбуллоҳ” билан ҳам музокаралар ўтказилгани, натижада ўт очиш тўлиқ тўхтатилишига келишилганини билдирди.

“Исроил уларга ҳужум қилмайди, улар ҳам Исроилга ҳужум қилмайди”, деди Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Aziza Shukhratova
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар