21 октябрь куни Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳри “UFC 294” турнирига мезбонлик қилади. Марказий жанг эса барчага маълум, енгил вазн тоифаси чемпиони Ислом Махачев ҳамда бразилиялик Чарльз Оливейра ўртасида кечади. Ҳа, бу реванш жанги, аввалгисида Махачев муддатидан аввал ғалаба қозониб, чемпионлик камарини ўзиники қилиб олганди.
Бу сафарги жанг борасида ҳам турли хил фикрлар билдирилмоқда. Биз ҳам ушбу қарама-қаршилик ҳақида қисқача ўз фикрларимиз билан ўртоқлашамиз.
- Чарльз Оливейра 1-жангда яхши тайёргарликка эга бўлмаганлиги ҳақида кўп ва хўп гапирди. Бу сафар барчаси аъло даражада эканлиги ва чемпионлик камарини қайтариб олишини таъкидлаяпти. Аммо, ниманинг эвазига, деган савол туғилади. Тўғриси, мен Оливейранинг Ислом Махачевга қўллайдиган ноодатий “қурол”ини кўрмаяпман. Ҳа, унинг жиу-житсуси, Гэтжига, Порьега, Чендлерга, Дариушга борингки Конор МакГрегорга ҳам ўтиши мумкин. Бироқ, Махачевга эмас. Чарльз Оливейра Ислом Махачев учун ҳар томонлама жуда қулай рақиб...
Бўйни нозик, курашга қарши ҳимояси ҳам у қадар мукаммал эмас. Курашчи, грепплингчи учун бу айни муддао бўлади. Махачев жангни “партер”га кўчириш учун муаммога учрамайди. Биргина хавфли жиҳати “учбурчак” услубига тушиб қолмаслик холос. Бу услубга ҳимояни эса Махачев анчагина ҳадисини олган.
Оливейра ҳам бу сафар рақибни ўрганганлиги аниқ ва шунга яраша тайёргарлик кўрган. У катта эҳтимол билан жангни масофада ушлашга, Махачевнинг “тэйк-даун”ларни амалга оширишга қўймасликка ҳаракат қилади ва ўз ўрнида жангни “стойка”да олиб бориш учун уринади. Жиу-житсуси эса бу “Б”-вариант бўлади. Яъни, Махачев бутун жанг мобайнида уни барибир “партер”га олиб тушади. Айнан ўша ҳолатда у ўзининг кучли жиҳатини ишга солишга ҳаракат қилиб кўради. Ваҳоланки, у жангни “партер”га кўчишини хоҳламайди.
Аммо, “стойка”да ҳам Оливейра устунлик қила олади, деб ўйламайман. Гарчи, Махачевнинг кураши ҳақида кўп гапирилса-да, унинг оёқ-қўллари ҳам яхши ишлайди. У бу борада ҳам анчагина ақлли юриш қила олади.
Хуллас, реванш жанги ҳам аввалгиси каби якунланиш эҳтимоли юқори.. Яъни, яна ўша сценарий остидаги ғалаба. 1-раунд Оливейра уриниб кўради. 2- раундда Махачев яна жангни “партер”га кўчириб, бўғиш услуби билан ғалаба қозонади!
Албатта, бу шахсий фикр! Аслида, барчасини жанг куни билиб оламиз!
Аҳмадбек ЭШМАТОВ тайёрлади
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг