Англияда ота ва қиз тиббиёт олийгоҳини бирга тамомлади

Англиянинг Таунтон шаҳрида яшовчи Саймон Рейнолдс ва унинг қизи Эмили Франклин тиббиёт соҳасидаги олий таълимни бир вақтнинг ўзида муваффақиятли якунлади. Улар Сомерсет кўп тармоқли университет марказини биргаликда битириб, бу билан кўпчиликнинг эътиборини тортди. Бу ҳақда “Lifehacker” нашри хабар берди.
Ҳозирда Саймон Рейнолдс ва Эмили Франклин Сомерсет NHS Foundation Trust жамғармасида тиббий хизматнинг турли йўналишларида меҳнат қилмоқда.
31 ёшли Эмили Франклиннинг айтишича, отаси билан бирга таҳсил олиш у учун унутилмас ва ноёб тажриба бўлган. Унинг таъкидлашича, биргаликда ўқиш дарслар, иш фаолияти ва шахсий ҳаёт ўртасидаги мувозанатни сақлашда бир-бирларини яхшироқ англаш имконини берган.
“Отам билан муносабатларимиз ҳар доим яхши бўлган. Лекин ўқиш жараёнида иш, оила ва таълимни бир вақтда олиб бориш қанчалик қийинлигини тушунадиган инсоннинг ёнингизда бўлиши инсонга алоҳида куч бағишлар экан”, дейди Эмили Франклин.
Саймон Рейнолдс эса узоқ йиллик танаффусдан кейин талабалик ҳаётига қайтиш осон бўлмаганини тан олди. У қарийб 20 йилдан буён соғлиқни сақлаш тизимида фаолият юритиб келаётган бўлса-да, дастлаб талабаликни бошлашдан хавотирланганини айтди.
Унинг сўзларига кўра, бир неча марта ўқишни ташлаб кетиш ҳақида ўйлаган. Бироқ қизи ва курсдошларининг қўллаб-қувватлаши туфайли таҳсилни давом эттиришга қарор қилган.
“Бир неча марта ўқишни ташлаш ҳақида ўйладим. Аммо Эмили ва гуруҳдошларим мени руҳлантириб турди. Қизимнинг ёнимда бўлиши мен учун катта ёрдам бўлди. Икки нафар фарзандни тарбия қилиш билан бирга Эмилининг эришган натижалари ҳақиқатан ҳам таҳсинга лойиқ”, деди Саймон Рейнолдс.
Эмили Франклин эса отасининг барча қийинчилик ва хавотирларни енгиб ўтганидан мамнун эканини билдириб, бу воқеа инсон учун янги билим ва кўникмаларни ўзлаштиришни бошлашга ҳеч қачон кеч эмаслигини кўрсатишини таъкидлади.
Психиатрик ёрдам бўлими раҳбари Жез Иглнинг фикрича, ота ва қизнинг таълим жараёнида бир-бирини қўллаб-қувватлаши бутун жамоа учун илҳомлантирувчи ва ижобий намуна бўлган.





























Изоҳлар 0
…