180 метр баландликдаги синов дорбозни титратди

180 метр баландликдаги синов дорбозни титратди

Эстониялик машҳур дорбоз Яан Руз Польшадаги энг баланд икки бино орасига тортилган арқон бўйлаб муваффақиятли юриб ўтди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Спортчи Варшава шаҳридаги 310 метрли Варсо минораси ҳамда 237 метр баландликдаги Маданият ва фан саройи ўртасида тортилган арқондан ҳаракатланган. У ердан тахминан 180 метр баландликда жойлашган арқон бўйлаб қарийб 500 метр масофани босиб ўтган.

Яан Руз чиқишдан кейин ташқи томондан хотиржам кўринган бўлса-да, бу синов анча оғир кечганини тан олди.

“Мен ҳали ҳам қалтираяпман. Бу мутлақо осон эмасди. Бундай синов инсондан ўз имкониятларини чуқур англашни ва чегараларни кенгайтиришни талаб қилади”, деди у.

Дорбознинг айтишича, йўл давомида уч марта мураккаб вазият юзага келган. Айниқса, масофанинг иккинчи қисмида кучли шамол уни жиддий қийин аҳволга солган. Шу сабабли у бир неча бор тўхтаб, куч тўплашга мажбур бўлган.

Маълумот учун, Яан Руз экстремал чиқишлари билан кенг танилган. У 2024 йилда Босфор бўғози устидан тортилган қарийб 1,1 километрли арқондан ўтиб, Осиёдан Европага шу усулда ўтган биринчи инсон сифатида тарихга кирган эди. Уч карра жаҳон чемпиони ҳисобланган спортчи арқонда орқага икки марта ўмбалоқ ошишни уддалаган ягона атлет сифатида ҳам эътироф этилади.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Aziza Shukhratova
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар

180 метр баландликдаги синов дорбозни титратди – Zamin.uz, 03.06.2026