Осиё Чемпионлар лигаси-2022 гуруҳ босқичини муваффақиятли ўтказиб, 1/8 финалга йўлланма олган «Насаф» 10 ойлик танаффусдан сўнг ўтган плей-оффда «Аш-Шабоб»га мағлуб бўлиб, турнирни тарк этди. Ўйиндан кейин бош мураббий Рўзиқул Бердиев жамоасининг рақибга қаршилик кўрсатишга тайёр эмаслигини тан олди. Tribuna.uz Қатардаги ўйинни таҳлил этиб, мағлубият сабабларини излади.
1. Тайёргарлик ва жамоани кучайтирмаган селекция
Нимчоракфиналнинг 10 ойга сурилиши ўзбек клубларидан кўра араб жамоалари учун фойдалироқ бўлди. Сабаби Суперлигада янги мавсум ҳали бошланмади ва Рўзиқул Бердиев шогирдлари 2 ой давомида расмий ўйинда майдонга тушмай, асосан Туркиядаги назорат ўйинлари орқали «Аш-Шабоб»га қарши тайёргарлик кўришди. Қитъанинг энг нуфузли мусобақасининг 1/8 финалига эса расмий ўйинларсиз пухта тайёргарлик кўриш қийин. Ҳар ҳолда бу саралаш босқичидаги нисбатан кучсиз рақиб эмас, ОЧЛда энг яхши натижани қайд этиб турган клуб эди.
Қаршиликлар мавсум олди селекция жараёнини ҳам яхши олиб боришди, деб бўлмайди. Жамоанинг ОЧЛ гуруҳ босқичидаги муваффақиятига муносиб ҳисса қўшган Дилшод Саитов, Шароф Муҳитдинов ва Иван Соловьев клубни тарк этди. Улар ўрнига эса таркибни сезиларли кучайтира оладиган ўйинчилар таклиф этилмади. Айтайлик, «Пахтакор»га ўтган ҳимоячи Дилшод Саитов ўрнига «Динамо» билан Про лигага тушиб кетган Жўрабек Маннонов ижарадан қайтарилди, Шароф Муҳитдинов ва Иван Соловьев ўрнига ҳам 2022 йилда Суперлигадаги ўрнини сақлай олмаган жамоалар «Қўқон-1912»дан Жавоҳир Сиддиқов чақирилди, «Динамо»дан Шоҳмалик Комилов қайтарилди. Душанбенинг «Истиқлол» клубидан таклиф этилган тожикистонлик Муҳаммаджон Раҳимов эса ҳали асосий таркиб ўйинчисига айланмаган.
Умуман олганда ҳам, «Насаф» янги мавсум олдидан трансферлар борасида Ўзбекистон чемпионлигига даъвогар «Пахтакор» ва «Навбаҳор»дан ортда қолмоқда. Тошкент ва Наманган клублари янги ўйинчилар учун катта маблағ ажратишди, Рўзиқул Бердиев эса ҳозирча «кўрпага қараб оёқ узатишга» мажбур. Жамоани асосий голеадор Ҳусайн Норчаев ҳам тарк этаётганини инобатга олсак, ҳозирги таркиб билан клубнинг чемпионлик амбициялари сўроқ остида қолади.
2. Таркиб ва классдаги устунлик
«Ал-Жануб» ўйингоҳида ўтган баҳсда кўринган яна бир жиҳат бу – жамоалар савияси ўртасидаги фарқ эди. Класс бўйича «Аш-Шабоб» «Насаф»дан устунлигини кўрсатди. Қайд этиш жоиз, Ар-Риёд жамоаси таркиб борасида Осиё Чемпионлар лигасининг энг қимматбаҳо клуби бўлиб турибди. Transfermarkt портали «Аш-Шабоб» ўйинчиларини 39,8 миллион еврога баҳолаган – бу 1/8 финалдаги энг қиммат таркиб, демакдир. «Насаф»нинг таркиби баҳоси эса 9,3 млн еврони ташкил этади ва бу – рақибидан 4 баравар арзон.
Таққослашингиз учун, Қарши жамоасининг энг қиммат ўйинчилари баҳоси миллион еврога етмайди, Ар-Риёд клубиники эса миллионларни ташкил этади.
«Насаф»нинг энг қимматбаҳо 5 футболчиси:
1. Ҳусайн Норчаев – 900 минг евро
2. Ҳусниддин Алиқулов – 850 минг евро
3. Ойбек Бозоров – 750 минг евро
4. Абдувоҳид Неъматов – 650 минг евро
5. Акмал Мозговой – 650 минг евро.
«Аш-Шабоб»нинг энг қимматбаҳо 5 футболчиси:
1. Аарон Бупендза (Габон, ҳужумчи) – 8 млн евро
2. Гжегож Криховяк (Польша, яримҳимоячи) – 6 млн евро
3. Карлос Жуниор (Бразилия, вингер) – 6 млн евро
4. Санти Мина (Испания, ҳужумчи) – 4 млн евро
5. Эвер Банега (Аргентина, яримҳимоячи) – 2 млн евро.
3. Майдон марказининг бой берилиши
Рўзиқул Бердиев араб клубига қарши ҳимоя чизиғида 3 ҳимоячи ва ҳужумларни қўллаб-қувватлайдиган 2 фулбек билан ўйнади. Майдон марказида эса Акмал Мозговой ва аслида марказий ҳимоячи бўлган Умар Эшмуродов ҳаракат қилди. Ойбек Бозоров, Жавоҳир Сиддиқов ва Ҳусайн Норчаев эса ҳужумкор чизиқни ташкил этди. Чизиқлар орасида Мозговой – Эшмуродов тандеми рақибнинг Қаҳтони – Банега жуфтлигига мағлуб бўлди ва айнан майдон марказининг бой берилиши Саудия Арабистони жамоасига якунда ғалаба келтирди.
Биринчи гол киритилган 11-дақиқадаги вазиятга эътибор қилсак, тўп Қаҳтонига етказилаётганда таянч зонага жавобгар Эшмуродов – Мозговой тандеми ўз позициясини бой бериб бўлган эди. Қаҳтони эса улар орасидан етказилган тўпни жарима майдонигача етаклаб, ҳимоячилар қарши чиққач, зарба йўллаб ҳисобни очди.
54-дақиқада Банеганинг ҳисобдаги фарқни иккитага етказган вазиятида ҳам аргентиналик яримҳимоячини қарши олиб, зарбага блок қўйиши керак бўлган Мозговой ва Эшмуродов жарима майдони ичида қолиб кетди.
Умар ўз вақтида «Шўртан» таркибида ҳам таянч яримҳимоячиси сифатида тўп сургани ёдимизда, аммо сардор сифатида жамоасига ёрдам бериш учун ҳар нарсага тайёр бўлган Эшмуродов шу куни Бердиев кўрсатмаларини бажара олмади. Рўзиқул Саъдуллаевични ҳам тушунса бўлади, у марказий ҳимоячини таянч яримҳимоясида ўйнатишни орзу қилмагани аниқ, аммо бу ноиложлик якунда жамоа учун қимматга тушди. Тўғри, мураббий рақибдан кўпроқ югуриш ва тўп билан муомала қилиш ҳамда яратилган яримта вазиятдан ҳам фойдаланиш эвазига ғалабани режа қилгани аниқ, аммо бу уринишлар самарасиз бўлди. Мағлубият мураббийдан ташқари, «Насаф»га яхши савиядаги ўйинчиларни трансфер қилишга масъул бўлган клуб раҳбарияти учун ҳам огоҳлик қўнғироғи бўлиши лозим. «Аждарлар» бу йил чемпионликни мақсад қилган бўлса, таркиб кучайтирилиши шарт.
4. «Куз-баҳор» тизими – араб клублари учун
Осиё футбол конфедерацияси ОЧЛ-2022 плей-офф ўйинларини февраль ойига кўчириб, шу тариқа «куз-баҳор» тизимига ўтди. Бу ўзгариш ҳам ўзбек клублари учун айни муддао эмас. 20 йиллик танаффусдан кейин қитъа футболининг бу тизимга ўтиши энг аввало араб клублари манфаати учун хизмат қилади. Араб мамлакатларида ички чемпионат ўйинлари куз-баҳор тизимида ўтади. Мисол учун, «Насаф» мавсум бошланмагани сабабли ҳали спорт формасига кирмаган бир пайтда, «Аш-Шабоб» айни паллада энг яхши спорт формасига кирган – Саудия Арабистони чемпионати қизғин паллада. Энди бу борада ҳам клубларимиз яна бир қийинчиликка мослашишга мажбур. Чунки ОФК сўнгги йилларда Саудия Арабистони, Қатар ва араб мамлакатларига ҳар жиҳатдан деярли суяниб қолгани ҳеч кимга сир эмас. Наилож, «ким тўласа, ўша мусиқага буюртма беради».
Усмон Ибодов
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи